Кундалик ҳаётимизда нурланиш, радиоактивлик атамаларига тез-тез дуч келамиз. Кўпчилик уларнинг инсон учун зарарли эканлигини билса-да, асл моҳиятини яхши англаб етмайди. Ҳолбуки, атрофимизни ўраб турган оддий жисмлар, кундалик турмушда кенг фойдаланиладиган материалларда ҳам радиоактивлик хусусияти мавжуд бўлиши мумкин.
Самарқанд давлат универистети физика факультети магистри Моҳичеҳра Файзуллаева “Аҳоли яшайдиган бино иншоотларининг радиоактив радон газининг вақт вариацияси” мавзусида илмий тадқиқот олиб боради.
- Аҳоли яшайдиган биноларнинг асосий қурилиш материалларининг таркибида табиий ва сунъий радиоактив элементларнинг емирилиши натижасида радиоактив газ радон-222 изотопи ҳосил бўлади, - дейди тадқиқотчи Моҳичеҳра Файзуллаева. - Бу изотоп сувда яхши эрийди ҳамда ҳаво ва сув орқали одамнинг ички организмига тушиб турли хил патологик ўзгаришларга олиб келади. Шу сабабли ҳозирги кунда радон-222 радиоактив газини ўрганиш долзарбдир.
Табиий радиоактив изотопларнинг тарқалиши турли ҳудудларда ҳудуднинг географик жойлашувига боғлиқ равишда турлича бўлади. Радиоактив изотоплар кишилар организмига ҳаво, сув, истеъмол маҳсулотлари биологик занжири орқали ўтади ва кишиларнинг органларини ичкаридан нурлантирадиган ички нурланиш манбаи бўлиб қолади. Радионуклидларнинг организмда чиқарилиши, радионуклидларнинг физикавий-кимёвий хоссаларига, ярим емирилиш даврларига боғлиқ бўлиб, тўлиқ чиқарилмасдан организмдаги турли органларда (суякда, мушакларда, ўпкада ва бошқаларда) тўпланади. Кишилар организмига ўтган радиоактив изотопларнинг хавфсиз деб белгиланган чегаравий миқдоридан ортиб кетиши кишиларнинг ортиқча нурланиш олишига олиб келади. Ортиқча нурланиш эса соғлом ҳужайралар атомларини ионлаштириб, ҳужайраларни емиради, қон таркибини ўзгартиради, ҳаёт учун хавфли бўлган турли паталогик жараёнлар (саратон, насл касаллиги, бепуштлик, тери, қон касалликлари) келиб чиқишига сабаб бўлиши мумкин. Шунинг учун ҳам атроф-муҳит намуналарининг таркибидаги радионуклидлар миқдорини, ўзгаришини, миграциясини назорат қилиш, радионуклидларнинг тўпланишини камайтириш чора-тадбирларини излаш кишиларнинг радиацион хавфсизлигини таъминлашда табиий фанлар олдида турган долзарб муаммолардан бири ҳисобланади.