Кундалик шароитда товуқлар тухуми ва гўшти учун боқилади. Бунга кўра улар ташқи кўриниши ва тузилиши билан бир-биридан фарқ қилади. Тухуми учун боқиладиган товуқлар кичкина, тез вояга етадиган, гўшти учун боқиладиганлари эса йирикроқ бўлиб, яхши ривожланади. Маҳсулдор товуқ зотлари йилига 220-250 та, айримлари 365 тагача тухум қилади. Товуқ 5-6 ойликдан тухумга киради. Дастлабки тухуми 40-50 грамм атрофида, 1 ёшга яқинлашгач, 55-65 граммга етади. Товуқлар ўртача 10-12 йил умр кўради. 10 йилгача тухум қилиши мумкин. Саноат мақсадида тухум етиштириладиган хўжаликларда товуқлар тухумга киргандан кейин уларни фақат бир йил сақлаш иқтисодий фойда келтиради, чунки товуқнинг ёши ўтиб боргани сари тухум бериш маҳсулдорлиги ҳам камайиб боради. Фақат наслчилик хўжаликларида сермаҳсул товуқлар 2-3йилга қолдирилади. Қолган барча ҳолатларда 1 йилдан ортиқ сақлаш яхши натижа бермаслиги мумкин. Товуқлар паррандахоналарда дон, сабзавот, минерал озиқалар, витамин ва бошқалар шу кани маҳсулотлар билан боқилади.
Паррандачиликда товуқларнинг тухум бериш маҳсулдорлигини янада ошириш долзарб вазифадир. Бу борада Самарқанд давлат университети биология факультетида бир қатор тадқиқотлар амалга оширилмоқда. Жумладан ўсимликлар физиологияси ва микробиология кафедраси магистри Гўзал Нормуродова кафедра профессори Сафин Марис илмий раҳбарлигида “Тухумдор товуқларнинг рационини токовит препарати билан бойитишнинг физиологик ва маҳсулдорлик кўрсаткичларига таъсири” мавзусида илмий тадқиқот олиб боради.
– Дунё тажрибаларидан шуни аниқ айтиш мумкинки, товуқ озуқаси таркибига турли витаминлар ва қўшимча озуқа элементлари ферментлар билан бойитилиши юқори самара беради, - дейди тадқиқотчи Гўзал Нормуродова, - Тадқиқотимизнинг мақсади тухумдор товуқлар рационига токоферол (E витамин) таъсирини ўрганиш бўлиб, унинг натижасида товуқнинг физиологик ҳолатлари ва маҳсулдорлигига қандай даражада таъсир кўрсатишини аниқлашдан иборат. Токоферол – витамин E мускулларнинг ривожланиши, мускул массасининг ошишида ҳал қилувчи рол ўйнайди. Инсон организмда токоферол етишмаслиги мускуллар массасининг камайишига, мускулларнинг атрофияланишига, мускуллар фаолиятининг бузилишига олиб келади. Токоферол фақат ўсимликлар таркибида учрайди, ҳайвон танасида синтезланмайди. E витамини антиоксидант, транскрипсия ва ферментлар фаоллигини регулятори, шунингдек иммунитет тизимининг фаоллаштирувчиси сифатида тирик организмлар учун зарур витамоин ҳисобланади. 150-300 мг/кг озуқа қўшимчалари иммунитет тизимининг фаолиятини рағбатлантиради. Тухумдор товуқ зотлари одатий рационига токоферолни киритиш орқали кўп миқдорда тухум ва гўшт олиш мумкин. Бу эса ва фермерлар учун иқтисодий жиҳатдан юдори даромад манбаи бўлиб хизмат қилиши шубҳасиз.