ИЛМ ЙЎЛЛАРИ САМАРҚАНДДАН СОРБОННАГАЧАМИ?

ИЛМ ЙЎЛЛАРИ САМАРҚАНДДАН СОРБОННАГАЧАМИ?
АЁЛ ВА ЖАМИЯТ

Самарқанд давлат университети халқаро ҳамкорлик бўлими услубчиси, Зарифа Эшмуродова билан суҳбат

-Мактаб остонасига қадам қўйган дастлабки кунимданоқ муаллимимга ҳавас қилиб, ўқитувчи бўлишни орзу қилганман, дейди Зарифа Эшмуродова.- 5-синфда француз тили дарслари ўтила бошланди. Ўқитувчимиз узоқ жойдан қатнаб дарс ишларди. 6-синфга ўтганимизда устозимиз келмай қўйди. Дарсларимиз ўтилмасдан қолди. Ўшанда мактабимиз директорига бошқа ўқитувчи топиб беришини айтганман. 13 ёшли қизнинг директор олдига кирганига ҳайрон қоламан баъзида. Шу тариқа чет тили ўқитувчиси йўқлиги 2-3 йил давом этди. Шунда, чет тили фани ўқитувчиси бўламан, деб француз тилини ўрганишга киришганман.

-Франциянинг Сорбонна университетига боришингиз қандай бўлди?

-Ҳозирда таянч докторантман, диссертациямни деярли тугатиш арафасидаман. 2019 йил “Эл-юрт умиди” жамғармасининг докторантура йўналиши бўйича стипендияси совриндори бўлдим. Аммо коронавирус пандемияси туфайли хорижга кета олмадим. Сорбонна университетида мана шу тадқиқотни олиб бориш учун 3 йил муддатга жўнаб кетишим керак эди. Пандемия тугашини кутиб ўтирмасдан ишимни Ўзбекистонда бошлаб юбордим. Пандемиядан кейин Сорбонна университети профессори Александр Строев билан озроқ муддатга бўлса-да диссертация устида бирга ишладик. Илмий тадқиқот мавзуим “Француз ва ўзбек достонларида этномаданиятга хос лексемаларнинг лингвосемантик майдонлари (“Chanson de Roland” ва “Алпомиш” достонлари материали асосида)”.

-Сорбонна университети ҳақида ҳам тўхталсангиз?

-Сорбонна университети жуда катта ва дунё рейтингининг кучли 100 талик рўйхатидан тушмайдиган даргоҳ. Франциядаги йирик ўқув ва илмий марказлардан бири. 1150 йили асос солинган. 1215 йил черков мактаби негизида вужудга келиб, Европада биринчи дунёвий университет ҳисобланган. Дастлаб санъат, ҳуқуқ, илоҳиёт, тиббиёт факультетлари бўлган. 1257 йил Парижнинг Лотин кварталида Сорбонна, деб аталган коллеж ташкил этилган (асосчиси — Р.Де Сорбон номи билан боғлиқ). 17-асрда Сорбонна коллежи билан Париж университети қўшилиб, уларнинг ҳар икки номи айнан ишлатила бошлади. А.Лавуазе, Л.Пастер, П.Кюри, Ж.Б.Перрен, П.Ланжевен каби машҳур олимлар фаолияти ушбу университет билан боғлиқ. Университет ҳуқуқ ва иқтисодиёт фанлари, табиий фанлар, адабиёт ва ижтимоий фанлар, тиббиёт, фармокология бўйича мутахассислар тайёрлайди. Университетда бир қанча илмий тадқиқот институтлари, марказлар, олий мактаблар, кутубхоналар мавжуд. Бугунги кунда ушбу университетда 250 мингдан ортиқ талаба таълим олади. Бу ерда барча соҳаларда тадқиқот доираси жуда кенг, бир сўз билан айтиш қийин. Масалан, француз тилига хорижий тилларнинг таъсири, инглиз, араб, хитой тиллари, янги технологияларнинг пайдо бўлиши ва франсуз тилига янги атамаларнинг кириб келиши, тил тарихига оид тадқиқотлар, икки тиллиликка оид илмий қарашларни ўз ичига олади.

-Сарбонна университети таълим жараёнлари, тадқиқот йўналишлари СамДУ дан нимаси билан фарқланади?

-Келажакда бизнинг университет ҳам Сорбонна каби дунё рейтингидан тушмайдиган таълим муассасасига айланишини жуда истардим. Сорбоннада ҳар бир соҳа бўйича алоҳида илмий-тадқиқот институти ташкил қилинган, уларнинг ҳар бирида алоҳида тармоқлар мавжуд. Масалан, Paris-3 университети фақат филология йўналишида таҳсил олувчилар учун. Бакалавр босқичида ўқиш муддати 3 йил, магистратура 2 йил, докторантура 3 йил этиб белгиланган. Талабалар жуда эркин, уларга мустақил ўқишлари учун кўпроқ вақт ажратилади. Аудитория соатлари камроқ.

ИЛМ ЙЎЛЛАРИ САМАРҚАНДДАН СОРБОННАГАЧАМИ?

-Университет кутубхонаси ҳақида ҳам айтиб берсангиз.

-Сорбонна университети кутубхонаси жуда бой кутубхоналардан бири. Менга устозлик қилган профессор Александр Строев университетга борган илк кунимданоқ кутубхонага аъзо бўлишимга кўмаклашиб, аъзолик гувоҳномаси олиб берди. Дастлаб, мен ушбу гувоҳнома билан фақат Сорбонна университети кутубхонаси билан ишлайман деб тушундим, аммо бунақа эмас экан. Ушбу кутубхона билети билан бутун Франциядаги давлат университетлари кутубхоналаридан фойдаланиш мумкин экан. Аввало, каталогдан адабиётларни топиш учун компъютерга мурожаат қиласиз, сиз излаётган китоб қайси университет кутубхонасида борлиги, нечта нусхада эканлиги, кимдир фойдаланишга олган бўлса қайси санада қайтариши ҳам ёзилган бўлади. Китоб саҳифаларидан чекланган ҳолатда нусха олишингиз мумкин. Жуда кўп китобларнинг электрон варианти ҳам бор, бу фойдаланувчига қулайлик туғдиради. 1900 йиллардан кейин нашрдан чиққан деярли барча китобларнинг электрон вариантини топса бўлади.
Сорбонна кутубхонасидан ташқари INALCO - Франция Шарқ тиллари ва ривожланиш миллий институти кутубхонаси билан ишлаб, у ерда ҳам диссертациямга тааллуқли адабиётлар билан танишдим. Мен учун энг қизиқарли бўлган маълумот, буюк аллома бобомиз Мирзо Улуғбекнинг “Зижи Жадиди Кўрагоний” китобининг асл нусхаси мана шу кутубхонада сақланаркан.


-Сорбоннада дарс жараёнлари ва таълим тизимини кузатиб қандай хулосаларга келдингиз? Улардан қайси усулларни Ўзбекистонда ҳам қўллаш мумкин, деб ўйлайсиз?

-Мен университетга борган вақтимда ўқув жараёни деярли тугаган, айни имтиҳонлар вақти экан. Францияда талабаларга имтиҳон вақтлари кутубхоналарга эртароқ бормасангиз жой топа олмайсиз. Бу ҳолат мени ниҳоятда қувонтирди. Ҳар бир талаба, магистр ёки докторант, ҳатто профессор-ўқитувчилар ҳам бевосита кутубхонанинг ўзида, адабиётлар билан ишларкан. Университет кутубхоналарида талабалар орасида дарс қилиб ўтирган профессор, фан докторларини учратиш табиий ҳол экан. Францияда талабаларга мустақил топшириқлар аудитория машғулотларига қараганда кўпроқ берилади, улар асосий вақтини ўз устида ишлашга сарфлайди. Бу жуда яхши.

-Бугунги кунда Францияда француз халқ оғзаки ижоди ва замонавий адабиёт масаласи қай даражада? Бу борада қандай ишлар амалга оширилган?

-Халқ оғзаки ижодида бизчалик кўп қилинган ишларни учратмадим, аммо Ўрта асрлар адабиёти жуда бой. Париж кутубхонасидан деярли ҳар бир ноёб адабиётларнинг асл нусхасини топдим. Францияда Европа мутахассислари томонидан ўзбек халқ урф-одатлари, Самарқанд, Бухоро ҳақида ёзилган диссертациялар билан танишиш ҳар бир ватандошимизга фахр туйғусини берса керак деб ўйлайман. Мана шундай диссертациялардан бирининг муаллифи, INALCO - Франция Шарқ тиллари ва ривожланиш миллий институти профессори Катерин Пужол “Ўзбекистон йўллар кесишувида” мавзусида диссертация ҳимоя қилган. Франциядалигимда Катерин Пужол билан суҳбатда бўлдим. У киши билан аввало INALCO ва СамДУ ўртасида шартнома асосида университет талабаларига Ўрта Осиё халқлари тарихи ва маданиятидан масофавий тарзда дарс ташкил қилиш ҳақида таклифлар алмашдик.

-Келгусидаги режаларингиз

-Режаларим жуда кўп. Келгусида докторлик ишимни Францияда қилиш фикри ҳам йўқ эмас. Бу бўйича баъзи профессорлардан таклиф ҳам келиб тушган. Аввало PhD диссертациямни ҳимоя қилиб олганимдан кейин бу масала ҳақида ўйлаб кўришим мумкин. Диссертациямга тааллуқли бўлган ўзбек этномаданий лекесемалари ҳақида француз тилида монография ёзиш ва Европада чоп қилиш ниятим бор.

- Ўз тадқиқотини хорижда давом эттирмоқчи бўлган олимларга қандай маслаҳат ва тавсиялар берган бўлардингиз?

-Аввало, мутахассислик фанини яхши ўзлаштириш керак. Шу билан бирга албатта бирор хорижий тилни мукаммал ўрганиш лозим. Ҳозирги кунда магистратура босқичига ҳужжат топширишда чет тили сертификатларининг талаб қилиниши мутлақо тўғри. Чунки хорижий тилни билмаган тадқиқотчи халқаро майдонга чиқа олмайди. Чет тилини билган одам учун хорижда тадқиқот олиб бориш имконини берадиган бир қанча грантлар мавжуд. Интернет орқали ҳужжатларини тақдим этиб, бемалол хорижда таҳсил олиш имкониятини қўлга киритишлари мумкин.

Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати ходими
Ирода Бекмуродова суҳбатлашди.

Ўхшаш янгиликлар

Янгиликка фикр ёзиш чоп этилган кундан 30 кун ичида мумкин.

Сўнгги янгиликлар

Shimoliy poytaxt Oʻzbekistonlik sayyohlarni tashrif buyurishga taklif qiladi

Sankt-Peterburg dunyodagi eng goʻzal shaharlardan biri boʻlib, u oʻz mehmonlariga qiziqarli vaqt oʻtkazish uchun koʻplab variantlarni...
12-11-2024, 15:42

Дональд Трамп муҳожирларни депортация қилиш қарорига изоҳ берди

АҚШда президентлик сайловларида ғалаба қозонган Дональд Трамп сайловолди кампаниясидаги оммавий депортация ҳақидаги ваъдасини бажаришдан...
12-11-2024, 15:30

Trillion qulaylik imkoniyatlari: har bir foydalanuvchi uchun METTA stullari

Qiziqarli fakt: METTA innovative ergonomics kompaniyasi har bir inson uchun Yer yuzida boshqа о’rindiqlardan farq qiluvchi o‘zigа xоs...
12-11-2024, 15:05

Ўзбошимчалик билан эгалланган ер ва ундаги кўчмас мулкка мулк ҳуқуқини эътироф этиш ҳақидаги Қонун кучга кирди

Кеча, 8 ноябрь кунидан ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер ва ундаги кўчмас мулкка мулк ҳуқуқини эътироф этишга оид Қонун кучга кирди....
8-11-2024, 22:46

Айрим тадбиркорларга тўланган солиғининг бир қисми қайтариб берилади

Ҳукумат Қарори билан тасдиқланган Низомга кўра, 2024-йил 1-октябрдан бошлаб туроператорлик ва меҳмонхона хизматларини кўрсатувчи...
8-11-2024, 22:44
Ўзбекистон янгиликлари » Жамият » ИЛМ ЙЎЛЛАРИ САМАРҚАНДДАН СОРБОННАГАЧАМИ?