Бугунги кунда инглиз тилини ўрганиш ёшлар учун кенг имкониятларни очиб беради. Шунингдек, IТ мутахассислари ҳам чет тилини билиш орқали муаммоли масалаларига тезда ечим топа олишлари билан бир қаторда, халқаро даражадаги IТ мутахассис бўлиш имкониятини қўлга киритади.
Биринчидан, инглиз тилини билган ҳолда дастурчилик оламига қадам қўйсангиз, ўрганиш учун манбалар, қизиқарли ва фойдали сайтлардан эркин фойдаланасиз. Маълумотларни осон тушунасиз. Соҳадаги янгиликлардан биринчилар қаторида хабардор бўласиз. Интернетдаги маълумотларнинг катта қисми инглиз тилида эканлиги сабабли, маълумот излаб топиш тезлиги ҳам рус ва ўзбек тилларидан мос равишда 10 ва 100 баробар юқори. IТ жуда тез ривожланувчи соҳа бўлиб, ҳар доим янги илова, дастурлар яратилади ва шу билан бир қаторда барча дастурларнинг ўзаги инглиз тили ҳисобланади.
Иккинчидан, халқаро даражадаги мутахасис бўлиш имконияти мавжуд. Яъни дунёнинг исталган нуқтасидаги мижозлар билан эркин мулоқот ўрнатасиз, халқаро компанияларда ишлай оласиз ва иш берувчиларда яхши таассуротлар қолдирасиз. Яна IТ мутахасислари учун муҳим бўлган хотирангизни ҳам анча чархлаб олишингиз мумкин. Статистикага кўра, битта тилда сўзлашувчилардан кўра, бошқа тилларни ўрганларда хотира бир неча баробар яхшироқ экан.
Бугунги кунда, инглиз тили 500 миллиондан кўпроқ кишининг асосий мулоқот тили бўлиб, яна 1 миллиард 300 миллионга яқин инсон учун иккинчи тил ҳисобланади. Шундай экан, инглиз тилини ўрганиш орқали IТ ни анча самарали ўрганасиз ва халқаро даражада масофадан ёки дунё бўйлаб кўчиб ишлаш имкониятига эга бўласиз.
Соҳибжамол Суннатова,
Самарқанд давлат университети
рақамли технологиялар факультети талабаси.