Ижтимоий тармоқларда Самарқанд шаҳридаги мактабларга 1-синфга ўқувчилар қабули бўйича муаммолар туғилаётгани, онлайн рўйхатдан ўтишда жой номи чиқмаётгани, ота-оналар турли давлат ташкилотларига бориб, сарсон-саргардон бўлаётгани ҳақида фикрлар билдирилмоқда. Хўш, муаммо нимада?
Ушбу саволга вилоят халқ таълими бошқармаси мактаблар бўлими бошлиғи Абдутолиб Қиличев қуйидагича жавоб берди:
- Самарқанд шаҳридаги умумий ўрта таълим мактабларига 1-синфга онлайн қабул йўлга қўйилган. Ота-оналар яшаш жойи микроҳудудидаги мактабга боласининг ҳужжатини топшириши керак. Аммо айрим ота-оналар фарзандининг ҳужжатини онлайн топшира олмаяпти. Сабаби, баъзи ота-оналар 15 йилдан бери яшаса-да, ўша маҳаллада рўйхатда эмас. Масалан, баъзилар кўп қаватли уйларнинг тўловларини камайтириш мақсадида одам сонини камроқ кўрсатади, натижада ўзи шу уйда яшаса ҳам туманда рўйхатда тураверади. Бундай ота-оналар боласининг ҳужжатларини ўша микроҳудудга онлайн топширолмайди.
Иккинчи муаммо - айрим маҳаллаларнинг номи ўзгарган, базада эса эски номи турибди. Шу сабабли ҳам ота-оналар сарсон бўлмоқда.
Учинчи муаммо - янги қурилган кўп қаватли уйлар шаҳар ҳокимлиги томонидан микроҳудудга киритилмаган, базада йўқ (Шаҳар ҳокимининг бу ҳақдаги қарори ўтган йили сентябрь ойида чиққан. Ундан кейин қуриб, фойдаланишга топширилган кўп қаватли уйлар базага киритилмаган). Табиийки, базага киритилмаган янги уйларда яшовчилар ҳам онлайн ҳужжат топширолмаяпти.
Тўртинчи муаммо - айрим ота-оналар янгидан рўйхатга қўйилган. Улар танишларининг уйига “прописка”га кириб, ўзи туманда яшаса-да, боласини шаҳар мактабига беришга ҳаракат қилмоқда.
Яна бир муаммо, баъзи ота-оналар фарзандини рус синфига беришни истамоқда. Ваҳоланки, уйда ота-онадан бири рус тилида гапиришни билмайди. Рус тилини билмаган ота-она эртага қандай қилиб фарзандига дарс тайёрлата олади? Шунинг учун ҳам бундай оила фарзандини рус синфига ололмаймиз.
А.Қиличевнинг айтишича, янги ўқув йилидан қанча бола мактабга келиши ҳақида йил давомида микроҳудудлардан уч марта маълумот олинган ва шунга қараб мактабларда нечта 1-синф очилиши тахмин қилинган. Аммо ушбу прогнозларга қарамай, янги кўп қаватли уйлар қурилган ҳудудларда 1-синфга келадиган болалар сони ошган. Биринчи синфга келадиган болалар сони ошса, мактабда қўшимча синф очилади.
Ота-оналар нега сарсон?
- Қизим Машҳура бу йил 1-синфга боради, - деди Қорасув масканида истиқомат қилувчи Бунёд Абдиев. – Ўзим ҳақимдаги маълумотларни базага киритганимдан сўнг автоматик тарзда микроҳудудимизга қарашли 80-мактаб чиқди. Онлайн ҳужжат топширишда ҳар ким ўзи рўйхатда турган микроҳудуд бўйича фарзандини мактабга бера оларкан. Бошқа мактабни белгилаб бўлмас экан. Ҳеч қандай қийинчиликсиз онлайн ҳужжат топширдим. Аммо пропискаси бўлмаганлар қуйидаги муаммога дуч келяпти.
- Шу масала мени ҳам қийнаб келяпти, - дейди Муроджон исмли киши сайтимизда берилган мақолага муносабат билдираркан. - Қизим шу йил мактабга чиқиши керак. Ўзим Самарқанд шаҳрида яшайман, пропискам Ургутда. Онлайн аризам Ургутга кетиб қоляпти.
Янги кўп қаватли уйларга кўчиб келганлар рўйхатга олинмаган
Хўш, мактаб директорларини бу борада қандай муаммолар қийнаяпти?
- 1-синфга қабул икки йилдан бери онлайн тарзда амалга оширилмоқда, - дейди Самарқанд шаҳар Қорасув масканида ўтган йили қуриб, фойдаланишга топширилган 81-умумий ўрта таълим мактаби директори Аловуддин Очилов. - Мактабимизга бу йил 350 нафар ўқувчи 1-синфга қабул қилиниши керак. Шундан 35 нафардан иккита синф рус гуруҳи, қолгани ўзбек гуруҳи бўлиши керак эди. Аммо ота-оналарнинг талаби билан рус гуруҳлар сони тўртта бўлди. Ота-оналар фарзандини кўпроқ рус синфларга беришга ҳаракат қилмоқда. Бироқ бола рус тилини бошланғич даражада билиши керак. Афсуски, баъзи болалар умуман рус тилини билмайди. Биз ота-оналарга тушунтириш ишлари олиб боряпмиз.
Янги фойдаланишга топширилган кўп қаватли уйларга кўчиб келган ота-оналарнинг ҳали пропискаси йўқ. Биз уларга пропискага қўйиш йўлини тушунтиряпмиз, уй ҳужжати ота-онадан бирининг номида бўлса, пропискага қўйиш муаммо эмас, бир кунда ҳал қилса бўлади. Шунингдек, мактабимиз орқасидаги ҳовлилар ҳам базага киритилмаган, уларнинг фарзандлари бизнинг мактабимизга келиши керак. Ота-оналарга онлайн ҳужжат топширишда ўзимиз маслаҳат беряпмиз. Шу пайтга қадар 197 нафар боланинг ҳужжати қабул қилинган бўлса, яна 152 та ариза базада кўриб чиқиляпти.
Мактабга Қорасув массивидаги 46-кўп қаватли уйдан 135-уйгача болалар қабул қилинади. 1680 ўринли мактабда жорий йилнинг май ҳолатига кўра, 2429 нафар ўқувчи таҳсил олди. Бола сони кундан кунга ортаётган бўлса-да, мактабга олишга мажбурмиз.
Онлайн қабул бола сонини камайтиролмади, аммо...
Самарқанд шаҳридаги бошқа мактабларда ҳам аҳвол шунга ўхшаш, яъни бола сони жуда кўп. Шунингдек, туманда истиқомат қилувчилар ҳам яхши ўқитади, деб фарзандини шаҳар мактабларига беришга ҳаракат қилади. Баъзиларнинг шаҳарда уйи бор, шунинг учун фарзандини шаҳар мактабида ўқитади. Айримлари таниш-билиш орқали микроҳудудда яшамаса ҳам фарзандини шаҳар мактабига беради. Буни кўпчилик билади.
Самарқанд шаҳрида қурилишлар давом этар экан, ҳар йили онлайн қабулда юқоридаги каби муаммолар пайдо бўлаверади. Аслида, онлайн қабул ота-оналарнинг микроҳудудларни инобатга олмасдан, фарзандини истаган мактабига бериши натижасида баъзи мактабларда бола сони ошиб кетаётгани туфайли ташкил этилган эди. Йилдан йилга аҳоли сонининг ортиши, шаҳар ҳудудида янги мактаб қурилмаётгани қабул онлайн бўлса-да, ушбу муаммога ечим топмади.
Яқин келажакда вилоят халқ таълими бошқармаси ва бошқа тегишли муассасалар Самарқанд шаҳри мактабларига 1-синфга онлайн қабул атрофидаги муаммоларни бартараф этади, деган умиддамиз.
Манба