Атроф-муҳитнинг тоза ва озода сақланишида, ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ишларининг кенг кўламда олиб борилаётганлигининг гувоҳи бўлиб келмоқдамиз. Инсон табиатдан куч олади, унинг ноз-у, неъматларидан баҳраманд бўлади. Соғломлаштириш масканлари ҳам бежизга табиат қўйнида ташкил этилмайди. Минг афсуслар бўлсинким, юртимизда атроф-муҳит муҳофазаси бўйича олиб борилаётган чора-тадбирлар ва экологик маданиятни шаукллантиришга қаратилган самараси қониқарли даражада эмас.
Фаолият олиб бораётган ташкилотлар ёки маҳаллий аҳоли томонидан турли хилдаги чиқиндиларнинг сув ҳавзаларига ташлаб юборилиши, табиатга бўлган бефарқлик тобора авж олиб бораётганлигини кўриб дилингиз ўксинади.
Бугунги кунда сув ҳавзаларининг муҳофаза зоналарида табиатни муҳофаза қилиш қонуни талабларининг бажарилиши, экологик ва санитария-эпидемиологик вазиятни яхшилаш, шунингдек сув омборлари, дарё, канал ва коллекторлар сувлари ифлосланишининг олдини олиш бўйича ва бошқа сувни муҳофаза қилиш тадбирларини амалга ошириш мақсадида доимий равишда рейд тадқиқотларини ўтказиш кенг миқёсда амалга оширилмоқда. Сувдан самарали фойдаланишни кенг йўлга қўйиш ва атроф-муҳитга салбий таъсирни камайтириш борасида инновацион ишланмалар ва ғоялар жорий этилмоқда. Айнан мана шундай тадбирларнинг вилоятимизда ҳам самарали амалга оширишни таьминлаш муҳим масалалардан биридир. Самарқанд давлат университетида ҳам бу каби вазифалар ижросига йўналтирилган бир қатор тадқиқот ва текширув ишлари ташкил этилган. Жумладан, университетнинг соҳа бўйича мутахассислари томонидан ер усти оқар сувларидан Зарафшон дарёси ва Сиёб каналидан сув намуналари олиб, таҳлил қилиш бўйича текширувлар ўтказилган.
Ишлаб чиқариш корхоналаридан ҳосил бўлган оқова сувларни тозалаш механизмларини янада такомиллаштириш ва сувдан кетма-кет фойдаланишни кенг йўлга қўйиш бўйича ҳам бир қатор илмий-амалий ишлар амалга оширилмоқда.
Танзила Маджидова
СамДУ Экология ва ҳаёт фаолияти хавфсизлиги
кафедраси доценти
Гулмира Келдиёрова
СамДУ Экология ва ҳаёт фаолияти хавфсизлиги
кафедраси ассистенти,
техника фанлари бўйича фалсафа доктори