Ҳар бир юртдошимиз кўнглида янги ўзгаришларга интилиш кучайган.
Ўзбекистон Конституцияга киритилиши кўзланаётган ўзгариш ва қўшимчалар жараёнидаги халқимиз муҳокамаларида ҳам кўрдик. Юртга дахлдорлик туйғуси, ўз келажагига бефарқ эмаслиги шу жараёнларда фаол қатнашган юртдошларимиз мисолида янада яққол кўринди.Ушбу сиёсий жараёнларни бевосита кузатиб, бир нарсага амин бўлдимки, бошланаётган янги даврдаги ўзгаришларга фуқароларимиз бефарқ бўлмасдан, ўзлари ташаббускор бўлиб, кўплаб таклифлар берди, ислоҳотларимизни фаол қўллаб-қувватлади.
Ўзгаришлар ўз-ўзидан рўй беравермайди. Эртанги куни бугунидан яхшироқ бўлишни истаган, тенглар ичра тенг бўлиши қалбида бўлган элнинг интилишлари керак. Тафаккуридаги ўзгаришлар, ҳаётига, турмуш тарзига кўчиши лозим. Биз ҳозир одамлар турмуш тарзида, жамиятда бўлаётган кўплаб ўзгаришларга гувоҳмиз.
Президентимиз ташаббуслари билан кейинги йилларда мамлакатимизда маънавий-маърифий ишларни кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Айниқса, маданий-гуманитар йўналишда – маданият, кино, рақс ва тасвирий санъат соҳаларини, адабиёт ва китобхонликни ривожлантириш бўйича амалга ошираётган ишларимиз халқимизга яхши маълум. Хусусан, халқаро мақом анжумани, бахшичилик ва миллий ҳунармандчилик фестивалларини ташкил этганимиз ва юксак савияда ўтказганимиз Янги Ўзбекистонни дунёга кенг тарғиб этишда муҳим аҳамиятга эга бўлди. Бундай ёндашув бугунги ва келгуси ривожланишимиз учун мустаҳкам пойдевордир.
Миллий тарихимизни холис ва ҳаққоний тадқиқ этиш учун бугунги кунда Ўзбекистонга оид хориждаги маданий бойликларни тадқиқ этиш маркази, Фанлар академияси қошида Ўзбекистоннинг янги тарихи маркази, “Ўзбекистон тарихи” телеканали фаолият кўрсатмоқда. Ислом дини ривожи йўлида беқиёс хизмат қилган буюк муҳаддис боболаримизнинг диний ва илмий-маънавий меросини ўрганиш ва тарғиб этиш мақсадида Самарқандда – Имом Бухорий, Сурхондарёда – Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари, шунингдек, Тошкентда Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази иш олиб бормоқда.
Тошкент шаҳрида барпо этилаётган Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази халқимизнинг бой диний-маънавий меросини чуқур ўрганиш ва дунёга тарғиб этиш, ёш авлодимизни миллий ва умумбашарий қадриятлар руҳида тарбиялашда беқиёс ўрин тутадиган илм-маърифат марказига айланади.
Қувонарлиси, ҳозирги мураккаб ва шиддатли замонда маънавий-маърифий ишларнинг ўрни ва таъсири тобора ортиб бораётганини ҳисобга олиб, бу соҳадаги фаолиятни янада кучайтиришга алоҳида аҳамият берилмоқда. Эътиборлиси, Янги Ўзбекистон нуфузли халқаро ва минтақавий ташкилотларда барча соҳалар қатори маънавий-маърифий масалаларга оид ташаббусларни ҳам дадил ўртага қўймоқда. Айниқса, Президентимизнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида “Маърифат ва диний бағрикенглик” резолюциясини қабул қилиш бўйича илгари сурган ташаббуслари халқаро жамоатчилик томонидан кенг қўллаб-қувватланиб, мазкур резолюция қабул қилинганини алоҳида таъкидлаш лозим.
Шунингдек, давлатимиз раҳбарининг Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашининг саммитида илм-фан, таълим, маданият ва санъат соҳаларини, шунингдек, туркий дунё бирлигини ривожлантиришга улкан ҳисса қўшган атоқли шахсларни рағбатлантиришга қаратилган яна бир муҳим ташаббуси қабул қилиниб, Туркий кенгашнинг Алишер Навоий номидаги халқаро мукофоти таъсис этилди. Биз буни барча туркий халқларнинг фахру ифтихори бўлган ҳазрат Алишер Навоий бобомизга, шундай улуғ зотларни тарбиялаб вояга етказган халқимизга бўлган юксак ҳурмат-эҳтиром ифодасидир.
Шу ўринда айтиш лозимки, олти йил олдинги халқимиз билан бугунги юртдошларимизнинг дунёқараши, турмуш тарзи ўртасида катта фарқ бор. Ўтган қисқа даврда жамиятимизнинг сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, маданий-маърифий қиёфаси ҳам тубдан ўзгарди. Буларнинг барчаси аҳоли даромадларининг изчил ўсаётгани, одамларнинг шахсий уй-жой ва сифатли истеъмол товарлари билан таъминланаётгани, яшаш учун зарур инфратузилманинг кенгайиб бораётганида намоён бўлаётир. Бунинг исботини одамлар ҳаётида, турмушида ҳис қилаётгани ва буни ҳозир ҳар қадамда эътироф этаётгани мисолида ҳам кўриш мумкин.
Ўзбекистонда инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, қонун устуворлиги, очиқлик ва ошкоралик, сўз эркинлиги, мажбурий меҳнатга чек қўйиш ва очиқ сиёсат юритиш бўйича эришилган ютуқларни бугун халқаро ҳамжамият алоҳида эътироф этмоқда.
Албатта, бунга ўз-ўзидан эришилгани йўқ. Президентимиз қаерга бормасин, аҳоли билан учрашиб, уларнинг хоҳиш-истаклари, қизиқишлари, дуч келаётган муаммоларига алоҳида эътибор берди, маҳаллама-маҳалла юриб, одамларнинг дарду ташвишини эшитди. Шу орқали одамлар қалбига йўл топилди. Натижада одамларнинг руҳиятида катта ўзгариш юз берди. Фуқароларнинг ижтимоий фаоллиги ортди, сиёсий хабардорлик даражаси кўтарилди.
Шу давр мобайнида нафақат одамларнинг ҳар лаҳза оғир тегирмон тошидек елкасида юк бўлиб келган энг катта муаммосига ечим топилди, шу билан бирга, халқ ҳаётидан узилиб қолган айрим раҳбарлар халқ ичида юришга, фуқаролар билан юзма-юз учрашиб, уларнинг дарду ташвиши билан яшашга ўрганди. Энг муҳими, одамларнинг кайфияти, дунёқараши ва ҳаётга муносабати ўзгариб, эртанги кунга мустаҳкам ишонч пайдо бўлди.
Илгари тарихда бўлмаган секторлар тизими жорий қилиниши эса давлат органларини аҳоли билан янада яқинлаштириш, халқ билан тизимли мулоқотни йўлга қўйишда муҳим омил бўлмоқда. Жамиятда камбағаллик ва ишсизликка барҳам беришни кўзда тутувчи, аҳолининг энг қийналган, шароити оғир қатламини қамраб олувчи “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтар”лари жорий этилиб, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламлари тизимли қўллаб-қувватланмоқда. Уй-жойга муҳтож ўн минглаб юртдошларимиз ўз бошпаналарига эга бўлиб, бахтиёр турмуш кечиришмоқда. Турли бюрократик тўсиқларга барҳам берилиб, кўплаб қулайликлар яратилмоқда. Ёшлар, хотин-қизлар, ногиронлиги бор шахсларга ҳам катта имтиёз ва имкониятлар берилмоқда.
Инсон муносиб шароитда таълим-тарбия олиб, фаровон ҳаёт кечирган тақдирдагина, жамият ва давлат уйғунликда барқарор ривожланади. Шунинг учун ҳам бугунги кунда жаҳон миқёсида инсон ҳуқуқ ва эркинликларига, ушбу тушунчалар билан боғлиқ рейтинг ва стандартларга биринчи даражали аҳамият берилмоқда.
Ёшлар янгича фикрлашга, янги-янги ғояларни дадил ўртага ташлаб, уларни амалга оширишга, муаммоларни ижодий ва ностандарт ёндашувлар асосида ҳал этишга мойил бўлади. Шу боис юртимизда ёш авлод вакилларининг билим олиши, илм-фан, инновациялар, адабиёт, санъат ва спорт соҳасидаги истеъдод ва салоҳиятини юзага чиқариши, уларнинг жамиятимизнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида фаол иштирок этиши учун барча шароитларни яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бу борада давлатимиз раҳбари ташаббуслари асосида катта ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, мамлакатимизда юқори билим ва малакага эга бўлган, рақобатдош кадрлар тайёрлаш мақсадида олийгоҳлар сони 150 тага яқин, 30 га яқин хорижий олий таълим муассасасининг филиаллари очилди. Ҳолбуки, 2016 йилда республикамиздаги олийгоҳларнинг сони 77 та эди. Қисқа муддатда бу борада қарийб икки-уч баробар ўсишга эришганимиз.
2016 йилда бизнинг Самарқанд давлат университетида талабалар сони 6000 дан зиёд эди. Ҳозирга келиб 30000 га яқинлашди ва кейинги 3 йилда 11 та ўқув ва лабаратория бинолари, ётоқхоналар қурилиши давом этмоқда. Мазкур иншоотлар асосан бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан қурилмоқда ва ушбу бунёдкорлик ишларига молиявий имконият яратилганлигини ҳам алоҳида таъкидлаш керак. Ҳозирда университетимизнинг Каттақўрғон ва Ургут филлиаллари фаолиятини бошлади. Шунингдек, Агробиотехнологиялар ва озиқ-овқат хавфсизлиги ҳамда Муҳандислик физикаси институтларига бу йил биринчи марта қабул эълон қилинди.
Ҳозирги вақтда юртимизда “Янги Ўзбекистон мактаб остонасидан бошланади” деган ғоя асосида мактаб таълими тизимида ҳам катта ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Тошкент шаҳрида ва ҳудудларимизда Президент мактаблари, ижод ва ихтисослашган мактаблар сони кўпайиб бормоқда. “Беш муҳим ташаббус” дастури, “Баркамол авлод” марказлари доирасида ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш учун турли тўгараклар ташкил этилиб, юз минглаб бола қамраб олинмоқда. Шунингдек, таълим муассасалари, кутубхона ва ўқув марказларига 100 мингдан зиёд санъат ва спорт инвентарлари, компьютерлар, 600 мингдан ортиқ китоблар етказиб берилди.
Инсон – давлат ва жамият учун мақсадга эришиш воситаси эмас, аксинча, ана шу мақсаднинг бош мазмуни ва манбаи ҳамда энг олий қадрият бўлиши лозим. Олти йил олдин “Инсон – жамият – давлат” тамойили асосида ислоҳотлар пойдеворига тамал тоши қўйилган эди. Эндиликда ушбу ёндашувни ҳаётимизда бош қадриятга айлантириш қолди, холос.
Шубҳасиз, янгиланаётган Ўзбекистон барқарор иқтисодиёт, эркин ва фаровон ҳаётга эга, жаҳонда ҳурмат-эътибор қозонган, ўзи танлаган тараққиёт йўлидан изчил ривожланиб бораётган мамлакатга айланади. Меҳнаткаш, олижаноб халқимиз барча соҳаларда янада улкан муваффақиятларни қўлга киритаверади.
Суннатулло Мухиддинов,
Самарқанд давлат университети
Самарқанд тамаддуни тарихи кафедра мудири