Самарқанд давлат университети филология факультети талабаси Камила Хотамова университетнинг иқтидорли талабаларидан. Камила уч тилда бемалол гаплаша олади. Инглиз тилидан CEFR B2 сертификатига эга. Яқинда рус тилидан ТRKI III C1 сертификатини қўлга киритди. Тил ўрганиш билан бир қаторда илмий тадқиқот ҳам олиб боради. Шу кунга қадар бир қатор конференцияларда қатнашган. Жумладан, “Global standards in teaching english” халқаро конференциясида инглиз тили ўқитиш методикаси бўйича ёзган мақоласи билан иштирок этган. Шу билан бирга Достоевский хотирасига бағишлаб ўтказилган халқаро конференциясида ҳам муваффақиятли иштирок этиб, сертификат қўлга киритган. Камила дарсдан бўш вақтларида “Fast education” ўқув марказида рус тилидан дарс беради. Рус тилини ўрганувчилар учун 2 та қўлланма муаллифи.
- Рус ва инглиз тилларини ёшлигимдан ўрганиб келаман, - дейди Камила Хотамова. - Ва айтишим мумкинки, чет тилларини билиш ҳаётимда янги муваффақиятлар эшигини очди. Мактабни битириб, инглиз тилидан В2 сертификатини қўлга киритдим. Шу билан биргаликда бир вақтнинг ўзида бир нечта халқаро олий ўқув юртларига жумладан, Webster,, ТМC, Ёджу университетларига ўқишга қабул қилиндим. Аммо Самарқанд давлат университетини танладим. Айни пайтда ҳам ўқиб, ҳам ишлаяпман. “Fast education” ўқув марказида 100 дан зиёд ўқувчиларга рус тилидан дарс бераман. Келгусида чет тилларида тадқиқот олиб бориб, жаҳон илм-фан майдонида ўз ўрнимни топиш мақсадим бор.
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати.
Шавкат Акрамов олган суратлар.