Дунё миқёсида аҳолининг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда аграр соҳанинг ўрни ва аҳамияти кундан-кунга ошиб бормоқда. Республикамизда деҳқончилик маданиятини юксалтириш фан техника ютуқлари ва илғор тажрибасини ишлаб чиқаришга кенг жорий қилиш эвазига экинларнинг ҳосилдорлигини ошириш, унинг сифатини яхшилаш, айниқса мамлакатимизда дон мустақиллигини таъминлаш устида катта тадбирлар амалга оширилмоқда. Республика аҳолисини озиқ-овқат, биринчи навбатда дон маҳсулотлари билан тўла таъминлаш вазифасини бажариш муҳим аҳамиятга молик вазифа ҳисобланади. Мамлакатимизда соя мойли экинлар майдонларининг кенгайтирилиши ва улардан тайёрланадиган маҳсулотларнинг кўпайиши аҳолининг ёғ-мой маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини тўла қондириш ҳамда чорвачиликни изчил ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этади.
Шу билан бир қаторда ҳозирги кунда қишлоқ хўжалигида ўсимлик оқсилини ишлаб чиқиш ва таъминлаш энг катта муаммолардан ҳисобланади. Бу муаммони ечишда дуккакли дон экинларидан соя ўсимлигининг аҳамияти каттадир. Соя ўсимлиги дуккакли-дон экинлари оиласига мансуб, бир йиллик ўсимлик, ватани Марказий Осиё ҳисобланади. Соя озиқ-овқат, ем тайёрлашда ва тупроқ унумдорлигини оширишда муҳим ўрин тутади. Соя дони таркибида 38-52 % оқсил, 22-25 % ёғ, ёғ таркибида турли витаминлар, похолида эса 4-5% оқсил ва 5 % гача ёғ бўлади. Соя донида оқсилни кўплиги жиҳатидан буғдой донидан 2,5, маккажўхори донидан эса 3,5 баробар юқори туради ва соя донининг оқсили таркибида 10 дан ортиқ аминокислоталар мавжуд. Кўк массаси эса чорва молларига озиқ бўлади. Соя илдизларида барча дуккакли ўсимликларнинг илдизларидаги каби ҳаводаги азотдан фойдалана оладиган туганаклар ривожланади. Соя ўсимлиги илдизидаги ризобиол бактериялар ҳосил қилган туганаклар туфайли ҳар гектарда 150-250 килограммгача соф азот тўплайди. Соя ёруғлик, иссиқлик ва намликни севадиган жуда қадимий экин ҳисобланади.
Соя тиббиётда ўта фойдали, чорвачиликда ҳосилдорликни оширишда самарали ва қишлоқ хўжалигида ҳамкор экин сифатида етиштириш учун қулай бўлган ўсимликдир. Соя ўсимлиги ва ундан олинадиган маҳсулотлар ошқозон, меъда-ичак тизими касалликларида фойдали ҳисобланади. Шунингдек, соя қандли диабет касаллигини даволашда ҳам самаралидир.