Гравитацион майдон учун ёзилган Эйнштейн тенгламаси яратилганлигига бир аср бўлишига қарамай, янгидан-янги ечимларининг топилиши ва бу ечимлар ўз навбатида макро ва мега фан оламларида жуда қизиқарли физик ва астрофизик жараёнларга олиб келиши билан ўз долзарблигини йўқотмаяпти. Шуни инобатга олган ҳолда айтиш мумкинки, ихтиёрий майдонни тавсифловчи тенгламаларнинг янги кўринишдаги ечимлари топилиш эҳтимоли жуда юқори ва бу мулоҳаза 4 ва 5-ўлчовли майдонлар учун ёзилган тенгламаларга айниқса жуда ўринлидир. Квант майдонлар назариясидаги фундаментал тенгламани “фундаментал масса” М орқали 5-ўчовли де Ситтер импулс фазосида тавсифлаш, бу тенглама учун компютер дастурларини тузиб янги ечимларни топиш, мавжуд тажриба билан солиштириш ҳамда келажакда очилиши мумкин бўлган янгиликларни илмий башорат этиш ушбу докторлик (PhD) диссертациясининг бугунги кунда нақадар долзарблигини билдиради.
Назарий физика бу микродунё, макродунё ва мегадунё обектлари, уларнинг ўзаро таъсирлашув қонунларини асбобсиз фараз ва ғоялар асосида ўрганувчи фан бўлгани учун унинг башоратлари, жумладан, фундаментал тенгламанинг янги ечимларидан чиқариладиган илмий хулосалар барча табиий фанларнинг ривож топишида жуда катта омил бўлади. Айниқса микродунёдаги кварклар, глюонлар ва преонлар тўғрисида, мегодунёдаги улкан астрономик обектлар, гравитатсион тенгламалар ва улар билан боғланган обектлар муҳимлиги ва унинг асосий тушунчаларини тўлиқроқ тавсифлашда, математиканинг долзарб муаммоларининг ечилишида амалий аҳамиятга эга бўлади.
Буларнинг барчасини ҳисобга олган ҳолда бугунги кунда ўз тадқиқотларимизни самарали давом эттириб, республика ва хориж нашрларида 10 дан ортиқ илмий мақолалар чоп эттирдик.
Қодир Бадалов,
Самарқанд давлат университети докторанти.
Илмий раҳбари – физика-математика фанлари доктори,
профессор Рустам Ибодов.