Самарқанд давлат университети рақамли технологиялар факультети талабалари Мақсуд Ҳамидов ва Юсуф Худойбердиевлар талабалар алмашинуви дастури бўйича Санкт-Петербург электротехника университетида (ЛЕТИ) 6 ой давомида таълим олиб қайтди. Қуйида ушбу талабларнинг таассурот ва фикрлари билан танишишингиз мумкин.
- Санкт-Петербург электротехника университетидаги муҳит менга жуда ёқди, - дейди Мақсуд Ҳамидов. – У ерда амалий математика ва информатика йўналиши бўйича таҳсил олдим. Дарслар рақамлаштирилган бўлиб, талаба дарсда қатнашмаса ҳам мавзуни ўзи мустақил ўзлаштириш имконига эга. Яъни, ҳар бир маъруза, амалиёт, семинар дарслар видео орқали ёзиб олиниб, You tube ижтимоий тармоқларига жойлаштирилади. Ҳафтада бир кун маъруза дарсалари бўлса, қолган кунлар амалиёт ва лаборатория дарслари ўтилади. Назарияга нисбатан амалиётга кўпроқ вақт ажратишади. Ўқитувчилар талабчан, талабанинг ўқиши ва билим олишини доимий назоратда сақланади. Талабалар баҳо учун эмас, илм эгаллаш учун ўқийди. Ҳеч бир талабанинг бекор ўтирганини кўрмайсиз, кутубхона доим гавжум.
Яна бир қулайлик томони шундаки, ўқув жараёнларида, дарс жадвалида бирор ўзгариш бўлса, мобил иловангизга шу ҳақидаги хабар келиб тушади. Бу эса ортиқча сарсонгарчиликларнинг олдини олади.
Талабанинг эркин ишлаши ва ўқиши учун барча имконият етарли. Соҳага оид йирик тадбиркорлар, компания эгалари, корхона ташкилот раҳбарлари ҳар ҳафта келиб маҳорат дарслари ўтишади, ўзларига маъқул бўлган талабани ишга таклиф қилишади. Аксарият талаба ўқишини тамомлагунича ишга бемалол жойлашиб олади.
Ҳар ойда иқтидорли талабалар учун университет Касаба уюшмаси томонидан бепул саёҳатлар ташкил қилинади. Тадбир ва байрамларга ўзгача руҳда ўтказилиб, яхши ва қизиқарли ўтиши учун ташкилий ишларга талабаларнинг ўзлари жалб этилади.
Маълумот учун Санкт-Петербург электротехника университети Россия Федерациясидаги энг қадимги олий ўқув юртларидан бири бўлиш билан бир қаторда, Европа бўйича электротехника соҳасига ихтисослашган биринчи университетдир.
Университетда радиотехника, телекоммуникация, бошқарув жараёнлари, компьютер техникаси ва АТ, электроника, биотиббиёт муҳандислиги, менежмент ва лингвистика соҳаларида мутахассислар тайёрланади. Бугунги кунда 60 мамлакатдан 1000 га яқин халқаро талабалар алмашинув дастури доирасида мазкур университетда таҳсил олмоқда. Шунингдек, чуқур билим ва амалий кўникмаларни эгаллаган халқаро талабалар университетнинг инглиз тилида ўқитиладиган 6 та магистрлик йўналишига ўқишга қабул қилиниш имкониятига эга.
Санкт-Петербург электротехника университети дунё бўйича 9 мамлакатнинг 82 та университети билан таълим соҳасида ҳамкорлик алоқаларига эга бўлиб, шулардан бири Самарқанд давлат университетидир.