Корея давлати ва корейс халқининг тарихи узоқ ўтмишга бориб тақалади. Корея давлатининг қулай географик жойлашуви унинг кейинги тараққиётида муҳим ўрин тутиб, ташқи душманларнинг қизиқишидан четда қолмади. Биз кўриб чиқаётган Корея тарихининг ушбу даври аввало, давлат тепасида янги сулола яъни Ли сулоласи ҳукмронлигининг ўрнатилиши ва ундан кейинги давлат тараққиёт босқичларини қамраб олади.
Маълумки, Ли сулоласи ҳукмдорлари давлат тепасига мўғуллар босқинидан сезиларли фарқ ўтмай туриб ҳокимиятга келган бўлсалар-да бу даврда сиёсий беқарорлик ҳукм сураётган эди. Ли сулоласи асосчиси саркарда Ли Сонг Ге ҳам тахтни эгаллаган вақтда ёши кексайганлиги сабабли ўғиллари ўртасида тож-у тахт учун кураш авж олиб кетди.
Аҳамиятли жиҳати шуки, Ли сулоласи ҳукмдор вакиллари томонидан кейинги даврларда давлат бошқарувидаги ҳар қандай соҳа бошқарув аппарати, ижтимоий-иқтисодий соҳалар, маданий ва маърифий соҳалар, ҳаттоки диний ишлар ҳам эътибордан четда қолмади. Бундай жадал ислоҳотлар ва ривожланишлар биринчи галда бошқарув салоҳиятига эга қироллар ҳамда қўшни Хитой давлатидан кириб келган қатор ўзгаришлар натижасида амалга оширилди.
НАТИЖАЛАР
Давлат лавозими эгалари фаолиятининг доимий назоратда бўлганликлари, турли хил суистеъмолликларга қарши жамиятда тутган мавқеидан қатъий назар ҳар қандай шахс учун жазонинг муқаррарлиги корейс халқининг қирол бошқарувига нисбатан бироз бўлса-да ишончни уйғота олди.
Корея яриморолидаги кейинги ривожланишларда қўшни Хитой ва Япония сивилизатсияларининг ҳам ўрни катта бўлса ҳам, ўз ўрнида Корея император сарой аъёнлари, олимлари ҳам ўзларининг мўжизаларини ярата олдилар. Фақатгина қўшни давлатлардан “кўчириш ёки ўғирлаш” билан чекланиб қолмадилар. Аҳамиятли жиҳати, кейинги даврларда инсон ва унинг яшаш, мулкка эгалик қилиш каби ҳуқуқлари император томонидан чиқарилган қонунларда ўз аксини топганлигида бўлди. Масалан қирол Ёнчжон даврида инсонларни тергов вақтида қийноқларга солишни тақиқловчи каби фармонлари шулар жумласидандир.
МУҲОКАМА
Ли Сон Ге ҳокимиятга келгандан сўнг, корейс давлатига Чосон номини берди ва мамлакат пойтахтини Кегёндан Ханан (Сеул)га кўчирди. Ли Сон Ге ҳокимиятга келган вақтда кексайиб қолган эди. Шу боис тахт учун унинг ўғиллари орасида келишмовчиликлар бўлиб турди. Унинг катта ўғли Ли Бан Вон ёки ван Тхежон (1401-1418) Чосон ҳукмдори бўлди. Янги сулолага асос солиниши билан Корёнинг заифлашиб қолган марказлашган ҳокимият бошқарувини мустаҳкамлаш борасида чора-тадбирлар амалга оширилди. Мухолифатни бостириш мақсадида ван Конян ва унинг ўғиллари ҳамда эски сулола тарафдорлари қатл этилди. Амалдорларнинг аввалги мансаблари бекор қилинди. Фақатгина ваннинг энг яқин қариндошларигина мансабга эришиш ҳуқуқига эга бўлдилар, қолганлар, хусусан, “таъсирли оилалар” умумдавлат миқёсида 18-даражадаги лавозимларнигина эгаллаши мумкин эди. Давлат бошқаруви фаолиятини яхшилаш учун бир қатор ҳукумат ташкилотлари тарқатиб юборилди. Баъзи давлат тузилмалари қисқартирилди. Ван тасарруфида бош вазир ва унинг икки ўринбосаридан иборат олий ҳукумат органи - Давлат йиғини (Ийчжонбу) ташкил қилинди. Барча давлат ташкилотлари 6 вазирлик бўйича тақсимланди: 1) амалдорлар бўйича; 2) молия; 3) мудофаа; 4) тантаналар; 5) адлия; 6) ҳунармандчилик ва жамоат ишлари, Вазирликлар билан бирга давлат бошқарувида 3 та назорат девонхона “сам са” (назорат) тузилди.
Биринчи - девонхона ваннинг нотўғри ҳаракатлари ва қарорларини танқид қилган;
Иккинчиси - амалдорлар фаолиятини назорат қилган;
Учинчиси эса ваннинг илмий фаолиятига жавоб берган ва конфуцийлик руҳида расмий тарихни ёзиш учун материаллар йиғиш билан шуғулланган. Ислоҳотлар туфайли самарали давлат бошқарув девонхонаси шаклланган. Бу борада шуни айтиш керакки, мамлакат пойтахтида амалдорлар 500-600 кишини ташкил қилган. Ли сулоласи даврида мамлакат аҳолиси 3 миллиондан 11 миллионга кўпайган. Марказлашган ҳокимиятни мустаҳкамлаш учун барча шахсий ҳарбий гуруҳлар тарқатиб юборилган. Умумий ҳарбий мажбурият асосига қурилган доимий армия марказий ва вилоят қўшинларига бўлинган. Қўшинларни сақлаш захирадагилар зиммасига тушган бўлиб, уларнинг асосини деҳқонлар ташкил этган. Давлат ҳудудини ҳимоя қилиш мақсадида мамлакат бўйлаб гулханли сигналлар ва почта хизмати тизими жорий этилган. Мамлакат 8 та маъмурий бўлинмага бўлинган бўлиб, ушбу бўлинмалар, ўз навбатида, округлар, волостлар, уездлар ва префектураларга бўлинган. Барча раҳбар амалдорлар пойтахтдан тайинланган. Раҳбар ва маҳаллий амалдорлар орасида порахўрликнинг ҳамда ажралиб кетишларнинг олдини олиш мақсадида ротатсия тизими жорий этилган: яъни амалдорлар бошқараётган ҳудудлардан бошқасига ўтказиб турилган. Мансабдор шахслар доимий инспексион назоратда бўлиб, уларнинг фаолияти расмий ва яширин тафтишдан ўтказилган. Пойтахтда махсус дўмбира ўрнатилган. Уни чалиш орқали амалдорларнинг фаолиятини суиистеъмол қилиши ёки уларнинг ножўя ишлари ҳақида маълумот берилган. Энг қуйи даражадаги қишлоқ уюшмалари ханяк - маҳаллий бошқарув шакли бўлган. Унинг фаолиятига конфуцийлик таълимоти асосидаги тартиб-интизомни сақлаш, майда ўғриликлар учун жазо белгилаш, маблағ ажратиш, мактаблар ташкил қилиш, жамоат ишлари ва маросимларнинг бажарилишини назорат қилиш кирган. Чосонни бошқарганлар сулолавий оқсуяклардан иборат бўлган янбанлардан ташкил топган бўлиб, улар фуқаровий ва ҳарбий зодагонларга бўлинган. Ванбанлар лавозим учун давлат имтиҳони топширишган. Унча кўп бўлмаган юқори мартабалилар авлодигина “аждодларга хизмати” ёки “эзгу хизматлари” учун имтиҳонсиз лавозимга эга бўлиши мумкин бўлган. Фуқаролик лавозимлари учун имтиҳонга фақатгина янбанлар оиласига мансуб кишиларгина (бу конфуцийлик давлатчилиги меъёрларига зид бўлган, лекин XVI асрдан бошлаб анъана тарзида ёзила бошлаган) қўйилган бўлса, ҳарбий амаллар учун ўрта табақага мансуб ва вилоятлардан келган кишилар қо'йилган. Янбанлар даражасига кўра фарқланган. Улар барча мажбуриятлардан озод қилинган. Янбанлар ўзаро ички никоҳни қайд этиш орқали ёпиқ табақага айланган. Давлат лавозимлари чегараланган бир даврда янбанлар табақасининг ўсиши ҳукуматни уларга нисбатан қатор чекловлар жорий қилишга мажбур қилди.
Биринчидан, иккинчи никоҳдан ёки янбан бўлмаган онадан туғилган фарзанд амалдор бўла олмаган, ёки вилоятлардаги юқори лавозимларга тайинланмаган.
Иккинчидан, ер ва ойлик маошсиз, лекин янбан статусини сақлаб қолувчи қатор сохта лавозимлар жорий этилган. Янбанлардан кейинги табақада чунинлар (“ўрта кишилар”) - табиблар, таржимонлар, ҳаттотлар, ҳисобчилар, ҳуқуқшунослар, рассомлар, мунажжимлар, геомантлар, бошқа мутахассислар ва кичик амалдорлар турган. Улар худди янбанлар каби жисмоний ва меҳнат мажбуриятларидан озод қилинган. Кўпинча, улар янбанларнинг асир аёллардан туғилган фарзандлари бўлиб, бу даража уларнинг хизмат соҳасидаги юқори мартабаси бўлган. Чунинларга сулолавий кичик амалдорлар (сори, хянри, тхогими) - девонхона ходимлари ҳам кирган. Улар ҳам меҳнат ва жисмоний мажбуриятлардан озод қилинган. Кейинги ўринда солиқ тўловчилар турган. Бу қатлам санинлар (“оддий одамлар”) ёки янинлар (“эркин одамлар”) деб номланган. Улар эркин деҳқонлар, ҳунарманд ва савдогарлардан ташкил топган. Бу қатламнинг юқорисида бадавлат деҳқонлар ёки халлян (“бекорчи оддий одамлар”) турган бўлиб, улар ўзларини янбанлар деб аташган. Ундан қуйида синян ёкчхон - кон ва давлатга қарашли устахоналар ишчилари, дарахт кесувчилар, балиқчилар, туз тайёрловчилар кирган. Кейинги ўринларда қарам деҳқонлар ва “жирканч касб эгалари” (қассоблар) мўйнадўзлар, кўча артистлари, қомлар ва хонинлар (“қабиҳ одамлар”) кирган. Аҳоли ўртасида солиқ тўловчилар ва ҳарбий мажбуриятга алоқадор кишиларнинг сонини ошириш мақсадида ҳукумат доимий равишда ноиблар сонини камайтириб, уларни давлатга қарашли деҳқонларга айлантирган. Солиқ тўлашдан бўйин товлаганларни рўйхатдан чиқариш мақсадида замонавий пасспортлар кўринишидаги махсус тахтача жорий этилган. Ҳокимиятга Ли сулоласи келиши билан неоконфуцийлик янги давлат ғоясига айланган. Жамият тараққиёти учун бўлган эҳтиёж “нирвана”га бо'лган буддавийлик йўналиши ва ҳаётга бо'лган муносабат каби ечилмаган муаммоларни фаол ва амалий тарзда ечишни талаб қилар эди. Буддавийлик барча фалокатларнинг сабабчиси деб эълон қилинди. Буддавийлик ибодатхоналари қарам деҳқонларидан маҳрум бўлди ва уларга тегишли ерлар бир неча баробар қисқартирилди. Айнан мана шундай сабабга кўра даотсизм ҳам ўзининг тарафдорларидан маҳрум бўлди (1518-йил Сеулда марказий даотсийлик ибодатхонаси ёпилган). Сеулда ва вилоятларда конфуцийлик мактаблари очилган. Давлат Кенгаши билан бирга давлат маслаҳатчилари Палатаси ҳам жорий этилган бўлиб, унга конфуций олимлари кирган. XVI асрда конфуций олимлар шарафига бағишланган конфуцийлик ибодатхоналари - савонлар ташкил қилинган бўлиб, вақт ўтиши билан улар маҳаллий сиёсий марказларга айланган. Конфуцийликнинг мавқеи кучайиши натижасида Кореяда ижобий ўзгаришлар юз берди. Аввало, қиролга барча итоат қилиши билан боғлиқ конфуцийлик меъёрлари мустаҳкамланди, бу марказлашган давлатнинг муҳим шарти эди. Бошқа томондан, хатоларни эътироф этиб, уларни тузатиш йўли билан камолотга эришиш қироллик оиласига ҳам жорий қилиниши, давлат бошлиғи томонидан яқинлари ва олимларни рўйхатга киритиб, бошқарувда янгиликлар жорий этилишига сабаб бўлди. Корея қироллари халққа қилган мурожаатларида ўз хатоларини бир неча марта тан олган ва уларни тузатишга ваъда берган. Корея тарихида қироллик бошқарувини такомиллаштириш борасида олимлар ва амалдорлар ўзларининг таклифларини билдирганлар. Неоконфуцийлик давлат ғояси тарзида шаклланишида сиёсий кучлар бир хил бўлмаган. Чосон даврининг дастлабки ўн йилликларида эътиқодли конфуцийлар, “хизмат кўрсатган амалдорлар” - хунгулар кўпроқ таъсир доирасига эга бўлиб, ҳокимиятга эгалик қилганлар. Бироқ, вақт ўтиши билан жамият ҳаётида ислоҳотлар ғоясини илгари сурган неоконфуцийлар ёки саримлар (“олимлар ўрмони”) етакчилик қилган. Шу боис Ван Сончжон (1469- 1494) даврида улар юқори лавозимларни эгаллаганлар. Бироқ, 1498-йилда регент Ёнсан Гун (1494-1506) даврида хунгулар тавсиясига кўра, кўплаб юқори мартабали саримлар ўлдирилган ёки сургун қилинган. Бунинг сабаби ван Сежо (1455-1468) даврида вояга етмаган ван Танжон (1452- 1455)нинг амакиси ноқонуний тахтни эгаллаб, уни вилоятга юборган. 1457 -йили эса унга ўзини ўзи ўлдириши тўғрисидаги буйруқни юборган. Буддавийликнинг мавқеини қайта тиклашга қаратилган ҳаракати учун у узурпал номини олган ван Чунжон (1506-1544) даврида саримлар ислоҳотлар ўтказишга ҳаракат қилганлар. Айнан мазкур ислоҳотлар “хизмат кўрсатган амалдорлар”нинг тинчлигига бирмунча хавф солган, жумладан, давлат имтиҳонлари орқали амалдорларни тайинлаш иқтидорли одамларнинг кашф этилишига сабаб бўлган. Бироқ, 1519- йилда хунгулар курашнинг янги кўринишини бошлаган ва мазкур курашларда кўплаб ислоҳотчилар жон берган. Ван Сончжо (1567-1608) даврида саримлар ғалаба қозонганлар. Бироқ, икки ўртада неоконфуцийларга рақобатчи партия (“пундан”) пайдо бўлиб, дастлаб шарқий ва ғарбий, кейинчалик шарқий партия жанубий ва шимолий гуруҳларга бўлинган. Шундай қилиб, корейс неоконфуцийлигида қатор мактаб ва йўналишлар ривожланган. Чон Гван Чо (1482-1519) қонун асосида марказлашган давлат қуришга қаратилган легистлар мактабига асос солган. Чон Гван Чо ўқимишли бўлишга эътибор қаратган. Унинг фикрича, дунёни билиш асосида инсонда тафаккур ривожланган. Айнан бу ғоядан келиб чиқиб, у лавозимлар берилиши бўйича давлат имтиҳонлари расмиятчилик кўринишини олишига қарши чиққан ва унинг ўрнига ижтимоий мавқеидан қатъи назар, иқтидорли шахсларни давлат лавозимларига жалб этиш масаласини илгари сурган. Ҳар бир киши учун камолотга эришиш имкони мавжуд. Айнан ахлоқ ва одоб, ўзаро ёрдам меъёрлари бажарилишини назорат қилиш орқали қишлоқ конфуцийлик жамоасига ёрдам бериш мумкин. Чон Гван Чо “куч ва қо'рқув”га асосланган ғояларга қарши “халққа муҳаббат” ва “одилона бошқарув”га асосланган “қироллик ё'ли” номли консепсияни илгари сурган. Бироқ кейинчалик саримлар қувғин қилинган вақтда олим ҳам ўлдирилди. XV-XVI асрларда Ким Си Сип (1435 1493) ва Со Кён Док (Хвадам, 1489-1546) етакчилигида фалсафий материализмга асосланган мактаб пайдо бўлди. Ким Си Сип-атеизм йўлига кирган биринчи корейс файласуфи ҳисобланади. У руҳнинг абадийлиги ва жаннат ёки дўзах ҳақидаги қарашларни, шомонлар фаолиятини ёлғон деб талқин қилади. Омад ва омадсизлик одамнинг ўзига боғлиқ. Руҳлар тўғрисидаги тушунчалар одамлар онгидаги фантазия маҳсулидир. Ким Си Сип халқни “гуманистик бошқариш” тарафдори бо'лган. Аллома ўзининг асарларида оддий халқ ҳаётининг азоб-уқубатлари ҳақида ёзиб, ҳукмдорларнинг ҳашаматли ҳаётини танқид қилади. Айнан халқни шафқатсиз бошқариш усули қўзғолонларга сабаб бўлади, дейди. Айнан бу даврнинг машҳур алломаларидан бири Со Кён Докдир. Унинг қарашларига кўра, инсонга туғилишидан бошлаб инсонийлик ва адолат тушунчалари ҳамроҳдир. Бироқ, ҳавойи истаклари ва таъмагирликлар уларни йўлдан оздиради. Шунинг учун инсон доимий равишда ўзини ахлоқий тарбиялаб бориши зарур. Хвадам оилавий сағаналар учун деҳқонлар ерларини босиб олгани сабабли нафақат зодагонларни, балки ҳукмдорни ҳам танқид қилади. Файласуф яна мақсадсиз анъанага айланган қатор маросимлар борасида ҳам фикр билдирган. XV-XVI асрлар - ислоҳотлар даври бўлиб, фан маданий ютуқлар ва маданият соҳасида катта ютуқларга эришилган. Илмий-техникавий йўналишдаги ютуқлар аввало амалий аҳамият касб этган. Бу даврда об-ҳаво ва булутларни кузатиш ривожланган, юлдузлар харитаси, ёмғир миқдорини ўлчовчи асбоб, топографик асбоблар, аниқ тақвим, нотали ёзув, қуёш ва сув соатлари яратилган. Шу билан бирга қуролсозлик, кемасозлик ва матбаачиилик соҳасида ҳам катта ютуқларга эришилган. Тиббиёт соҳасида 1445- йили 365 китобдан иборат “Даволаш ё'ллари мажмуаси”(1445 й.) ва 85 китобдан иборат “Маҳаллий дорилар ҳақида ма'лумотлар мажмуаси” (1456 й.) номли фундаментал ишлар чоп этилган. Айнан мазкур ишлар орасида охирги китобда касалликларни даволаш бўйича 955 та мақола, 10706 рецептлар ва 1477 та игна санчиб даволашга оид тавсиялар берилган. 1610- йилда “Шарқ табобати хазинаси” номли китоб нашр қилинган. Унда Хитой ва корейс табобатига оид 500 дан ортиқ рисолалар ўрин олган.
Ҳасанбой Ўрунов,
Самарқанд давлат университети магистри.