Дерягули Кадиров, Туркманистон фуқароси, Самарқанд давлат университети спорт фаолияти ва санъат факультети битирувчиси:
- Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов 14 июль куни давлат ташрифи билан Ўзбекистонга келганида қалбим фахр-ифтихорга тўлди. Халқларимиз, давлатлатларимиз раҳбарларининг самимий дўстлиги ва яқинлиги абадий бўлсин. Президентимиз ташрифини кузатиб бориб, шундай хулосага келдимки, туркман-ўзбек муносабатларида бутунлай янги давр бошланди...
Самарқанд менинг иккинчи Ватаним. Самарқанд билан кўзимда ёш ила хайрлашяпман. Ҳаётимнинг энг гўзал дамлари мана шу афсонавий шаҳарда ўтди. Тўрт йил туз едим. Самарқанд давлат университети мен учун азиз ва мукаррам. Бу даргоҳда нафақат ўқидим, балки инсонийлик илмини ҳам ўргандим. СамДУ сўзсиз Марказий Осиё ва бутун Осиёнинг энг улуғ, энг қадимий илм-маърифат даргоҳи ҳисобланади. Мен Самарқанд давлат университетида таҳсил олганим билан фахрланаман. Туркманистонга борганимдан сўнг СамДУ ҳақида гапириб бераман. Бир сўз билан айтганда ўзимни СамДУ нинг маданий элчиси, деб ҳисоблайман. Бу мен учун шараф, бахт ва масъулиятдир.
2018 йилда Самарқанд давлат университетига ўқишга кирган бўлсам, тўрт йил давомида ректоримиз, профессор, Сенатор Рустам Холмуродов ва барча устозларимиз, дўстларим ардоғида бўлдим. Шунинг учун ҳам Самарқанд давлат университети мен учун азиз ва қадрли. Илк иш фаолиятимни ҳам Самарқанд шаҳридаги 14-мактабдан бошладим. Университет муҳити менга жуда ёқди. Келажакда илмий фаолиятимни давом эттирмоқчиман. Самарқанд давлат университети дипломи билан Туркманистон мамлакати ривожи ва тараққиётига ҳисса қўшаман...
Ғунча Жумаева, Туркманистон фуқароси, Самарқанд давлат университети тарих факультети битирувчиси:
- Тарихдан маълумки, ўзбек-туркман халқлари доим яқин қўшничилик алоқаларида бўлишган. Улар урф-одатлари, маданияти, тили бир-бирига ўхшаш ва дини бир бўлган халқлардир.
Самарқанд давлат университетида таҳсил олганимдан ниҳоятда хурсандман, бу мен учун улкан шараф. Тўрт йил давомида Ўзбекистон ва жаҳон тарихини мукаммал ўргандим. Фурсатдан фойдаланиб, СамДУ тарих факультети декани профессор Дилфуза Жўрақулова ва барча домлаларимга миннатдорлик билдираман.
Самарқандда катта ҳаёт учун пойдевор яратдим. Мен учун яна бир қувонарлиси Самарқанд шаҳридаги 10-мактабда бир йил давомида педагогик амалиёт ўтадим, иш ўргандим.
Самарқанд давлат университетида менинг энг яхши кунларим ўтди. Бу ҳаётимдаги унутилмас онлар бўлди. Самарқанд бу тирик тарихдир. …
Беҳруз ШАМСИДДИНОВ,
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати ходими,
Шавкат АКРАМОВ олган суратлар.