Бугунги кунда нефть ва газ муҳим кимёвий хомашё бўлиб, ҳозирги замон саноати ва энергетикасининг барча тармоқларида нефть ва газ маҳсулотларидан энг кўп миқдорда фойдаланилади. Нефть йўлдош газларидан оқилона фойдаланиш зарурати нефть қазиб олувчи қурилмаларда уларнинг жуда кўп миқдорда ёқиб юборилиши билан боғлиқ. Йўқотишлар асосан кичик ва ўрта масофадаги узоқ муддатли конлар ҳисобига юзага келмоқда, уларнинг улуши сўнгги пайтларда сезиларли даражада ошмоқда. Шу жумладан, машъалада дунё бўйича 170 млрд. м3 дан кўп газ атмосферага чиқариб юборилмоқда ҳамда экологияга катта зарар келтирилмоқда.
Бир йилда Ўзбекистон Республикаси конларидан атмосферага чиқариладиган газлар умумий қазиб олинадиган кўрсатгичга нисбатан 3% ни ташкил қилса-да бу катта бойлик демакдир. Ҳозирги вақтда нефть йўлдош газларидан унумли фойдаланиш учун нефть хомашёси қазиб олинадиган жойларда газни қайта ишлаш иншоотларини барпо этиш мақсадга мувофиқ бўлиб, бу эса катализаторлар иштирокида нефть йўлдош газларидан ароматик углеводородларни олиш имконини беради.
Ароматик углеводородлар (АрУ)-органик синтезда муҳим бошланғич хомашё ҳисобланади. Ароматик углеводородлар асосида синтетик толалар, пластмассалар, фармацевтик ва қишлоқ хўжалиги препаратлари, бўёқлар, турли хил каучуклар ва бошқа маҳсулотлар олинади.
Органик синтезда бензол, толуол, этилбензол ва ксилоллардан кўпроқ фойдаланилади. Ҳозирги вақтда ароматик углеводородлар нефть суюқ углеводородларини крекинг ва пиролиз қилиб олинмоқда. Аммо нефть заҳиралари ҳам чекланганлиги ҳисобга олсак, нефтни муқобил хомашё манбаларига алмаштириш муҳим масала сифатида кун тартибига чиқмоқда. Бундай муқобил хомашё заҳиралари табиий газ, нефть йўлдош газлари ва биогазлардир. Нефть йўлдош газларининг каталитик ўзгаришлари ва улардан ароматик углеводородлар, олефинлар ва юқори молекуляр алканлар олиш технологияларини яратиш бўйича кўплаб олимлар илмий-тадқиқотлар олиб борганлар. Улар томонидан нефть йўлдош газларидаги енгил парафинларни қимматбаҳо суюқ маҳсулотларга айлантириш, ароматлаш реакциялари учун катализатор яратиш ва жараённинг технологиялари; цеолитли катализаторлар иштирокида ароматик углеводородлар олиш; у ёки бу маҳсулотлар ҳосил бўлиши селективлигининг цеолитлар тузилиши, таркиби ва уларнинг кислоталик хоссалари, катализаторларни олдиндан тайёрлаш шароитлари ва газсимон углеводородларни конверциялаш жараёни шароитларига боғлиқлиги ўрганиб чиқилган. Нефть йўлдош газларини каталитик ароматлаш жараёни бўйича кўплаб тадқиқотлар олиб борилганлигига қарамасдан, юқори унумдорлик ва селективликка эга бўлган, барқарорлиги юқори, турғун, мустаҳкам, арзон ва фаол, коксланишни камайтирадиган катализаторлар яратилмаган.
Мен олиб бораётган илмий–тадқиқотимда, асосан, пропан бутандан ароматик углеводородлар олиш ҳисобланади. Изланишларим давомида 2022 йилнинг ўзида Замонавий фан муоммолари ва истиқболлари бўйича 1-халқаро конферинсияга (ATP Conf.Proc) 1-та мақола ҳамда “Eurasian Journal of Engineering and Technology” ва Polish science journal “International science journal” ларига мақолалар чиқардим. Илмий янгилик қилишда сизга беминнат ёрдам қўлини узатаётган ва илмий тадқиқотчиларни қўллаб қувватлаётган ректоримиз, профессор, Олий Мажлис Сенати аъзоси Рустам Холмуродовнинг ёрдами билан кимё факультетига SORBI-M қаттиқ моддаларнинг ғоваклик сиғимини ўлчайдиган “Rigaku” энергодисперсионный рентгено-флуоресиентный анализатор EDXRF ва Газовый хроматограф приборлар келтирилди. Бу приборларни факультетимизнинг профессор ўқитувчилари Хуршид Тошпўлатов, Санжар Тиллаев ва Баҳриддин Шукуровларнинг яқиндан ва беғараз ёрдами билан илмий ишларимизнинг тажриба қисмларини олиб бораяпмиз. “Шўртангаз кимё мажмуаси” МЧЖ муҳандис-ходимлари ва СамДУ профессор-ўкитувчилари, катта илмий-ходим изланувчилари, магистрлари ва талабаларининг ишлаб чикариш инженер-техник ходимлари билан биргаликда тажриба-тадкикот базасини яратиш, тажриба ўтказиш ва ишлаб чикариш лабораториясини жорйи этиш юзасидан устозимиз. техника фанлари доктори, профессор Нормурот Файзуллаев ҳам кўплаб ташаббусларни илгари сурдилар. “Шўртангаз кимё мажмуаси” МЧЖда кафедрамизнинг ёш илмий тадқиқотчи, докторанлари устозимиз бошчилигида илмий тажрибалар олиб боряпти. Бу фан билан амалиётнинг ҳамоҳанг тарзда олиб борилаётганлигидан далолатдир, деб бемалол айта оламан.
Шамсиддин Холлиев,
Самарқанд давлат университети докторанти.