1897 йилнинг октябр ойидан 1910 йил 29 август санасигача бўлган давр Корея тарихида “Сўнгги империя” даври сифатида кўрсатилади. Албатта, ушбу қисқа тарихий давр Корея давлати ва корейс халқи тарихининг муҳим даврларидан бири бўлиб, Чосон қироллигида сулола алмашинуви билан изоҳланади.
Мазкур сулола ҳокимият тепасига келиши билан мамлакатни империя деб эълон қилиш баробарида уни “Буюк Корея империяси” деб номлайди. Империя бошқаруви даврида ислоҳотлар амалга оширилиб, улардан кўзланган асосий мақсад Кореяни ғарблаштириш, мамлакатни замонавийлаштириш, ҳарбий, иқтисодиёт, ер эгалиги, таълим ва бошқа барча соҳаларни ривожлантиришдан иборат бўлди.
1905 йилда Япониянинг ҳукмронлигининг ўрнатилиши, 1910 йилда эса Япония мамлакат устидан ўзининг тўлиқ назоратини ўрнатиши империянинг тугатилиши билан якунланади. XIX асрнинг охири ва XX асрнинг бошларида Узоқ Шарқнинг деярли барча давлатларида жуда жиддий сиёсий ўзгаришлар юз бера бошлади. Албатта мазкур ўзгаришларда Ғарб давлатларининг ўрни катта бўлиб, уларнинг барчаси Хитойда устун мавқега эришиш ва шу сабаб Хитойнинг чегара ҳудудларида мустаҳкам плацдармга эга бўлиш учун курашни фаоллаштириб юборишган эди.
Қудратли давлатларнинг Кореяга кириб келиши ва ундаги устунлик учун курашлари турли кўринишларда ва усулларда олиб борилди. Россия Корея масаласида ўзининг ташқи сиётини қўшничилик нуқтаи назаридан олиб бориб, устунлик учун курашда Хитойнинг имкониятларидан фойдаланишга ҳаракат қилган бўлса, Буюк Британия ва АҚШ бошқача йўлдан боришади. Улар Япониянинг қўли билан ўзларининг Узоқ Шарқдаги мавқеини мустаҳкамлаш ва ушлаб туришни режалаштиришди.
Россия ўзининг Кореядаги миссиясини имкон қадар ҳукуматдаги ўзига ҳайриҳоҳ бўлган гурухлар ёрдамида самарали амалга ошириш учун уларни ҳарбий жиҳатдан қўллаб қувватлайди. Улар Кёнбоккундаги қирол саройини эгаллаш ва шу орқали қиролни японлар таъсиридан озод қилишни режалаштиришади, аммо режа амалга ошмайди. Россиянинг вакили К. И. Вебер Корея ҳукумати вакиллари билан музокаралар олиб бориб, қирол Кочжон Россиянинг қўллашига ва шу орқали Япониянинг таъсиридан чиқиб кетишни режалаштиради.
Россиянинг ёрдамида Кочжон дарҳол эркакларнинг сочларини олиб юришлари тўғрисидаги қарорни бекор қилади. Ундан ташқари қирол японпараст ҳукуматнинг аъзоларини қўрқитиб қўйиш ва ўз томонига ўтишларини таъминлаш мақсадида уларнинг етакчиларини қатл қилишга буйруқ беради. Ҳибсга олинганлар орасида Ким Хончжип, Чон Бёнха, О Юнчжуна кабилар бўлиб, улардан ташқари яна кўплаб етакчилар Японияга қочиб кетишга улгуради.
Кочжон Россиянинг дипломатик қўллаши сабаб мамлакатда Россиянинг устунлигини таъминлаш учун янги қарорлар чиқара бошлади. Император Николай II нинг 1896 йил 22-24 май кунлари бўлиб ўтган тож кийдириш маросимида ҳам муносабатлар яхшилиги сабабли Кореядан Мин Ёнхван (1861-1905) бошчилигидаги дипломатик миссия ҳам иштирок этади.
Тантанали маросим якунига етганидан кейин кореялик делегатлар Санкт-Петербургдаги музокараларда иштирок этиш учун яна бир неча ой Россияда қолишади. Улар бешта асосий масалани муҳокама қилишади. 1) Кореяга рус ҳарбий мутахассисларини юбориш; 2) Корея ҳукумати таркибига рус маслаҳатчиларини тайинлаш; 3) қиролнинг шахсий гвардиясини бошқариш; 4) Сибир телеграф тармоғини Кореянинг шимолидаги телеграф тармоғи билан бирлаштириш ва Кореяда янги телеграф тармоқларини қуриш; 5) Кореяга Япония олдидаги 3 миллион иен миқдоридаги қарзини қайтариш учун заём ажратиш.
Корея учун музокаралар омадли якун топган деб ҳисобланган. Сабаби Россия томони фақатгина қиролнинг шахсий гвардияси масаласига ижобий жавоб қайтарилган эди. Бошқа масалалар қисман очиқ қолади ва бу Россиянинг Япония билан муносабатларини ёмонлаштирмаслик учун эди. Шундай бўлсада, музокаралар якунига етганидан кейин дарҳол Бош штаб полковник Д. В. Путят бошчилигидаги ҳарбий мутахассислар гурухини Кореяга элчилар таркибида бўлган Мин Ёнхван билан бирга юборади. Тез орада Корея армиясини ислоҳ қилиш режаси тайёр бўлади. 1897 йил Кореяга Россия божхона бошқармаси вакили К. А. Алексеев етиб келади ва у тез орада Корея Молия вазирининг бош масалаҳатчиси этиб тайинланади. 1897 йил декабарда Рус-Корейс банки ташкил этилади ва у янги ҳукуматнинг молия соҳасидаги сиёсатини қўллаб-қувватлаши керак эди.
Умуман олганда Россия Кореяда устун мавқега эришиш учун кураш олиб боради. 1896 йил 14 май куни Сеулда ва шу йилнинг 9 июнь куни Москвада Россия ва Япония ўртасида бир нечта муҳим хужжатлар имзоланиб, уларда Кореяда ҳар иккала мамлакатнинг тенг имкониятларга эга бўлиши кўрсатиб ўтилган эди. Аслида бунга яна бир сабаб қирол Кочжоннинг Россияга нисбатан симпатиясининг юқорилигида эди.
Россиядан юқори даражадаги дипломатик миссия келганидан ва музокаралар ўтказилгандан кейин, қирол ўзининг маслаҳатчилари ва ҳукумати вакилларига бир неча марта мурожаат қилади ва уларда Кореянинг Россия, Япония ёки бошқа бирор бир Ғарб давлатлари билан алоқаларини устун мавқега кўтариш масаласи кўриб чиқилади.
Шу билан бирга Кореяда мамлакатни ташқи таъсирлардан бутунлай холи қилиш тарафдорлари ҳам бўлиб, уларнинг етакчиси АҚШ бўлиб турган Со Чжэпхиль (1866-1951) ҳисобланиб, 1884 йил Кореяда давлат тўнтаришига уринишдан кейин АҚШга қочиб кетиб, АҚШда Вашингтон университетини тамомлаб, ўша ерда Арстронг фамилияли аёлга уйланади, АҚШ фуқаролигини қабул қилади ва Филип Джейсон исмини олади.
АҚШ ҳукумати қандайдир йўллар билан Со Чжэпхилни сиёсий ва молиявий жиҳатдан қўллаб турган. Бу эса унга 1896 йил 7 апрелда Корея тарихида биринчи марта корейс тилидаги — «Мустақиллик газетаси» («Тоннип синмун») ни ташкил этиш имконини беради. Газетанинг охирги саҳифаси инглиз тилида нашр этилиб, «Индепендент» (инглизча “мустқақиллик”) номи билан номланган. Аммо корейс тарихшунослигида мазкур газета Корея ҳукуматининг ёрдами билан ҳафтада уч марта нашр қилинганлиги кўрсатиб ўтилган.
Со Чжэпхилнинг атрофига ўнлаб корейс ёшлари тўпланади. Улар ҳам Кореядаги кўзга кўринган оилаларнинг фарзандлари бўлиб, улар Кореяни ислоҳотлар ва ўзгаришлар орқали озод қилиш мумкин деб ҳисоблаганлар. Кореянинг тарихий адабиётида Со Чжэпхилнинг АҚШдан Кореяга қайтиши билан боғлиқ бир неча саналар берилиб, уларда: 1894 йил — ислоҳотлар бошланиши билан, 1895йил 26 декабрь ва 1896 йил — сиёсий саҳнадан қиролича Мин ва унинг тарафдорлари кетиши билан.
Кореялик яна кўплаб кишилар мамлакатдан ташқарида ўзларининг фаолиятларини олиб бориш билан бирга ислоҳотларнинг тарафдорлари эди. улардан Юн Чхихо (1865-1946), 1881 йил ҳукумат делегацияси билан бирга Японияга борган, кейинроқ АҚШда таълим олиб, АҚШнинг Кореядаги биринчи элчиси бўлган X. Футага таржимон сифатида ёрдам берган. У ҳам 1884 йилга давлат тўнтаришида иштирок этган ва АҚШга кўчиб кетган. Ли Санчжэ (1850-1929), Кореянинг мустақиллиги учун ҳаракатнинг энг фаол аъзоларидан бири. АҚШда дипломатик миссия таркибида фаолият кўрсатган. 1890 йилларнинг охирларида жуда муҳим давлат мансабларида фаолият кўрсатган.
Уларнинг фаолиятлари сабаб XIX асрнинг охири ва XX асрнинг бошларида Кореяда жуда мураккаб сиёсий вазият юзага келди. Жамият амалда бир неча гурухга парчаланиб кетди. Ҳукумат таркибида ҳам шунга ўхшаш холатларни кўриш мумкин эди.
Кореяда Япония ва Россия манфаатлари тўқнашар экан қирол Кочжон Корея тарихида алоҳида из қолдиришга ҳаракат қилади. Бунда у Кореяни мамлакат тарихида биринчи марта империя деб эълон қилади. Ўзини эса император деб эълон қилади. Шу билан бир қаторда Кореяга янги ном беради ва бу ном Хитойнинг Мин сулоласи берган (Чосон — «Тонгги тароват») номдан бутунлай фарқ қилиши лозим эди. Кочжон ўз давлатига «Буюк Хан» (Тэ-хан) номини берди. Корейс тилида «Хан» дастлабки учта корейс протодавлати номлари билан боғлиқ эди. Буюк сўзи эса Япониянинг ислоҳотлардан кейин Буюк Япония империяси номланиши билан боғлиқ бўлиб, Кореяни ҳам шундай буюк империяга айлантиришни орзу қилган.
Кореянинг Хитой ва Япония билан қўшни эканлигини инобатга олган холда Кочжон 1897 йил 17 августдан янги ҳукумат — кванмунинг янги шиорини эълон қилади. Бу янги шиор «Равшан ва жанговор» деб номланиб, унга кўра янги ташкил этилган Корея қудратли, ривожланган давлат бўлиши лозим эди. Император Кочжон бошқаруви даврида қатор ислоҳотлар амалга оширилиб, бир томондан монархияни мустаҳкамлашга қаратилган бўлса, бошқа томондан армия ва бутун мамлакатни замонавийлаштириш мақсад қилинган.
Император тожини кийдириш маросими расмий равишда 1897 йил 12 октябрь куни амалга оширилиб. Кванму ислоҳотлари тарихий адабиётларда ижобий баҳоланади. Ислоҳотлар сабаб ҳарбий тизим жорий қилинди. Қуруқлик ва ҳарбий денгиз флоти раҳбарлигини императорнинг ўзи шахсан қабул қилиб олади. 1898 йилда зобитлар мактаби ташкил этилади. Император ҳукумати таълимнинг ривожига, чет тилларини ўрганиш ва техниканинг тараққиётига алоҳида эътибор қаратади. Шунингдек, тиббиёт, ички ва ташқи савдо, янги завод ва фабрикалар, темирйўллар қурилишига ҳомийлик қилади. Ҳукуматнинг иштироки ва ҳомийлигида Хансон ынхэн («Пойтахт банки») ва Тэхан чхонилъ ынхэн («Буюк Кореяда Биринчи Самовий банк») ташкил этилади. Тиббиёт тизимида бутун мамлакат бўйлаб кенг қамровли эмлаш ишлари амалга оширилади. Ерга эгалик муносабатларида қонунчилик тартиблари бирмунча ўзгартирилади. Бу соҳадаги қонунлар халқаро стандартларга мослаштирилади. Хориждаги қишлоқ хўжалиги соҳасида эришилган ютуқлар кенг жорий қилина бошлади.
Қудратли Ғарб давлатлари Кореяда ўзининг ҳукмронлигини ўрнатишларига ва ўзларига бўйсиндиришга ҳаракат қилишларига қарамасдан Император Кочжон мустақил ташқи сиёсат олиб боришга ҳаракат қилган. 1899 йил Хитой билан янги савдо шартномаси имзоланиб, бу шартнома Кореянинг халқаро холатини маълум даражада ўзгартириб юборган эди.
1899 йил янги хужжат имзоланиб, у «Буюк Кореянинг давлат қурилиши» деб ном олган. Бу хужжат аслида Кореянинг биринчи конституцияси эди. Шу тариқа Корея XIX асрнинг охирларида дунё учун очиқ, мустақил мамлакатга айланди. Мамлакатнинг барча соҳаларида ижтимоий, иқтисодий, сиёсий ва ҳарбий ислоҳотлар бирдек олиб борилган.
Аммо мамлакатнинг жанубий – шарқий қисмида ривожланиб бораётган ва қудрати ортиб бораётган Япония давлати мавжуд бўлиб, ўзининг ташқи сиёсатида босқинчилик ва колониал сиёсатни фаол равишда олиб бормоқда эди. Бу эса ислоҳотларни бошлаб юборган ва замонавий давлатга айланиш йўлидан бораётган Буюк Корея империяси учун энг асосий хавфлардан бири эди.
Ҳасанбой Ўрунов,
Самарқанд давлат университети магистри.