Самарқанд давлат университети биология факультети мустақил изланувчиси Ихтиёр Акрамов “ Ceratoides ewersmanniana нинг эндофит микроорганизмлари ва уларни амалиётда қўллашнинг биотехнологик асослари” мавзусида илмий тадқиқот олиб бормоқда. Илмий раҳбари Самарқанд давлат университети доценти, биология фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) Бегали Алиқулов.
- Илмий тадқиқотларимизни Ўзбекистоннинг жанубий қурғоқчил минтақаларида кенг тарқалган терескен ўсимлиги эндофит микророганизмлари устида олиб бормоқдамиз, - дейди Ихтиёр Акрамов. - Терескен чорва моллари учун юқори озуқабоп ўсимлик ҳисобланиб, қурғоқчил минтақаларда, сув кам учрайдиган ҳудудларда ўсишга мослашган. Жаҳон миқёсида глобал исиш кўпгина ҳудудлар ўсимликлари қопламини камайишига, қуриб қолишига сабаб бўлмоқда. Жумладан мамлакатимизнинг ҳам айрим ҳудудларига бу ўз таъсирини ўтказмоқда. Шунинг учун ҳам терескен ўсимлигини эндофит микроорганизмларини ўрганиш, улар устида тадқиқотлар олиб бориш жуда ҳам аҳамиятлидир. Тадқиқотларимиз давомида Ўзбекистоннинг жанубий ҳудудларига илмий сафарлар уюштириб, терескен ўсимлигидан намуналар олиб келдик. Мазкур намуналарни молекуляр биотехнология лабораториясида стерилизация қилиб, улардан эндофит микроорганизмларни ажратиб олдик. Тадқиқотларимиз давомида эндофит бактериялардан 35 та изолят, эндофит замбуруғлардан 4 та изолят ажратиб олинди. Ушбу ажратиб олинган микрорганизмларнинг ўсимликларнинг ўсишини рағбатлантириш хусусиятлари ўрганилди ва улар орасидан энг юқори кўрсатгичга эга бўлган 4 та бактерия изолятлари идентификатсия қилиниб турлари аниқланди. Илмий тадқиқотларимиздан кўзланган асосий мақсад қишлоқ хўжалиги ўсимликларини ўсишини рағбатлантириш хусусиятларини аниқлаш ва бу орқали қурғоқчиликга чидамли ўсимликлар қопламларини кенгайтиришнинг биотехнологик усулларини ишлаб чиқишдан иборат. Ҳозирги кунда илмий тадқиқотларимиз давом этмоқда.
Илмий тадқиқотлар натижалари асосида тадқиқотчи томонидан ОАК рўйхатидаги республика журналларида 3 та ва Ҳиндистондаги нуфузли журналда 1 та илмий мақола, шунингдек, республика ва халқаро конференцияларда иштирок этиб 15 га яқин тезислар чоп этилган.