Кундан-кунга инсонлар томонидан ўсимликлар ресурсларидан тартибсиз фойдаланилиши оқибатида яшил табиат ўсимликлари орасида хилма-хиллик юқолиб бормоқда. Иқлим ўзгариши, глобал исиш таъсирида ўсимликлар қоплами инқирозга учрамоқда. Ўрта Осиё флорасида антропоген ва иқлим ўзгариши омиллари босими остида кўплаб ноёб турдаги ўсимликлар йўқолиб бормоқда. Хусусан, ялпиздошлар оиласига кирадиган бир қатор ўсимликлар шулар жумласидандир. Ялпиздошлар оиласи ер юзидаги энг йирик ўсимлик оилаларидан бири ҳисобланади. Унинг вакиллари асосан иссиқ ва мўтадил иқлимли мамлакатларда кенг тарқалган. Бу оилага 200 га яқин туркум ва 3000 тур киради. Ўрта Осиёда 53 туркумга мансуб 360 тур, Ўзбекистонда эса 39 туркумга мансуб 238 тур ўсиши маълум. Ялпиздошлар оиласи Ўзбекистон флорасида ҳам кенг тарқалган оилалардан бири бўлиб, фойдали турларга бойлиги билан бошқа оилалардан ажралиб туради. Ялпиз, мармарак, кийикўт, бозулбанг, тоғрайҳон, лимонўт, арслонқуйруқ каби туркумларнинг вакиллари жуда қадимдан бери тиббиётда, озиқ-овқат, қандолатчилик ва парфумерия саноатида фойдаланиб келинмоқда. Бозулбанг йалпиздошлар оиласига мансуб, доривор ўсимлик бўлиб қадимдан халқ табобатида ишлатиб келинади. Самарқанд вилоятида ўсадиган 3 тури Ўзбекистон Қизил китобига киритилган. Самарқанд давлат универистетида ушбу ноёб ўсимликнинг биоекологик хусусиятларини ўрганиш, кўпайтиришнинг янги усулларини аниқлаш бўйича олиб борилаётган салмоқли ишлардан бири СамДУ биология факултети магистри Гулбону Тўрақулованинг “Lagochilus Bunge (Sarxush bozulbang) туркум турларини ин витро шароитида кўпайтириш ва СамДУ Ботаника боғида коллекциясини барпо этиш” мавзусидаги тадқиқотидир. Тадқиқотчи ботаника кафедраси доценти Акбар Аҳмедов илмий раҳбарлигида бозулбанг ўсимлигини кўпайтириш усуллари ва биоекологик хусусиятлари мавзусида илмий тадқиқот олиб боради.
– Бозулбангнинг Ер юзида 46 та, Ўзбекистонда 13 та тури бор, - дейди тадқиқотчи Гулбону Тўрақулова. - Бугун ушбу туркум турларининг кўпчилик популяциялари йўқолиб кетиш хавфи остида. Шунинг учун уларни табиатда сақлаб қолиш мақсадида мониторинг ишларини олиб бориш зарур. Ҳозирги кунда, Lagochilus туркум турларини “In vitro” шароитида кўпайтириш ва коллекциясини барпо этиш долзарб ҳисобланади. Бозулбангнинг халқ хўжалигида фойдаланилиши ва ишлатилиши бўйича амалга оширилган таҳлиллар шуни кўрсатдики, бозулбангнинг мавжуд турларида орасида асал-шира ва эфир мой олинадиган турлари билан бир қаторда доривор ва декоратив, яъни манзарали турлари ҳам юртимизда кенг тарқалган.Оилага мансуб 74 тур ўсимликдан эса ҳозирча фойдаланилмаслиги маълум бўлди. Бозулбанг қимматли доривор ўсимликлар қаторида бўлиб, улар асаб тизимини тинчлантиришда, тери касалликларини даволашда, қон босимини назорат қилишда, ички ва ташки қон кетишларни тўхтатишда самарали восита ҳисобланади.
Ирода Бекмуродова
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати ходими