Ўзбек ва қорақалпоқ халқлари орасидаги бугунги вазият шунчаки жим кузатадиган жараён эмас. Азал-азалдан бу икки халқ бир дарёдан сув ичган, биргаликда узоқ ва машаққатли йўлларни босиб ўтган.
Истиқлолга эришганимизга 30 йилдан ошган бўлса, шунча йилдан бери ўзбек ва қорақалпоқ халқлари бир оиланинг фарзандидай бирга аҳил-иноқликда яшаб келмоқда.
Тарихга назар ташласак, қорақалпоқ халқи туркий халқларга қардош эканлиги ҳақида етарлича асослар бор. Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ ёзувчиси Кенгесбой Каримов қорақалпоқ халқининг келиб чиқишини: “Қорақалпоқ эли қадимги эл. Ўрхун битиктошларида тилга олинган турк элининг шохчаларидан тарқалган” дея изоҳлаган.
Ўзбек ва қорақалпоқ эли бир-бирига жигар. Нега энди шунча асрлардан буён биродарликда яшаб келган икки қондош низолашиши керак?! Нега ақл ва онги бор шунча инсон аллақандай калтафаҳмларнинг йўриғига юриши керак?! Кўзингизни очинг...
Ўзбек билан қорақалпоқ халқининг тақдир ипи маҳкам қилиб боғланган. Бу тугунни ечишга уриниш келажакдан узилишга олиб келиши мумкин. Бу икки халқ бир-бири билан шундай боғланиб кетганки, уларни қалбан ажратиш имконсиз. Чунки ўзбек билан қорақалпоқнинг томирида оқаётган қони бир. Ўзбек ва қорақалпоқ халқлари дўстлиги ва биродарлигининг оташин куйчиси Ибройим Юсупов ёзганидек:
...Ор-номус, виждони шерик,
Моли билан жони шерик,
Томирдаги қони шерик,
Қон-қардош сўз туғишганлик.
Бир ўчоққа ўт ёқтирган,
Бир яйловда мол боқтирган,
Тўй-ҳашамда от чоптирган,
Ризқи йўлдош туғишганлик.
Ўзбекни ўз оғам этган,
Улкан бахтни инъом этган,
Бир қозонда ош дамлатган,
Меҳри иссиқ туғишганлик.
Моли билан жони шерик,
Томирдаги қони шерик,
Қон-қардош сўз туғишганлик.
Бир ўчоққа ўт ёқтирган,
Бир яйловда мол боқтирган,
Тўй-ҳашамда от чоптирган,
Ризқи йўлдош туғишганлик.
Ўзбекни ўз оғам этган,
Улкан бахтни инъом этган,
Бир қозонда ош дамлатган,
Меҳри иссиқ туғишганлик.
Ўзбек ва қорақалпоқ дўстлиги тарихнинг шонли саҳифаларидан бошланган, неча-неча йиллар синовида дарз етмай, йўлдан оғишмай давом этиб келаётган қадимий ришта. Кўҳна Орол қирғоқлари бу дўстлик ва аҳилликка, меҳр-муҳаббатга гувоҳ. Орага совуқчилик тушса, Орол зор қақшайди. Икки халқ бир ҳовлида яшаётган оға-инидек гап.
Бугунги муҳокамали вазиятда айрим кишилар томонидан қорақалпоқ элининг мамлакатимиз ҳудудидаги мақомини ўзгартириш бўйича калта ўйланган таклиф ва муносабатлар билдирилмоқда. Бу масалага ҳиссиёт билан ёндашиш ярамайди. Ватан Самарқандда ҳам Ватан, Андижонда ҳам Ватан, Нукусда ҳам Ватан. Ўзбекистон барча учун – Ватан! Мақсад-муддаомиз – ватанимизда ҳар бир одам миллатидан, элатидан, тилидан, динидан қатъи назар, эмин-эркин яшаши.
Юксак ривожланган, фаровон жамият қуришнинг энг мақбул йўли демократик тараққиёт йўлидир. Лекин бунинг учун энг аввало, жамиятнинг сиёсий-ҳуқуқий маданияти демократия шароитида яшаш учун етарли бўлиши керак. Бу борада вазиятни шошма-шошарлик билан баҳолаш ижтимоий тартибсизликларни келтириб чиқариши мумкин. Бундай тартибсизликлардан биринчи навбатта оддий халқ зарар кўради ва энг хавфлиси бахтли ҳаётнинг муҳим шарти бўлган тинчликдан маҳрум бўлади. Юксак маданиятли қорақалпоқ халқи демократиянинг мазмун моҳиятини тўғри англаган ҳолда эволюцион тараққиёт йўлидан бориб ўзига бахтли ҳаётни қардош ўзбек халқи билан биргаликда таъминлашга қодир, деб ўйлаймиз.
Қорақалпоқ эли Ўзбекистон билан тақдирдош. Бошимизга не кун тушса, у билан кўрдик, синовларда бир-биримизга елкалош бўлдик. Қорақалпоғистоннинг меҳнаткаш, танти, бағрикенг халқи бугунги мураккаб вазиятда юксак ақл-заковати, мустаҳкам иродаси билан халқларимиз бирлиги ва яхлитлигини асраб-авайлашга ҳаракат қилишига ишонаман. Икки халқ ўртасидаги бирдамлик, баҳамжиҳатлик ва қондош-жондошлик яна минг йиллар давом этади. Маданият ва муқаддас қадриятлар алмашинуви янада кенгаяди. Қорақалпоқ ва ўзбек қонидан миллатнинг паҳлавон ва жасур авлодлари туғилишда давом этади. Икки халқ учун бир бўлган келажак ва тараққиётнинг туташ илдизларидан ҳали кўп ниҳоллар униб чиқади.
Қорақалпоқнинг қалби қуёш, кўзи чақноқ ёшлари! Сиз билан Ўзбекистон аталмиш меҳр-муҳаббат юртида абадул-абад биргамиз. Бизнинг ўтмишимиз бир бўлган, ҳозирги йўлимиз ҳам бир, ишонаманки, келажагимиз ҳам бир бўлади. Бу йўлда фитначилар ҳийлаларига учмаймиз. Уларга ўзимизнинг меҳримизни, муҳаббатимиз ва бирлигимизни кўрсатиб қўйиш билан жавоб берамиз. Бутун дунёга қардошликнинг олий намунасини яна бир бор исботлаб, орзуларимиз сари қўлни-қўлга бериб интиламиз.
Ўзбекистон кўп миллатли диёр. Унда рус, татар, арман, қирғиз, қозоқ, қорақалпоқ каби юздан ортиқ миллат ва элат истиқомат қилади. Ўзбек ўзбеклиги учун, қорақалпоқ қорақалпоқлиги учун бир-бирига қарши бўлиши керак эмас. Ҳамма – инсон ва у ҳамиша бирламчи. Қолган барча нарсалар ўткинчи. Вақтлар ўтар, бу синовлар ортда қолар. Ана шунда кўз-кўзга тушганда уялиб қоладиган иш қилмайлик. Дунёда халқларнинг дўстлиги ва якдиллигидан ортиқ куч йўқ.
- Мен Қорақалпоғистонга илмий ишим юзасидан жуда кўп маротаба борганман,-дейди Самарқанд давлат университети илмий тадқиқотлар, инновациялар ва илмий педагогик кадрлар тайёрлаш бўлими бошлиғи, география фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) Дунёбек Хурсанов.- Йилнинг бир неча ойларини шу ерда ўтказишга тўғри келган. Илмий ишим якунида етакчи ташкилот сифатида Қорақалпоқ давлат университетидан семинардан ўтганман. Қорақалпоқ элини шахсан билган инсон сифатида шуни айтаманки, қорақалроғистонликлар жуда олижаноб, мард, танти, бир сўзли, содда халқ. Қандайдир “бузғунчи” ғоялар, турли хил тушунмовчиликлар ва тартибсизликларни келтириб чиқарган вазиятда ҳам ишонч билан айтаман: Қорақалпоқ халқи бузғунчи кучлар ва ғояларга алданмайди, ҳеч қачон уларнинг йўриғига юрмайди!
Ирода Бекмуродова,
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати ходими.