Бодринг сабзавотлар ичида энг серсуви бўлиб, инсон организми учун жуда фойдали неъматлардан бири ҳисобланади. Бодринг таркибининг 90 фоиздан ортиғини сув ташкил этади. Ушбу сабзавотда крахмал, шакар, оқсил, клетчатка, органик кислоталар, эфир мойи, бир қатор дармондорилар, калий, калций, натрий, магний, темир, фосфор, ёд, олтингугурт, қалай, мис, фтор, хром, алюминий каби моддалар мавжуд.
Шунингдек, бодринг овқат ҳазм қилиш безларининг фаолиятини ва сўлак ажралишини меъёрлаштириб, оқсил моддасини янада яхшироқ ўзлаштирилишини таъминлайди. Шунинг учун бодрингнинг сувли бўлакчалари таомни нафақат чиройли ва хуштаъм қилади, балки ҳазм қилиш жараёнини ҳам яхшилайди.
Бодринг қондаги холестерин миқдорини камайтиради, буйраклар саломатлигини мустаҳкамлайди. Мунтазам равишда истеъмол қилинса, саратон хавфини бартараф этади. Овқат ҳазм қилиш тизимига яхши самара кўрсатади ва ортиқча вазндан халос бўлишга кўмаклашади.
Шарбати иситма тушириш хусусиятига эга, йўтал, бўғим касалликлари, юрак билан боғлиқ шишларда фойда беради. Бодринг пўстлоғи юзнинг ранги ва тиниқлигини сақлашда, тери куйиши ҳамда шишлар пайдо бўлганда ёрдам беради. Пўстининг қуритиб эзилганидан тери касалликлари ва тошмаларда фойдаланиш тавсия этилади. Бодринг аллергия чақирмайди, шу сабабли уни аллергик касалликларга чалинган беморлар бемалол истеъмол қилишлари мумкин.
Узлуксиз давом этган меҳнат фаолияти сабаб баъзан кўз атрофида, пастки қовоқларда қорайиш кузатилади. Бу ҳолатда бодринг паррак шаклда кесиб, 3-5 дақиқа давомида музлаткичда совутинг ва 10 дақиқага қорайган жойга қўйинг. Худди шу усул юздаги ҳуснбузар ва қора доғларни кеткизишда, қуёш нури сабаб куйган жойларни зарарсизлантиришда ҳам самарали бўлади.
Юлдуз Очилова,
Самарқанд давлат университети
Биология факултети талабаси.