ТОШКЕНТ ТИНЧЛИК ТАШАББУСКОРИ...

ТОШКЕНТ ТИНЧЛИК ТАШАББУСКОРИ...
Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг тўртинчи маслаҳат учрашувидаги Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг нутқини ўқиб...

Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг бу сафарги маслаҳат учрашувига Қирғизистон Республикасининг Чўлпонота шаҳри мезбонлик қилди. Давлат бошлиқларининг ўзаро муносабатлари самимийлик, қардошлик, ҳамжиҳатлик, тенглик тамойилларига асосланди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек: Бугунги саммитимизнинг энг муҳим натижаси, ҳеч шубҳасиз, Марказий Осиёнинг тинчлиги ва барқарор тараққиёти йўлида дўстлик, яхши қўшничилик ва ҳамкорлик муносабатларини мустаҳкамлашга қаратилган салмоқли ҳужжатлар тўплами қабул қилинаётганидир...

Бу бежиз эмас албатта.

2022 йил Марказий Осиё халқлари учун таҳликали, таҳдидли, хавотирли бошланди, десак хато қилмаган бўламиз. Қўшни Қозоғистондаги нотинчликлар барчамизни ҳушёр торттирди.

Ўзбекистонда яқинда рўй берган фожиали воқеалар минтақамизда беқарор вазиятни вужудга келтиришга уринаётган бузғунчи кучлар мавжуд эканини яна бир бор тасдиқлади.

Марказий Осиё хавфсизлиги бугун ҳар қачонгидан-да долзарблик касб этмоқда. Бўлиб ўтган хавотирли воқеалар ҳам буни тасдиқлайди. Қўшниларимизнинг бир-бири олдидаги масъулияти тобора ортмоқда. Бугун таҳдидлар замонавий тус олмоқда. Борган сари такомиллашмоқда. Бу ўз-ўзидан минтақа мамлакатлари Хавфсизлик Кенгашлари ва махсус хизматлари раҳбарларининг мунтазам маслаҳатлашувларини йўлга қўйишни тақозо этмоқда.

Тараққиёт билан тафаккур ўртасидаги тафовут нималарга олиб келишини ўз кўзимиз билан кўрдик. Мамлакатларимиз мустақиллигини қадрлашимиз кераклигини янада чуқурроқ англадик. Минтақа тинчлиги тақдирига бефарқ қараб бўлмаслигини тушуниб етдик.

Таҳдид. У ичкими ёки ташқи бўладими барибир хавфли. Таҳдид вайронкор хусусиятга эга. Таҳдид тараққиётнинг ашадий душмани. Таҳдид мамлакатлар мустақиллиги учун хатарли. Таҳдидни пайдо бўлишига, ривожланишига йўл қўйиб бўлмайди. Бунинг учун энг аввало, минтақа бирдамлигига эришиш керак.

Якдиллик реал тушунча. Унинг сабаб ва оқибатлари билан ҳам ҳисоблашиш зарур. Узоқни кўра олиш тамойили бугун дунё учун баҳсталаб. Чунки жуда узоқни кўришга интилган одам яқиндаги масалаларга унча аҳамият бермаслиги маълум. Бугунни яхшироқ кўриш керак, эртани ҳам назардан қочирмаслик зарур. Қолганини вақт яъни олий ҳакам кўрсатади.

Марказий Осиё бирлиги тушунчасига ҳамма ўз дунёқарашидан келиб чиқиб ёндашади. Лекин Марказий Осиёни Яратганнинг ўзи бир бутун қилиб яратганини мутлақо инкор этиб бўлмайди.

Бу бутунликни бузишга, синдиришга, пароканда қилишга қадим ва яқин тарихимизда кўп бора уриниб кўрилган. Лекин натижа ҳаммага маълум. Бу фақат таназзулга олиб келган...

ТОШКЕНТ ТИНЧЛИК ТАШАББУСКОРИ...

Марказий Осиё тарихий-жуғрофий, қулай жойлашув ўрни билан ҳамма замонларда йирик империяларнинг нишонига, қизиқишига, манфаатлар тўқнашуви марказига айланган. Мазкур масаланинг энг мураккаб ва хавотирли томони шундаки, Марказий Осиё мамлакатларини бирортасини алоҳида тасаввур қилиб бўлмайди. Марказий Осиё деган тушунча қайси томондан қарасангиз ҳам бир бутунлик касб этади. Демак Марказий Осиёда юз берган ҳар қандай ҳодиса умумаҳамиятга эга ҳисобланади.

Марказий Осиё бир бутунлигини тан олмаган йилларимиз ҳам бўлди. Беш томонга тортдик. Чегараларни ёпиб қўйдик, сув бермадик. Электр қувватидан узиб қўйдик. Табиий газ сотишни тўхтатдик. Ёвлашдик. Ҳатто бир-биримизга қурол ўқталдик. Лекин 25 йил давом этган бу душманчиликдан ҳеч қайсимиз ютмадик. Аксинча ютқаздик. Тараққиётни бой бердик. Ривожланишдан ортда қолдик. Бир-неча авлодларни йўқотдик. Чегара борасида ҳам келишолмадик. Бир тўхтамга, қарорга келолмадик. Аксинча, бир-биримизни иғво қилдик. Тарихий ҳақиқатдан юз ўгирдик. Умумқадриятларимизни оёқ ости қилдик. Иқсодиёт пароканда бўлди. Борди-келди йўқолди. Қуда-андачиликка чек қўйилди. Қариндош-уруғчилик йўлларига тикон сим тортилди. Бу қайсидир маънода улкан империяларнинг тегирмонига сув қўйди. Уларнинг манфаатлари учун хизмат қилди. Қайсини ўчи бўлса, ёки етовига юрмасак, ўз қўлимиз билан ўзимизни маҳв этди. Мана биз Марказий Осиёликлар нималарни йўқотдик?

Қандай эзгуликларни, ҳар беш томонга ҳам манфаат келтирувчи муҳим тараққиётни бой бердик?

Қанча даҳолар, қанча арбоблар, қанчадан-қанча буюкман деганлар ўтди. Лекин бирортаси Марказий Осиё бирдамлиги борасида муҳим қадамни ташламади. Бу борада келишувга эришолмади. Сиёсий иродасини намоён қилмади. Аксинча, вазиятни янада мураккаблаштиришга, таранглаштиришга ҳаракат қилишди. Бир томонда ҳарбий куч-қудратларини намойиш этишса, бошқа томонда ахборот жанги авж олди. Бизни бу гумроҳлигимиздан қанчалар фойдаланишди.Умуммақсадларимиз, мумманфаатларимиз барбод бўлди. Ташқи ёвуз кучларга аслида мана шу керак эди. Энг ачинарлиси бу қора кунлар бир ёки икки йил эмас балки, йигирма беш йилга чўзилди.

2016 йилга келиб, Президент Шавкат Мирзиёев иқтидорга келгандан сўнг, Марказий Осиё узра 25 йиллик музлар эриди. Совуқчиликка барҳам берилди. Ўзбекистон раҳбари буни жуда тез амалга оширди. Бутун дунё ҳамжамияти лол қолди. Ҳайратдан ёқа ушлади.

Жаҳон сиёсий майдонида, халқаро экспертлар эътирофларида “Шавкат Мирзиёев дипломатияси”, “Мирзиёев жасорати”, “Мирзиёевнинг сиёсий иродаси”, “Мирзиёевнинг тарихий хизматлари”, “Мирзиёев Марказий Осиё лидери”... каби ҳаққоний иборалар пайдо бўлди.

Президент Шавкат Мирзиёев Марказий Осиё дипломатиясида бутунлай янги саҳифа очди: Беш томонлама манфаат, беш томонлама тинчлик, беш томон учун ҳам таҳдид... Бундай буюк ва оқилона мақсад ҳеч қачон илгари сурилмаган эди. Фақат ҳамма ўз манфаатини ўйлар, бир-биридан душман ясар, халқларимизни ёвлаштириш учун интиларди.

Президент Шавкат Мирзиёев бир вақтнинг ўзида барча иллатларни таг-томири билан суғуриб ташлади, Марказий Осиё бутунлиги, ажралмаслиги, бир тану, бир жонлигини тиклаш учун майдонга чиқди. Барча азобларга, қийинчиликларга, хўрликларга, инсон ҳуқуқларини халқаро доирада қўпол равишда бузилишларига барҳам берилди.


Марказий Осиёнинг нафақат ўтмиши ёки бугуни балки, келажаги бир сўз билан айтганда тақдири ҳам бир.

Мустабидлик азоблари, мустақиллик машаққатлари бир. Фақат 2016 йилга келиб, Шавкат Мирзиёев томонидан мана шу тарихий адолат тикланди. Иқтисодий ҳамкорлик, ўзаро алоқалар бутунлай янгича мазмун-моҳият касб этди. Арзончилик, тўкинчилик юз берди. Бир-бирини қўллаб-қувватлаш, бир-биридан хабардорлик, кўмак, меҳр-оқибат ортди.

Лекин бу вазият ҳаммага ҳам бирдай маъқул бўлмаслигини инкор этмаслик, унутмаслик керак. Марказий Осиё бирлигини хоҳламайдиганлар, тинчлигига раҳна солишга уринадиганлар ҳам борлигидан кўз юмиб бўлмайди. Ана шундай кучлар ўзбек билан қирғиз, қирғиз билан тожик, қозоқ билан қирғиз, ўзбек билан қозоқ ўртасида уруш чиқаришга жуда кўп марта ҳаракат қилишди. Демак Марказий Осиё бирлигини истамайдиганлар ҳам борлигини доимо ёдда сақлашимиз керак. Қутқуларга учмаслик, алданмаслик, бундай кучларга эргашмаслик жуда-жуда муҳимдир. Айниқса ёшларимиз онгига Марказиё Осиё бирдамлиги, жипслиги ғоясини сингдириш ишларига алоҳида эътибор қаратишимиз шарт ва зарурдир. Гарчи нифоқлар девори қулаган бўлса-да, ўша эски даврларни қумсайдиганлар ҳам топилиб туради.

Тошкент Марказий Осиё учун тинчлик ташаббускори бўлиб қолаверади.

Рустам ХОЛМУРОДОВ,
Шароф Рашидов номидаги
Самарқанд давлат университети ректори, профессор,
Олий Мажлис Сенати аъзоси.

Ўхшаш янгиликлар

Янгиликка фикр ёзиш чоп этилган кундан 30 кун ичида мумкин.

Сўнгги янгиликлар

Shimoliy poytaxt Oʻzbekistonlik sayyohlarni tashrif buyurishga taklif qiladi

Sankt-Peterburg dunyodagi eng goʻzal shaharlardan biri boʻlib, u oʻz mehmonlariga qiziqarli vaqt oʻtkazish uchun koʻplab variantlarni...
12-11-2024, 15:42

Дональд Трамп муҳожирларни депортация қилиш қарорига изоҳ берди

АҚШда президентлик сайловларида ғалаба қозонган Дональд Трамп сайловолди кампаниясидаги оммавий депортация ҳақидаги ваъдасини бажаришдан...
12-11-2024, 15:30

Trillion qulaylik imkoniyatlari: har bir foydalanuvchi uchun METTA stullari

Qiziqarli fakt: METTA innovative ergonomics kompaniyasi har bir inson uchun Yer yuzida boshqа о’rindiqlardan farq qiluvchi o‘zigа xоs...
12-11-2024, 15:05

Ўзбошимчалик билан эгалланган ер ва ундаги кўчмас мулкка мулк ҳуқуқини эътироф этиш ҳақидаги Қонун кучга кирди

Кеча, 8 ноябрь кунидан ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер ва ундаги кўчмас мулкка мулк ҳуқуқини эътироф этишга оид Қонун кучга кирди....
8-11-2024, 22:46

Айрим тадбиркорларга тўланган солиғининг бир қисми қайтариб берилади

Ҳукумат Қарори билан тасдиқланган Низомга кўра, 2024-йил 1-октябрдан бошлаб туроператорлик ва меҳмонхона хизматларини кўрсатувчи...
8-11-2024, 22:44
Ўзбекистон янгиликлари » Жамият » ТОШКЕНТ ТИНЧЛИК ТАШАББУСКОРИ...