Халқимизда “Товуқ – етти хазинанинг бири” деган нақл бор. Дарҳақиқат, товуқлар рўзғорингизни тухум ва гўшт билан таъминлаб турадиган хазинадир. Уни яхши шароитда парваришлай олсангиз, хонадонингиз бюджетига яхшигина даромад олиб келиши мумкин. Бу борада сизга замонавий илм-фан ютуқлари орқали жорий этилаётган янги технология ва усуллардан хабардорлик ёрдам беради. Қуйида ушбу парранда ҳақида айрим қизиқарли фактларни келтирамиз:
– Товуқлар ўртача 14 км/соат тезликда югура олади. Таққослаш учун, жисмонан соғлом одамнинг югуриш тезлиги - соатига 12-15 км/соатни ташкил этади.
– Дунёдаги жами товуқлар сони одамлардан кўп. Маълумот учун, 2020-йилда сайёрамизда 20 миллиард товуқ ва 8 миллиардга яқин одам бўлган.
– Айрим олимларнинг фикрича, товуқлар одамларни таний олиш қобилиятига эга, яъни товуқ ўз эгасининг баъзи хусусиятлари: юзи, қомати ва бошқалар бўйича танишга қодир.
– Товуқлар рангларни одамларга қараганда яхшироқ ажрата олади.
– Ёш товуқларнинг тухуми қари товуқларникига қараганда фойдали ва мазали бўлади.
– Товуқни кўпчилик содда ва фаҳми паст парранда сифатида билади. Уларнинг мияси бошқа жонивирларникига қараганда содда тузилишга эга бўлса ҳам, 100 га яқин одамлар чеҳрасини эслаб қолишга қодир. Қолаверса, товуқ ўз эгасини 10 метр наридан туриб ҳам таний олади.
– Товуқларда ўзаро мулоқот қилиш қобилияти жуда яхши шаклланган. Улар бир-бири билан турли овоз ва қичқириқлар билан “гаплаша” олади. Яна бир қизиқарли ҳолат шундаки, она товуқ ҳали тухумдан чиқмаган жўжалари билан ҳам ҳар хил сигналлар орқали мулоқот қилади.
Гўзал Нормуродова
Самарқанд давлат университети
Биология факультети магистри