Айдар-Арнасой кўллар тизими мамлакатимиздаги энг йирик антропоген-ирригацион кўллардан бири ҳисобланади. Қизилқум ва Нурота тоғлари бағрида жойлашган ушбу кўл ўзига хос ноёб табиат бойликларига эга. Бугунги кунда ҳайвонот ва наботот олами хилма-хил бўлган бу маскан табиатни севувчи кўплаб сайёҳларни ўзига жалб қилиб келмоқда.
Узоқ йиллардан буён ушбу кўл ва унинг атроф ландшафтлари устида тадқиқот олиб бораётган география ва табиий ресурслар кафедраси профессори Субхон Аббасов ва доцент Нилуфар Сабирова томонидан тайёрланган “Айдар-Арнасой кўллар тизими атроф ландшафтларнинг экотуристик (маршрутли) хариталарини яратиш” мавзусидаги қиймати 800 млн. сўмлик лойиҳа Ўзбекистон Республикасининг инновацион ривожланиш стратегиясини амалга ошириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорининг “2022-2023 йилларда олий таълим ташкилотлари томонидан янги ишланма ва технологияларни яратиш ва жорий этишни амалга ошириш дастурлари рўйхатидан ўрин олди. Ушбу лойиҳани бажариш 2022 йилнинг 1 декабридан белгиланган.
Экотуризм бу- табиат билан танишиш, ундан завқ олиш билан биргаликда уларга эҳтиёткорона муносабатда бўлиш ва муҳофаза қилишга қаратилган туристик фаолиятдир. Туристларнинг кўллар тизимига саёҳати чоғида уни мазмунли ўтказиш учун экотуристик маршрутлар муҳим ҳисобланади, - дейди СамДУ доценти Нилуфар Сабирова. - Бу лойиҳада Айдар-Арнасой кўллар тизими атроф ландшафтларининг экотуристик маршрутли хариталари ва Айдар-Арнасой кўллар тизимининг экотуристик атласини яратиш режа қилинган. Шунингдек, бизнинг “Айдар-Арнасой кўллар тизими атроф ландшафтларининг экологик ҳолатини масофавий зондлаш ёрдамида мониторинг қилиш ва карталарини яратиш” мавзусидаги қиймати 400 млн. сўмлик яна бир лойиҳамиз Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 26 мартдаги “Айдар-Арнасой кўллар тизими бошқарувини ташкил этишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги 136-сонли қарори ижросини таъминлаш бўйича эълон қилинган танловга топширилган. Бугунги кунда ушбу тадқиқот объекти нафақат маҳаллий олимлар, шу билан бирга чет эл олимларини ҳам эътиборида бўлиб, ҳамкорликда халқаро лойиҳаларни бажариш мақсад қилинган.