Самарқанд давлат университети биология факультети талабаси Дилноза Махаммадиеванинг илмий тадқиқот иши сарсазан ўсимлиги эндофит бактериялари штаммлари асосида яратилган микроб препарати ёрдамида буғдойнинг стресс шароитларга чидамлилигини оширишга қаратилган. Илмий раҳбари СамДУ доценти, биология фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) Бегали Аликулов.
Статистик маълумотларга кўра, дунёда бир миллиард гектардан камроқ ҳудуд бирламчи, 77 миллион гектардан ортиқ ҳудуди иккиламчи шўрланишга учраган, - дейди Дилноза Махаммадиева. - Иккиламчи шўрланган ҳудудларнинг 58 фоизи суғориладиган майдонлар ҳисобланади. Шўрланишга учраган ҳудудларнинг кенгайиши қишлоқ хўжалик экинлари, жумладан, асосий озуқа экинларидан бири буғдойдан олинадиган ҳосилнинг камайишига, натижада аҳолининг озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талабининг етарли даражада таъминланмаслигига олиб келмоқда. Ҳолат қишлоқ хўжалиги экинларининг стресс омилларга чидамлилигини оширишда, жумладан, шўрланиш шароитларида ўсиб-ривожланишини таъминлашда инновацион услубларни қўллашни тақозо этмоқда. Бу борада, шўрланган ҳудудларда кенг тарқалган галофит ўсимликларнинг эндофит бактериялари асосида яратилган микроб препаратларининг буғдой ривожланишини рағбатлантирувчи хусусиятларини аниқлаш ва потенциалини баҳолаш долзарб муаммолардан бири ҳисобланади. Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда, тадқиқотларимизнинг мақсади гипергалофит сарсазан ўсимлиги эндофит бактериялари истиқболли штаммларининг буғдой ўсимлиги ривожланишини рағбатлантирувчи хусусиятларини аниқлаш ва шўрланган майдонларда уларни қўллаш бўйича амалий тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат. Тадқиқот ишимизда гипергалофит сарсазан ўсимлиги эндофит бактериялари истиқболли штаммлари суспензиялари билан ишлов беришнинг шўрланган майдонларда буғдой ўсимлиги ривожланишига, тупроқнинг кимёвий ва микробиологик таркибига таъсирини баҳолаш, шўрланган майдонларда буғдой ўсимлигини етиштиришда эндофит бактериялар истиқболли штаммлари асосида яратилган микроб препаратини қўллаш бўйича тажрибалар олиб борилмоқда.
Дилнозанинг бугунги кунгача олиб борган тадқиқотлари натижасида 3 та илмий мақолалар, шу жумладан, 1 та мақола нуфузли хорижий журналларда, 10 дан тезислар ортиқ халқаро ва республика конференция материалларида чоп этилган.
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати.