Бугун бу борада жуда жиддий қадамлар ташланди
Таълим тизими коррупциядан тозаланмаган, ҳалол ва шаффоф бўлмаган мамлакат таназзулга юз тутади.
Минг афсуски, яқин тарихимизда таълим соҳасини коррупция чирмовуғдай ўраб олган эди. Мактабгача таълим муассасасидан тортиб, то олий таълимгача коррупция гирдобида қолганди. Бунинг натижасида халқимизда таълим тизимига нисбатан ишонч йўқолди. Унинг ўрнини аксинча нафрат эгаллаган эди.
Тўғриси, бу каррупцион ҳалқани узиб ташлашни, унга қарши курашишни ўзи бўлгани йўқ. Мазкур соҳа фидойиларининг қўли ёки кучи билан коррупцияни тугатиб бўлмаслигини ҳам яхши билардик.
Фақат ва фақат Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг сиёсий иродаси билан таълим тизимидаги коррупцион тузилмаларга барҳам берилмоқда. Чирмовуқлардан диёрли тозаланди, десак бўлади.
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги тасарруфидаги таълим муассасаларида коррупцияга қарши кескин курашилмоқда. Ўқишга қабул, ўқишни кўчириш, масалаларида коррупциявий ҳаракатларга бутунлай барҳам берилди. Жорий имтиҳонлар аста-секинлик билан коррупцион жозибадорликдан халос қилинмоқда.
Биринчидан, абитурентлар ҳужжатларини онлайн қабул қилишдан бошлаб, барча жараёнлар Давлат тест маркази томонидан амалга оширилмоқда.
Ҳатто, тожик, қозоқ ва туркман тилларидаги таълим йўналишларида ҳам ДТМ томонидан тест синовлари ўтказилмоқда.
Қабул жараёнларидаги касбий (ижодий) имтиҳонлар масаласи ҳам оғриқли нуқталардан бири эди. Кўпчилик ота-оналар фарзандлари ижодий имтиҳондаги ноҳақликлар туфайли талабалар сафига қабул қилинмаётганлигидан норози бўлишарди.
Эндиликда ижодий имтиҳонлар қуръа ташлаш йўли билан танлаб олинган, бошқа ҳудудлардан таклиф этилган мутахассислар томонидан қабул қилинмоқда. Инсон омили, яъни коррупцион ҳолат юз беришининг буткул олди олинди.
Касбий (ижодий) имтиҳон комиссияси аъзолари ҳақидаги маълумотлар ва уларнинг республикамизнинг қайси вилоятидаги ОТМга бориши охирги кунгача ўзларидан ҳам сир тутилиши бу жараённинг янада шаффоф ўтишига хизмат қилмоқда. Қолаверса, ижодий имтиҳонларнинг кенг жамоатчилик: халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари депутатлари, маҳалла, нуроний вакиллари, ота-оналар ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари иштирокида ўтказилиши, барча жараёнлар сўнгги русмдаги кузатув камералари орқали махсус экранларда ва YouTube видеохостингида тўғридан-тўғри намойиш қилинаётганлиги коррупция билан боғлиқ саволларнинг юзага келишига барҳам берди.
Иккинчидан, олий таълим даргоҳларидаги жорий имтиҳонлар (сессия) бугун шундай тартиб-тамойил асосида ўтказилмоқдаки, унга кўра муайян фандан дарс ўтган профессор-ўқитувчи имтиҳонда қатнашмайди.
Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университетида Президентимизнинг “Олий таълим муассасаларида таълим сифатини ошириш ва уларнинг мамлакатда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларда фаол иштирокини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, таълим йўналишларининг ўзига хос жиҳатларини инобатга олган ҳолда талабалар билимини баҳолашнинг замонавий, шаффоф ва адолатли усуллари, шу жумладан муайян фандан дарс берган педагогнинг якуний назорат жараёнларидаги иштирокини тўлиқ истисно этадиган тизим жорий этилган.
Талабалар билимини баҳолаш бўлими ушбу имтиҳонларни ташкил қилади ва бошқаради. Мазкур бўлим ходимлари саволлар доирасида якуний имтиҳон вариантларини тузади. Шаффофлик шу даражадаки, талабалар якуний назоратни ўзлари ўқийдиган факультетдан бирорта ҳам ўқитувчи иштирокисиз, ТБББ ходимлари назорати остида, махсус кузатув камералари ўрнатилган хонада топширади. Жавобларни текшириш масаласига келадиган бўлсак, талабаларнинг ёзма ишлари бошқа ОТМ га юборилиб, бевосита ўша ОТМ профессор-ўқитувчилари томонидан объектив баҳоланмоқда. Бу борада СамДУ томонидан республикамизнинг 16 та ОТМ билан шартнома имзоланган.
Учинчидан, ходимларнинг иш ҳақи ва ОТМ учун харид қилинадиган ускуналар олди-бердиси тўлиқ ЎзАСБО тизими орқали амалга оширилмоқдаки, бундай ҳисобдорлик ва шаффофлик мазкур жараёнларда коррупция рўй беришига заррача ўрин қолдирмайди.
Тўртинчидан, талабаларнинг ўқишини кўчириш бугунги кунда тўлиқ тартибга солинган. Ўқишни кўчириш учун талабалар керакли ҳужжатларни вазирликка онлайн топширади. Ушбу аризалар Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат қабул комиссияси томонидан кўриб чиқилиб, қарор қабул қилинади. Президентимизнинг 2022 йил 15 июндаги “Давлат олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш жараёнларини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорига кўра, бир давлат ОТМ дан бошқа давлат ОТМ га ўқишни кўчиришга қуйидаги икки ҳолатда рухсат берилади:
Талаба оила қурса ва турмуш ўртоғи доимий яшайдиган ҳудуддаги ОТМ га ўқишини кўчирмоқчи бўлса;
Давлат хизматчиси иш юзасидан бошқа ҳудудга кўчса ва турмуш ўртоғи ёки вояга етмаган фарзандининг ўқишини ўша ҳудудга кўчирмоқчи бўлса (ишга кирган вазирлик хати асосида);
Бошқа ҳолатларда “ички кўчириш”га рухсат йўқ. Бошқа ҳудудга ҳам, ўз ҳудудидаги бошқа ОТМ га ҳам.
Хориждан ўқишни кўчиришга қуйидаги уч ҳолатда рухсат берилади:
Мос ва турдош йўналишга тест ёки ижодий имтиҳон топширади ҳамда ўтиш балини тўплаш талаб этилади;
Ўтиш балини тўплай олмаса, бир марталик табақалаштирилган тўлов-контрак асосида ўқишини кўчиришга рухсат берилади;
Хориждан мос ва турдош бўлмаган йўналишга ўқишни кўчиришга рухсат берилмайди.
Ўқишни кўчириш тўлиқлигича шаффоф ва коррупциядан холи тарзда ўтказилади.
Бешинчидан, магистратурага қабул таълимнинг бакалавриат босқичини тугатган талабаларнинг ўқиш давомида тўплаган ўртача бали асосида (имтиҳонсиз) амалга оширилмоқда. Фақатгина талабанинг чет тилини билиш даражаси бўйича олинган миллий ёки халқаро сертификати мавжуд бўлиши шарт. Илгари таомилда бўлган, кафедра аъзолари томонидан олинадиган мутахассислик имтиҳонларининг бекор қилинганлиги, бу соҳада ҳам коррупциявий ҳолатларга барҳам берилганлигини кўрсатади.
Хуллас, олий таълим тизимида кейинги йилларда бошлаб юборилган коррупциянинг олдини олиш ва унинг ҳар қандай кўринишларига қарши муросасиз курашиш ишлари қисқа фурсатда ўз самарасини бера бошлади. Бу борада ОТМ профессор-ўқитувчиларига кўрсатилган ғамхўрлик, яъни иш ҳақининг сезиларли оширилганлиги ҳам ўз таъсирини ўтказди.
Олий таълим тизими томирларида бугун соғлом ва тоза қон оқа бошлади. Лекин коррупция ҳам осонликча жон бермайди. Бу борадаги кураш бир дақиқа бўлсин тўхтамаслиги керак, деб ҳисоблайман.
Коррупцияни янгидан-янги кўринишлари бош кўтараётгани ҳам бор гап. Ҳушёр бўлишимиз керак. Бу борада талаба-ёшларимиз фаоллиги, ватанпарварлиги муҳим ўрин тутишини унутмаслигимиз шарт ва зарур.
Рустам ХОЛМУРОДОВ,
Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университети
ректори, профессор, Олий Мажлис Сенати аъзоси.