Турк адабиётининг етук намояндаси, шоир, ёзувчи, “Тemrin” ва “Acemi” журналлари бош муҳаррири, Самарқанд давлат университетининг магистри, Шариф Йилмаз “Қалб ва қалам” лойиҳасининг навбатдаги меҳмони
- Сиз учун адабиёт нима?
- Инсоният тарихий тараққиёти давомида адабиётга нисбатан қарашлар асрдан-асрга ўзгариб келди. Муайян даврларда у одоб-ахлоқнинг асосий қисми сифатида қаралса, бошқа замонларда психологик ҳолат сифатида қабул қилинган. Ҳозирги замонда адабиёт санъатнинг бир тармоғидир. Ислом оламида ёки турк дунёсида шеърият ва мусиқа қадим замонлардан бери одамларни қизиқтириб, атрофида бирлаштириб келган. Ваҳоланки, бугунги кунда ҳам адабиёт ва мусиқа ўзига хос санъатдир. Мен адабиётни илҳом воситасида одамларга меҳр ва мурувват улашадиган санъатнинг бир тармоғи, деб биламан.
- Сиз учун қайси мавзуда ёзиш қийин?
- Мен адабиётга шеърият билан қадам қўйдим, кейинчалик ҳикоялар ёзишда ҳам ўзимни синаб кўрдим. Ҳали роман ёзганимча йўқ. Шеъриятга энди кириб келган йилларим кўп ва хўп ижод қилдим. Шеърга бўлган ҳурматим, шеърият бўйича тушунча ва билимларим ортган сари мен учун шеър ёзиш қийин бўлиб бораверди. Шеър яралиш жараёнида фақат қалам эмас, балки қалб меҳнат қилади, қалам қоғозга тўкаётган дард ва туғёнлар аввало, қалбда иникосини топади. Шоир қалби шеър ёзаётганда қийналади.
-Самарқанд давлат университетида 1992-1995-йилларда ишлагансиз. Университетимиз ҳақидаги хотираларингиз билан ўртоқлашсангиз?
- Ўзбекистон илк бор мустақилликка эришган даврларда Самарқандга борганман. Самарқанд давлат университети ўша пайтда Алишер Навоий номи билан аталарди. Ўзбекистондаги энг нуфузли олий ўқув юртларидан бири эди. Бугун ҳам Самарқанд давлат университетини бутун турк дунёси билади ва эътироф этади. Мен Селчук университетининг тил ва адабиёт факультетини тугатиб, қардош халқлар юртларидаги университетларда илмий тадқиқотимни давом эттириш ниятида юргандим. Самарқанд энг нуфузли, дунё тан олган шаҳар бўлгани учун магистратурани СамДУда ўқишга қарор қилиб, Самарқандга келдим. У ерда танишган илк одамим филология фанлари доктори, профессор Жўлибой Элтазаров бўлди. У киши ўша пайтда Самарқанд давлат университети ўзбек тилшунослиги кафедрасида фаолият кўрсатар эди. Жўлибой Элтазаров мени ўзбек тилшунослигининг дарғаларидан бири филология фанлари доктори профессор, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби Раҳматулла Қўнғуров билан таништирди.
Раҳматулла Қўнғуров университетда янги “Турк тили” курсини ташкил қилаётгани, шу курсда дарс беришга киши қидираётганлигини айтиб, мени ишга таклиф қилди. Шу тариқа СамДУда иш бошладим. Кейин Қўнғуров домла “Ўзбек тилида эгалик ва келишик қўшимчалари” номли диссертация мавзусини берди. Шу лаҳзани ҳеч қачон унутмайман: бўлимда Элтазаров, мен ва Қўнғуров ўтирибмиз. Домла диссертация мавзусини бергач, Жўлибой оғага қараб: “Бу турк йигити рус ва ўзбек тилларини билмайди, диссертация мавзуси бўйича адабиётлар шарҳида ёрдам берасиз”, деди ва менга қараб: “Диссертацияни тугатсангиз, Туркияда туркча ҳимоя қиласиз” деди. Домлага диссертацияни тугатгунимча ўзбек тилини ўрганиб, ўзбекчада ҳимоя қилишга ваъда бердим. Домла ҳам ҳайрат, ҳам хурсандчилик билан қароримни маъқуллади. Раҳматулла Қўнғуровдан кўп ўргандим. Мен ҳали ҳануз бу инсондан миннатдорман, менга кўрсатган беминнат ёрдамларини ҳеч қачон унутмайман. Домла илмпарвар инсон, ўзбек халқининг ҳақиқий олими эди.
Ўзбекистонда бўлганимда Наврўз байрами менда жуда катта таассурот қолдирган. У ерда еган сумалакнинг таъми ҳали ҳамон оғзимда. Шунингдек, ўзбекларда сомса деган хамирли таом ҳам бор. У туркларнинг “симит” деган овқатига ўхшаб кетади. Қолаверса, ўзбеклар “ош” деб атайдиган ўзбек паловини ҳам Ўзбекистонда биринчи марта таътиб кўрдим. Туркияда севиб истеъмол қилинади, лекин бизда у фақат гуручдан тайёрланади. Баъзан нўхат қўшилади. Ўзбек палови ёнида турк палови мазали бўлмай қолади.
Бир нарсани унутмайман, пахта мавсуми эди. У пайтлар талабалар пахта теримига чиқарди. Ҳеч ким мажбурламаса ҳам қизиқиб пахтага чиқдим. Мени ўзбек қишлоқлари жуда қизиқтирарди. Пахта мавсумида ўзбек қишлоқларида бўлиб, одамларни кузатдим. Тўғри, турмуш шароитини қониқарли деб бўлмасди, аммо матонатли ўзбек халқининг кўзида ёнган умид, шу оддий нарсалардан ҳам бахт топиб, яшаётган шод қиёфаси менда жуда катта таассурот қолдирди.
-Ўзбек адабиётидан қайси ёзувчи ва шоирларни биласиз? Ҳозирги ўзбек адабиёти намуналари билан қизиқиб кўрганмисиз?
Ўзбекистондалигимда бадиий адабиёт билан унчалик кўп қизиқмаганман. Илмий изланишларим бунга вақт ва имкон бермасди. Жуда банд эдим. Илмий тадқиқот билан биргаликда ўзбек талабалари ва профессор-ўқитувчиларига турк тилидан дарс бериш ҳам зиммамда эди. Шунга қарамай, вақт топганда ўзбек шоирларидан Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Рауф Парфи ижодини кузатиб борардим. Сафарларимдан бирида шахсан Эркин Воҳидовнинг суҳбатида бўлганман. Шоирнинг “Ўзбегим” шеърини жуда яхши кўраман. Абдулла Орипов билан ҳам Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида учрашганмиз. Ўша пайтда шоира Зулфия ҳали ҳаёт эди. Шоиранинг оташин шеърларини ўқиб, у билан кўришмоқчи бўлдим. Фарзандлари билан боғланиб кўрганимда Зулфиянинг бетоблигини айтишди. “Озгина кутсангиз, ёзнинг охирларигача тузалиб қолса, кейин кўришсангиз бўлади”, дейишди. Афсус, тақдир экан учрашиш насиб қилмади…
Ўзбек фантастик адабиёти намояндаси Тоҳир Малик билан Туркияга қайтганимдан сўнг танишганман. Адибни Ёзувчилар уюшмаси раиси ва бир гуруҳ ёш ижодкорлар сафида Истанбулда ташкил қилинган тадбирда учратиб қолдим. Тоҳир Малик “Турк дунёсига хизмат” мукофотини олиш учун келган экан.
Ўзбек адабиётидан яна Одил Ёқубовни биламан. Унинг бир қанча китоблари бизга ҳам етиб келган. Адибнинг “Адолат манзили” романининг турк тилидаги таржимасини ўқиб чиққанман. Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар”, “Меҳробдан чаён” асарлари ўзбек тилидаги нашрларини шахсий кутубхонамда сақлайман. Аммо турк ўқувчилари бу номларни, бу асарларни эшитган бўлса ҳам кўпчилиги яқиндан билмайди. Хуллас, икки давлатнинг яқинлашуви аввало тил билан, тиллар яқинлашиши эса адабиёт воситасида амалга ошади. Ўзбек адабиётида қалами ўткир ёзувчилар бисёр. Мен таниганларим денгиздан бир томчи холос.
- Ўзбек ва турк тилларининг яқинлиги сабаби – бу икки тилнинг ҳам бир илдиз, бир оилага мансублиги билан боғлиқ. Шу нуқтаи назардан, ўзбек ва турк тиллари оҳангида қандай уйғунлик кўрасиз?
-Маълумки, ўзбек ва турк тиллари туркий тиллар шажарасига мансуб. Туркия туркчаси ўғуз шохчасига мансуб бўлса, ўзбек туркчаси қипчоқ шохига оид. Туркистоннинг хонликларга бўлинишигача бу иккала тил 90 фоиз ўхшаш бўлган. Усмонлилар империясининг сўнгги даврида Истанбулда нашр этилган газетани Тошкентдаги зиёлилар бемалол ўқиб тушунишган. Бунинг сабаби тилдаги араб ва форс сўзларининг умумий бўлганлиги эди. Шўро даврида ўзбек тилига русча сўзлар, турк тилига ғарб тилларидан бир қанча сўзлар кириб келди. Бунинг натижасида тиллар орасидаги тафовут бирмунча кенгайди. Бугунги кунда бу бўшлиқни бартараф этишнинг энг самарали йўли халқлар ўртасида адабий-ижодий алоқаларни йўлга қўйишдир. Бу сиёсий ҳамкорликдан ҳам кўра самарали. Халқларимиз биродарлиги мустаҳкам бўлса, сиёсат бобида ҳам ҳамкорлик ўрнатилади. Ўзбек ва турк тиллари фонетик жиҳатдан уйғун ҳисобланади. Товушлар уйғунлиги, илмий тил билан айтганда сингармонизм ўзбек тилида сақланиб қолмаган бўлса-да, бизда яхши сақланган. Кўп ҳолларда икки халқ вакиллари бир-бирини таржимонсиз ҳам тушунишади.
-Ўзбек-турк адабий алоқалари ҳозирда қандай даражада?
-Ўзбекистон мустақилликка эришган дастлабки йилларда икки халқ ўртасида алоқа жуда суст бўлган. Албатта, бунинг асосли сабаблари бор эди. Чунки, икки мамлакат бир-бирини яхши танимасди. Бироқ энди ўзбек-турк алоқаларида ҳеч қандай муаммо ва тўсиқ йўқ. Биз биродарлармиз. Ҳар қандай вазиятда бир-биримизни қўллаб-қувватлаймиз. Ўзбекларнинг аждодлари бизнинг ҳам аждодларимиз.
-Ўзбек-турк адабий алоқалари ҳозирда қандай даражада? “Ферфир” нашриётида бу борада қандай ишлар амалга оширилган? Умуман нашриёт фаолияти ва йўналишлари ҳақида маълумот берсангиз.
-Нашриёт фақат фойда учун нашр қилиш билан шуғулланмайди. Мақсадимиз турк дунёсининг буюк ёзувчи ва шоирларини жаҳонга олиб чиқиш, янги ёзувчи ва шоирларни юзага чиқаришдир. Шу мақсадда иккита адабий журнал таъсис этганмиз. “Аcеми” номли адабий журнал янги истеъдодларни очиб беришга мўлжалланган. Бу сўз ўзбекчада “ғайратли” деган маънони англатади. Иккинчи журнал – “Темрин”. Унда тадқиқотчи, магистр ва академикларнинг мақолаларини нашр этамиз.
Сўнгги йилларда “Ферфир” нашриётида ўзбек адабиётидан Абдулла Қодирий ва Чўлпоннинг махсус сайланмаларини нашрга тайёрладик.
-СамДУда асосан замонавий турк тили ва уни ўқитиш усуллари йўналишида фаолият олиб борган экансиз. Бугунги даврда ўзбекларнинг туркчани ўрганиши даражасини ўша давр билан солиштирсак, қандай ўзгаришлар бор?
-Мен турк тилидан дарс бериш жараёнида ўзбек талабаларининг туркчани ўрганишга бўлган қизиқишларини кўриб, жуда ҳайратланганман. Тўғри аввалига уларда ўзлари учун бегона чет тилини ўрганишга нисбатан ҳадик кўрдим. Аммо тез орада бу ҳадик ўрнини қизиқиш ва иштиёқ эгаллади. Бугунги кунда Туркияда Ўзбекистондан келиб яшаётганлар жуда кўп. Улар туркчани ҳеч қандай қийинчиликсиз, тез фурсатда ўрганиб олишади. Аввал, ҳам айтганимдек, ўзбек ва турк тиллари бир илдиздан униб чиққан. Фонетик жиҳатдан бир-бирга жуда яқин. Шунинг учун ҳам уни ўрганиш бошқа чет тилларига нисбатан осон.
-Турк адабиёти деганда ўзбек китобхонлари кўз олдига Рашод Нури Гунтекин, Азиз Несин, Яшар Камол, Ўрхан Памуқ каби ижодкорлар келади. Ўзбек адабиёти деганда турк китобхонлари кимларни кўз олдига келтира олади?
-Адабиёт икки давлат муносабатларидаги энг мустаҳкам алоқадир. Ўзбеклар туркий адабиётни шўролар давридан билишган. Масалан, Нозим Ҳикмат, Азиз Несин, Ражод Нури Гунтекин, Яшар Камол ва Ўрхон Камол ва ҳоказо. Тарих ҳақиқати шуни кўрсатадики, шўролар буюк ёзувчи ва шоирларимиз орасидан фақат коммунистик фикрловчиларни Ўзбекистонга олиб кирган. Ваҳоланки, турк адабиётида Пеями Сафо, Ториқ Буғра, Аҳмед Ҳамди Танпинар каби буюк ёзувчилар ҳам бор.
Аччиқ ҳақиқат бўлса ҳам айтаман, турк ўқувчилари ўзбек адабиёти намоёндаларини унчалик билишмайди. Сабаби, таржима асарлар кўп нашр қилинмаган. Бу борада Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Маданият вазирлиги ва бошқа тегишли ташкилотлар ўзбек мумтоз асарларини Туркияда нашр этиш бўйича салмоқли ишлар олиб бориши керак. Масалан, Озарбайжон Ёзувчилар уюшмаси бу борада жуда фаол. Улар “Темрин” журнали ва Ферфир нашрлари билан ҳамкорликда жуда кўплаб китоб ва босма материаллар нашр қилишмоқда.
-Бугун Ўзбекистонда замонавий турк адабиётидан Элиф Шафақ, Амина Шенликўғлу каби ёзувчилар асарлари кўп ўқилади. Бу ижодкорлар ҳақида нима дея оласиз? Улар Туркияда ҳам шундай эътибордами?
-Элиф Шафақ машҳур ёзувчи. У постмодерн услубда ёзади. Аммо турк адабиётида ундан кучлироқ номлар ҳам бор. Амина Шенликўғлу, Шуле Юксал Шенлер, Аҳмед Гунбай Йилдиз каби ёзувчилар кўпроқ дин ва адабиёт уйғунлигида ижод қилади. Уларнинг мақсади адабий роман яратиш эмас, балки диний асар яратиш сифатида намоён бўлмоқда. Бу асарлар кучли асар бўлолмайди. Турк адабиёти бундай адабиётни устун сифатида кўрмайди.
-Келгусидаги режаларингиз?
Келгусида “Темрин” журналида ёш истеъдод эгаларини кашф этишда давом этиб, ёзарманлар учун янги лойиҳалар, янгидан-янги китоб нашрлари тақдим этиш ниятидамиз. “Темрин” журнали бугунги кунда турк дунёсининг фахрига айланган. Унинг бу мақомини сақлаб қолиш ва янада юксалтириш ҳаракатидамиз. Бу борадаги ишларимиз давом этмоқда. Келажакда Турк дунёсидаги ёш истеъдод эгалари учун мукофот таъсис этиш режамиз ҳам бор.
-Анъанавий савол: Ҳар бир ҳудуднинг ўзига хос адабий ва илмий муҳити бўлади. Сиз Самарқанд адабий муҳити, илм олами фидойилари ҳақида нималар дея оласиз?
-Самарқанд жаҳон тарихи ва маданиятида муҳим ўринга эга бўлган тарихий шаҳардир. Самарқанд мени иккинчи она шаҳрим. Самарқандда умримнинг энг гўзал дамлари ўтди. Катта-катта олимлар, фан арбоблари, илм ва адабиёт аҳллари билан танишдим. Ўзбекистондалигимда республиканинг деярли барча шаҳарларида бўлдим, лекин ҳеч бир шаҳар Самарқанддай бўлмади. Амир Темур Самарқандни бежизга пойтахт қилиб танламаган. Самарқанднинг ҳавоси, тупроғи, суви бошқача. Самарқанд нонини Ўзбекистоннинг бошқа бирор шаҳридан топиб бўлмайди. Мустақилликнинг илк йилларида Самарқанд адабий-илмий муҳитида Самарқанд давлат университетида олиб борилган тадқиқотлар, академиклар ёзган асарлар, уларнинг илмий-тадқиқий фаолияти муҳим рол ўйнайди.
Суҳбатдош Ирода БЕКМУРОДОВА
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати ходими