Самарқанд шаҳри азал – азалдан ўзининг табиий ресурслари, тоза зилол сувлари билан етти иқлимга машҳур бўлган. XIV асрнинг иккинчи ярми ва XV асрнинг 50 йилларида ҳамда XVII-XVIII асрларда Самарқанд нафақат Ўрта Осиёнинг балки, бутун шарқдаги энг обод ва бой шаҳарларининг бирига айланди. Янги турар жойлар, ҳашаматли саройлар қаторида, янги суғориш каналлари Аббос, Сиёб, Оби Рахматлар барпо этилган. Эски Дарғом, Даштак, Шавдор суғориш системалари эса тикланган. Қора сув, Оби Машҳад, Оби Рахмат булоқлардан ҳосил бўлган ариқлардир. Ушбу сувларда зообентосларнинг – сув ости организмларнинг ўнлаб турлари ҳаёт кечиради, уларнинг айримлари биоценозларда сони жиҳатидан кўпчиликни ташкил этади. Самарқанд давлат университети докторанти Дилдора Олимова “Самарқанд шаҳри ва унинг атрофи сув ҳавзаларидаги зообентос организмлар экологияси” мавзусида илмий тадқиқот олиб боради. Илмий раҳбари СамДУ экология ва ҳаёт фаолияти хавфсизлиги кафедраси профессори Зувайд Иззатуллаев.
– Биз ўрганаётган зообентос организмлар сув ҳавзалари сув остида яшовчи турли хил ҳайвонлар йиғиндисидир, - дейди Дилдора Олимова. - Уларнинг турли туманлиги: сув ости ҳашаротлари личинкалари, моллюскалар, зулуклар, балиқлар, кемирувчилар ва бошқа организмлар сув ости ва гирди қушлари, судралиб юрувчилар ҳамда бошқа организмлар, ҳатто инсон учун ҳам озиқа манбаи бўлиб хизмат қилади. Улар сув остида яшаб, сувни фильтрлайди, яъни табиат санитарларидир. Ушбуларни инобатга олсак, маълум ҳудуд зообентос организмларини ҳар томонлама ўрганиш, турли сув типларида тарқалган сув ости организмларининг турлар таркибини аниқлаш, уларнинг замонавий таксономиясини тузиш, эколого-биологик ва экологик гуруҳларини тавсифлаш, зарарли хусусиятларини ўрганиш ва ноёб турларни муҳофаза чора-тадбирларини ишлаб чиқиш илмий – амалий аҳамият касб этади ва ишнинг долзарблигини аниқлайди. Аксарият сув ости организмлари: балиқлар, кемирувчилар, судралиб юрувчи ва амфиябиялар учун озиқа манбаидир. Қолаверса, уларнинг айрим турлари, масалан, тубифицитлар, хирономидлар, моллюскалар, балиқлар ифлосланган сувларни тозалашда (фильтрлашда) иштирок этади, яъни яхши биологик индикаторлар ҳисобланади.
Мазкур тадқиқотнинг асосий вазифалари Самарқанд шаҳри ва унинг атрофи турли сув ҳавзаларида тарқалган зообентос организмларнинг таркибини аниқлаш ва замонавий ҳолатини баҳолаш, шу билан биргаликда уларнинг сув ҳавзаларида тарқалиши таҳлил этиш ва уларга экологик омилларнинг таъсирини ўрганишдан иборатдир. Шунингдек, сув ости организмларнинг хўжаликдаги аҳамиятини таҳлил қилиш, уларнинг камёб ва муҳофазага муҳтож турлар таркибини аниқлаш, ҳимоя қилиш бўйича тавсиялар ишлаб чиқиш ва тарқалиш хариталарини тузиш муҳим ҳисобланади.