Самарқанд давлат университети биология факультети докторанти Бегали Алиқулов “Жануби-ғарбий Ўзбекистондаги айрим галофитларнинг экстремофил бактериялари ва уларнинг биотехнологик потенциали” мавзусида илмий тадқиқот олиб бормоқда. Ушбу илмий изланишлар шўрланиш шароитида қишлоқ хўжалик экинларини етиштириш самарадорлигини оширишда галофит ўсимликлар эндофит бактерияларининг потенциалини баҳолашга қаратилган. Илмий маслаҳатчиси биология фанлари доктори, профессор Зафар Исмоилов.
- Хорижда ва мамлакатимизда бугунги кунгача ўтказилган тадқиқотлар натижасида турли ўсимликлардан ризо ва эндобактериялар ажратиб олинган, - дейди Бегали Алиқулов. - Уларнинг морфолого-культурал, физиолого-биокимёвий хусусиятлари ўрганилиб, фаол штаммларни ўстиришнинг оптимал шароитлари танланган. Ризо ва эндобактериялар фаолиятига асосланган микроб препаратларини яратилиб, шўрланиш, қирғоқчилик стресси таъсиридаги минтақаларда амалиётга жорий этилган. Айрим қишлоқ хўжалик экинлари ўсишининг яхшилаши асослаб берилган.
Бироқ, Ўзбекистон, шу жумладан, унинг жанубий-ғарбий минтақаларидаги иқлимнинг кескин ўзгарувчанлиги, стресс омилларнинг кенг миқёсдаги таъсири ушбу ҳудудлар флорасидаги галофитларда экстремофил эндофитлар жамоалари хилма-хиллигини оширганлик эҳтимоллиги юқори бўлса-да, илмий манбаларда галофит ўсимликлардаги экстремофил эндофит бактерияларнинг хилма-хиллиги, уларнинг микробиологик тавсифи, биокимёвий ва бошқа самарали хусусиятлари ҳамда истиқболли микроб препаратлари учун манба сифатида фойдаланиш имкониятлари тўғрисидаги маълумотлар амалда кам учрайди. Мазкур ҳолат бу борада чуқур фундаментал тадқиқотлар олиб борилмаганлигини кўрсатади. Шу боис, қишлоқ хўжалигининг шўрланган майдонларида экинларнинг ўсишини рағбатлантирувчи истиқболли манба сифатида - айрим галофитларнинг экстремофил эндофит бактерияларини ажратиш, идентификациялаш ва уларнинг биотехнологик потенциалини баҳолаш нафақат фундаментал, балки муҳим илмий-амалий аҳамият касб этади.
Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда, биз ўз тадқиқотларимизда Ўзбекистоннинг жануби-ғарбий ҳудудларида тарқалган айрим галофит ўсимликлар, жумладан, сарсазан, қора саксовул ва қорабароқ ўсимликларининг илдиз ва пояларидан экстремофил эндофит бактерияларни ажратиб олиб, замонавий молекуляр генетик усуллар ёрдамида идентификацияланди. Тадқиқотлар давомида лаборатория ва вегетатив тажрибаларда эндофит бактериялар истиқболли штаммларининг ғўза, буғдой ва бодринг каби қишлоқ хужалик экинлари ўсишини рағбатлантирувчи хусусиятлари ўрганилди. Бугунги кунда танлаб олинган эндофит бактериялар истиқболли штаммлари асосида ўсимликларнинг шўрланиш стрессига чидамлилигини оширувчи микроб препарати олиш технологиясини яратиш, янги микроб препаратининг ишлаб чиқариш синовларини ўтказиш ва иқтисодий самарадорлигини баҳолаш бўйича тажрибалар олиб борилмоқда.
Мазкур тадқиқотлар натижасида Бегали Аликуловнинг 15 га яқин илмий мақолалари, шу жумладан, 3 та мақоласи Scopus базасидаги нуфузли хорижий журналларда, 20 дан ортиқ тезислари халқаро ва республика конференция материалларида чоп этилган.
Докторант томонидан олиб борилаётган мазкур тадқиқот иши натижаларини амалиётга жорий этиш қишлоқ хўжалик экинларининг шўрланишга чидамлилигини ошириб, шўрланиш шароитида қишлоқ хўжалик экинларини етиштириш самарадорлигини ошириш имконини беради.
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати.