Коинот, юлдузлар ҳамиша инсонларни ўзига қизиқтириб келган. Биз осмонга қараймиз ва осмондаги юлдузлар коинот бўйлаб тарқалиб кетганини кўрамиз. Юлдуз гравитация билан боғланган ёрқин плазма шаридир. Ерга энг яқин юлдуз Қуёшдир, у Ердаги энергиянинг асосий манбаи ҳисобланади. Бошқа юлдузларни кузатганимизда, Ер сиртидан қўзғалмас ёруғ нуқталардек бўлиб кўринади. Юлдуз ядросидаги водород термоядровий реакция энергияси нурланиши ҳисобига чарақлайди. Гелийдан оғир деярли барча табиий кимёвий унсурлар юлдузлар нурланиши ёки портлашидаги нуклеосинтез туфайли юзага келган. Астрономлар юлдуз массаси, ёши, кимёвий таркиби ва бошқа хоссаларини унинг спектри, ёрқинлиги ва фазодаги ҳаракатини кузатиб аниқлай олишади.
Бир қараганимизда юлдузлар сон саноқсиз ва бир хилдек кўринади. Бироқ, биз галлактикамизда 200 миллиардга яқин юлдузлар бор, деб таҳмин қилинади. Юлдузлар ҳам маълум турларга бўлинади. Мен ўзгарувчан юлдузларни тадқиқ этишга қизиққанлигим туфайли, шу соҳада илмий изланишлар олиб бормоқдаман.
Ўзгарувчан юлдузлар - вақт ўтган сари равшанлигини даврий ўзгартирадиган юлдузлардир. Равшанликлари ўзгаришига кўра, тутилувчи ва физик турларга бўлинади. Тутилувчи ўзгарувчан юлдузлар умумий оғирлик маркази атрофида айланувчи икки юлдуздан иборат тизим бўлиб, уларнинг орбита текисликлари кузатиш чизиғига жуда яқин ётади. Бундай юлдузлар бир-биридан жуда кичик бурчак масофада ётганидан уларни алоҳида-алоҳида кўриб бўлмайди ва уларнинг нурланиши қўшилиб, битта юлдуздек кўринади. Бир юлдуз иккинчисини тўсиши натижасида бундай тизимнинг равшанлиги камаяди. Тутилувчи ўзгарувчан юлдузларнинг айримларида тутилишдан бошқа пайтда умумий равшанликлари ўзгармай сақланади. Бошқа тур тутилувчи ўзгарувчан юлдузларда эса системанинг умумий равшанлиги фақат тутилиш пайтидагина эмас, балки тутилиш кузатилмаган пайтда ҳам ўзгаради. Галактикамизда 3000 га яқин тутилувчи ўзгарувчан юлдузлар аниқланган.
Физик ўзгарувчан юлдузлар равшанликларининг ўзгариши шу юлдузлар қаърида юз берадиган физик жараёнлар ҳисобига бўлади. Улар ўз навбатида пулсацияланувчи ва эруптив юлдузларга бўлинади. Пулсацияланувчи ўзгарувчан юлдузлар равшанликларининг бир меъёрда ўзгариши билан ифодаланади. Бу турдаги ўзгарувчан юлдузларга даврлари узунлиги ва равшанликлари ўзгариш даражаси турлича бўлган сефеидалар, КК Лира тури, Саврнинг КУ тури, Китнинг Мира туридаги ўзгарувчи юлдузлар мисолдир. Эруптив ўзгарувчан юлдузлар ўзгарувчанлиги вақти-вақти билан қайталанувчи чақнаш кўринишида бўлади. Бундай чақнашлар ушбу юлдузлардан плазманинг улоқтирилиши билан тушунтирилади. Эруптив ўзгарувчан юлдузларнинг ярмидан кўпи Аравакаш юлдуз туркумининг КЛУ туридаги юлдузлардир. Ўзгарувчан юлдузларни кузатишдан турли юлдуз тизимларининг ёши ва бошқа тафсилотлари ҳам аниқланади. Фақат сефеидаларгагина мансуб "давр-ёрқинлик" боғлиқлик уларгача бўлган масофаларни жуда аниқ белгилаш имконини беради. Галактиканинг узоқ жойларигача бўлган масофалар ана шу усулда аниқланади. Ҳозирги замон кузатишлари қўшалоқ ўзгарувчан юлдузлардан баъзилари рентген нурлари манбалари ҳам эканини кўрсатди.
Таянч докторантура кирмасдан олдин таълим соҳасидаги замонавий билимларни олиш учун Ҳиндистоннинг Аҳмедобод шаҳрида жойлашган Физика тадқиқотлар лабораторияси ва Бирлашган Миллатлар Ташкилоти билан ҳамкорликда “Коинот ва атмосфера фанлари”(Online CSSTEAP post-graduated course on “Space and Atmospheric Science” курсида бир йил давомида ўқиб ўз билимимни ошириб келган эдим.
Шу тадқиқот лабораторияси билан доимо алоқадаман: турли хил онлян курсларида иштирок этиб тураман. Хусусан, Онлине CSSTEAP Short Course on “Space and Atmospheric Science”(December 7-14,2020)) онлине курсида иштирок этдим. Дунёнинг нуфузли олимлари бизга онлайн вебинар ўтказишди ва қилинган ишлар ҳақида айтиб беришди.
Самарқанд давлат университети астрономия ўқув-илмий обсерваторияси (узунламаси 39°40′27″ ва кенгламадаси 66°57′51″ 785 метр денгиз сатҳидан баландлик) кўзгусининг диаметри 480 мм, фокус масофаси 9450 мм, рефлектор бўлган Cассеграин системасида ишлайдиган “Grubb Parsons” телескопида кузатувлар олиб борилмоқда.
Биз тадқиқот мобайнида 2МАSS 22472590+5407249 ва 2МАSS 22431277+5439408 юлдузларини фотометрик тадқиқ қилиб, баъзи физик параметрларни аниқладик. Ушбу ҳар иккала юлдуз ҳам қисқа даврли пулсацияланувчи Delta Scuti типидаги ўзгарувчилар эканлиги ҳамда юлдузлар вақтга боғлиқ ёрқинлик эгри чизиғидаги асосий бош минимум ва максимум орасидаги фарқ жуда кичиклигидан паст амплитудали синфига тегишли юлдузлар эканлиги яна бир бор ўз исботини топди. Асосий обертондаги частота таҳлил қилиниб шунга кўра асосий физик кўрсатгичлар аниқланади. Юлдузнинг асосий пулсацияланиш даври П=0.128616 (3,08 соат яъни 185 минут) ва частотаси 75081 га тенг бўлиб юлдуз катталиги ўзгармасдан аввалгидек қолгани аниқланиб, вақтга боғлиқлик ёрқинлик эгри чизиғи чизилди. Юқоридаги ҳар иккала юлдузни таҳлил натижалари 0.008 га тенглиги кузатилди. WinEff дастури асосида олинган бўлиб аниқликни ошириш мақсадида асосий обертондаги частотаси Л-К период дастури ёрдамида ҳам таҳлил қилиниб таққосланди. Ҳар иккала юлдузни таққослаш натижалари шуни кўрсатдики частота ва даврлари орасидаги хатолик ±0.008 га тенглиги кузатилди.
Самарқанд ўқув илмий обсерваториясида кузатилган V*V669 Cyg ўзгарувчан юлдузининг ўзгарувчанлик даври П=1,4780649±0,000371 сутка эканлиги ва ёрқинлик эгри чизиғининг иккала бош минимуми бир-биридан ўртача 0,04803м га фарқ қилиши аниқланди. V*V669 Cyg бирламчи нормал В2V система бўлса, иккиламчи табиати унчалик аниқ эмас. Объектнинг амплитуда ўзгариши юлдуз атрофидаги катта ва иссиқ бошланғич Рош қобиғи сабаби бўлиши мумкин. Системанинг иккинчи компонентаси - қалин диск билан ўралган, температураси нисбатан пастроқ юлдуз бўлиши мумкин. Ушбу умумий системанинг эволюцияси давомида бирламчи кенгайиш жараёни аста-секин секинлашади ва акреция туфайли дискнинг зичлиги пасайиши бўлиши мумкин деган умумий хулосалар келиб чиқади.
Олиб борилаётган тадқиқотимизнинг асосий объекти 2МАSS_00210190+5856508 объектининг кузтувлар ва фотометрик таҳлиллар натижасида ўзгарувчанлик даври 1.79049 сутка эканлиги аниқланган ва УВ типга тегишли ўзгарувчан юлдуз эканлиги аниқланган. Бу юлдузнинг ўзгариш даври ва типи аниқланган лекин бошқа телескопларда ҳам кузатилиб таҳлил қилинмагани учун тўлиқ тасдиқланмаган. Ранг кўрсатгичлари ва бошқа физик параметрлари маълум эмас. Биз бу масалада тадқиқотлар олиб бораяпмиз. Демак айрим параметрларини имкон қадар кузатувлар орқали аниқлаш мумкин. Кузатувлар -250 C ҳароратда, R (red) ва филтрсиз 300 секундлик экспозиция вақти билан олинмоқда. Диссертациямнинг долзарблиги шундаки танланган объектларнинг кузатувлар асосида параметрларини аниқлаш. Юқоридаги объектни Россия олимлари билан ҳамкорликда Самарқанд ўқув-илмий обсерваториясида кузатмоқдамиз. Бу ўзгарувчан юлдуз яқинда аниқланган бўлиб, параметрлари фанга маълум эмас. Юлдузнинг ўзгариш даври ва бошқа параметрларини аниқлаш учун кузтувлар олиб борилиб натижалар жамланмоқда.
Бу расмда объект чизиқча билан кўрсатилган.
Алишер Қулмуродов,
Самарқанд давлат университети докторанти.