Такрорий экинлар даладаги асосий экин ҳосили ўриб, йиғиб олинганидан кейин ўрнига иккинчи марта экиладиган экинлар ҳисобланади. Экилган йилининг ўзидаёқ ҳосил беради. Ердан унумлироқ фойдаланишга ва майдон бирлигидан кўпроқ миқдорда қишлоқ хўжалиги маҳсулоти олишга имкон беради. Кузи илиқ, узоқ давом этадиган сернам ҳудудларда ва суғорма деҳқончилик минтақаларида қўлланилади. Ўзбекистонда кузги арпа ўриб олинганидан кейин такрорий экин сифатида, асосан, маккажўхори, жўхори, нўхат, мош экилади.
Самарқанд давлат университети ўсимликлар физиологияси ва микробиологияси кафедрасида такрорий экин сифатида экиладиган бу каби ўсимликларни ўрганиш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, 1-босқич магистри Гулноза Ортиқова такрорий экин сифатида гречиха (халқ тилида гречка) экиш ва унинг биоекологик хусусиятлари бўйича илмий тадқиқот олиб боради. Илмий раҳбари ўсимликлар физиологияси ва микробиологияси кафедраси доценти Зуҳра Жўраева.
- Бугунги кунда аҳоли сонининг кескин ортиши сабабли озиқ овқатга бўлган талаб кун сайин ортиб бормоқда, - дейди Гулноза Ортиқова. - Бу эса ўз ўрнида озуқавий экинларни етиштириш аҳолини тўйимли ва сифатли озуқа билан таъминлашга қаратилган илмий тадқиқотларнинг мууҳимлигини кўрсатади. Менинг тадқиқотим юртимизда такрорий экин сифатида маржумак, яъни гречиха ўсимлигини экишни жорий қилиш, самарадорлик ва ҳосилдорлик кўрсаткичларини аниқлашга қаратилган. Мамлакатимиз донли экинларга ажратилган майдонлар жумласидан буғдой кенг кўламда экилади. Буғдой йиғиштириб олингандан сўнг экин майдонлари бўшаб қолади. Гречихани буғдой далаларидан бўшаган ерларга иккиламчи такрорий экин сифатида бемалол экиб етиштириш мумкин.
Ҳозирги кунда жаҳон миқёсида сифатли ва макромикроелементларга бой бўлган буғдой, гуруч, маржумак ёрмаларидан тайёрланадиган маҳсулотлар, айниқса болалар учун махсус озуқалар кенг кўламда савдо расталарида ўз ўрнини топмоқда. Донли экинлар шулар жумласидан тариқ, шоли, буғдой, маржумак каби ўсимликларнинг таркибида учровчи моддалар инсон саломатлиги учун бениҳоя катта аҳамиятга эга эканлиги ҳеч кимга сир эмас. Бу каби тадқиқотларнинг илмий ва амалий аҳамияти ҳам шунда кўринади.
Ирода Бекмуродова
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати ходими.
Шавкат Акрамов олган суратлар.