Яхши мураббий, тинимсиз меҳнат, тўғри ҳаракат, ишонч, жасорат ва энг асосийси кучли ирода бу спортчининг асосий қуролидир…

Яхши мураббий, тинимсиз меҳнат, тўғри ҳаракат, ишонч, жасорат ва энг асосийси кучли ирода бу спортчининг асосий қуролидир…
Самарқанд давлат университети спорт фаолияти ва санъат факультети талабаси, оғир атлетика бўйича ёшлар ҳамда ўсмирлар ўртасидаги Жаҳон ва Осиё чемпионати ғолиби Ҳожиакбар Олимов билан суҳбат…

- Спортга қандай кириб келгансиз ва оғир атлетикани танлашингизга сабаб нима?

- Болалигимдан спортга бўлган қизиқиш юқори бўлган. Спортчиларга доим ҳавас билан қараганман. 8 ёшлигимда бувим залга қўлимдан етаклаб олиб кирган. Дастлаб бир йил муай тай спорти билан шуғулланганман. Маълум бир сабабга кўра бу зал фаолиятини якунлади. Кейинчалик дўстларим билан ҳаваскор сифатида тренажор залларига қатнай бошладим. Тош кўтариб, ким ўзарга пойга ўйнардик. Энг қизиғи, бу бўйича бизда мураббий ҳам бўлмаган. Залда биздан ёши катта акаларимиз ўзларича турли хил усулларни ўргатишарди. Шундай қилиб оғир атлетикага меҳр қўя бошлаганман.

Келажагимни шу спортда кўра олганим учун илк марта Элмурод Эркаев мураббийлиги қўл остида астойдил шуғулланишга ҳаракат қилдим.

Яхши мураббий, тинимсиз меҳнат, тўғри ҳаракат, ишонч, жасорат ва энг асосийси кучли ирода бу спортчининг асосий қуролидир…


- Илк ғалабангизни эслай оласизми ва у сизда қандай таассурот қолдирган?

- Албатта, чамаси 10 ёшларда эдим. Ўзбекистон чемпионатида бронза медаль соҳиби бўлганман. Бунда 38 кг. вазн тоифасида иштирок этиб, 30 кг. даст кўтариш, 45 кг. эса силтаб кўтариш машқини бажарганман. Шунда ич-ичимдан ушбу спортни танлаганимга яна бир карра қувонганман. Лекин мендан кўра бувижоним кўпроқ қувонган, учинчи ўринни олганимни эшитиб, қувонч кўз ёшларини тиёлмаган. Бу мен учун жуда катта ғалаба бўлган. Шу ғалабадан сўнг мактабда синфдошларим, устозларим менга ҳавас билан қарашни бошлаган. Ундан кейин мусобақаларимиз давомий бўлиб, вилоят, республика чемпионатларда иштирок этиб, доим медаль билан қайтишга ҳаракат қилардим.

- Ўзбекистон терма жамоаси аъзосиз. Унга қабул қилиш шартлари қандай ва қачон қабул қилингансиз?

- Ўзбекистон терма жамоасига 2017 йил аъзо бўлганман. Ҳақиқатдан ҳам Ўзбекистон терма жамоасига ҳаммани ҳам қабул қилишмайди. Бунинг учун ўзига яраша қўйиладиган талаблар бор. Шу талаблардан келиб чиқиб, яъни бир неча марта Ўзбекистон чемпионатида ғолиблигим ва спорт устаси мақомига эга эканлигим сабаб қабул қилинганман.

- Спортдаги энг катта ғалабангиз нима? Жаҳон ва Осиё чемпионатидаги иштирокингиз ҳақида айтиб берсангиз?

- Юқорида таъкидлаганимдек, илк мусобақам мен учун энг катта ғалаба бўлган, яъни Ўзбекистон чемпионатида учинчи ўринни қўлга киритганлигим. Чунки, бу мусобақа кейинги фаолиятим учун катта йўл очиб берган. Ўз олдимга катта мақсадларимни қўйишга сабаб бўлган ва мени янада кучлироқ бўлишга ундаган.

Ундан ташқари 2019 йилда Шимолий Кореяда Осиё чемпионатида 67 кг. вазн тоифасида иштирок этиб, даст кўтаришда 125 кг., силтаб кўтаришда 154 кг. натижани қайд этиб, бронза медалига сазовор бўлганман. 2020 йил Тошкентда Жаҳон чемпионатида 81 кг. вазн тоифасида қатнашиб, 150 кг. даст кўтариш, 180 кг., силтаб кўтариш машқларини бажариб, бронза медалига эга бўлдим. 2021 йилда эса пойтахтимизда ўтказилган Осиё ўйинларида кумуш медални қўлга киритганман. Жорий йилда Грециянинг Ираклон шаҳрида ўтказилган Жаҳон чемионатида 89 кг. вазн тоифасида силтаб кўтариш машқларида 188 кг. натижани қайд этиб, кумуш медални ғалабаларим сафига қўшиб қўйдим. Ундан ташқари яқинда Тошкентда ўтказилган Осиё ўйинларида олтин ва иккита кумуш медаль соҳибиман…


- Чемпионатларда неча кг. гача бўлган тошни кўтаргансиз?

- Даст кўтаришда Грециянинг Ираклон шридаги Жаҳон чемпионатда 149 кг.ни , силтаб кўтаришда эса яқинда Тошкентда бўлиб ўтган Осиё чемпионатида 192 кг. натижани қайд этганман. Бу менинг мусобақаларимдаги энг юқори натижаларим.

- Машғулот жараёнидаги шахсий рекордингиз қанча?

- Машғулотларда даст кўтаришда 155 кг., силтаб кўтаришда эса 195 кг. натижани қайд этганман.

- Кўриниб турибдики, машғулот билан чемпионатдаги рекордларингиз ўртасида бироз фарқ бор, буни қандай изоҳлайсиз?

- Машғулотда қанча қийин бўлса, жангда шунча осон бўлади деган нақлни ўз шиоримга айлантирганман. Ҳар бир чемпионат олдидан тайёргарлик жараёнлари бўлади. Спортчи билан жароҳатлар доим ҳамроҳ бўлар экан. Машғулотларда кун сайин қийинчилик, турли хил жароҳатларга дуч келасиз. Баъзида мусобақаларда жароҳатлар билан чиқишга тўғри келади. Шу сабабдан машғулотдаги ҳисоблар билан мусобақадаги натижаларда фарқ бўлиши табиий. Кейин мусобақаларда вазиятдан келиб чиқишга ҳаракат қиламиз, кўп ҳолатда катта таваккал қилинади.

- Айнан нега Самарқанд давлат университетида ўқишни танлагансиз ва сизнинг бу даргоҳ ҳақидаги тассуротларингиз қандай?

- Самарқанд давлат университетида ўқиш менинг орзуйим эди. Албатта, мен бунга эришдим. 2020 йилда талабалик бахтига муяссар бўлдим. СамДУ ни Марказий Осиё ва бутун Осиёнинг энг улуғ, энг қадимий илм-маърифат даргоҳи деб биламан. Бу ердаги муҳит жуда яхши. Назарий ва амалий билимлардан ташқари, инсонийлик илмини ҳам ўрганмоқдаман. Ёшларга берилаётган эътибор, яратилган шароитлар мени доим хурсанд қилган. Мусобақаларга чиққанимизда доим бизни қўллаб-қувватлаб келишади. Қайсидир маънода мен бундан мотивация оламан. Бунинг учун СамДУ рекроти, профессор, Олий Мажлис Сенати аъзоси Рустам Холмуродовга миннатдорчилик билдираман. Самарқанд давлат университети мен учун жуда қадрли ва бу ерда таълим олаётганимдан ғурурланаман, фахрланаман.


- Келажакдаги режаларингиз қандай?

- Буюк мақсад сари улкан режаларни амалга оширишни ният қилганман. Жаҳон чемпионатида мутлоқ ғолибликни қўлга киритмоқчиман. 2028 йилда АҚШ нинг Лос-Анжелес шаҳрида ўтказиладиган Олимпиада ўйинларида чемпион акаларим, Руслан Нуриддинов ва Акбар Жўраевлар каби иштирок этиб, юртимиз шарафини юксакларга кўтармоқчиман. Шунингдек, жаҳон ва олимпиада рекордини янгилаш ниятим бор.

- Сиз учун спорт қачонгача давом этади?

- Спорт ҳаётимга айланган, ўзимни спортсиз тасаввур қилолмайман. Қачондир спортдаги фаолиятим тугаши мумкин, лекин мен учун спорт тугамайди. Мен доим спорт билан бирга яшашда давом этаман.

- Ҳаётда сиз учун нима қадрли?

- Ҳаётда юртимиз, оилам тинчлиги ва уларнинг бахтли яшаши мен учун энг қадрлисидир.


- Бўлажак чемпионларга тавсияларингиз?

- Ҳаётда мақсад билан яшаш керак, спортда турли хил қийинчилик, тўсиқлар учраб туради. Буларни енгиш ярим мақсадга эришишдир. Яхши мураббий, тинимсиз меҳнат, тўғри ҳаракат, ишонч, жасорат ва энг асосийси кучли ирода бу спортчининг асосий қуролидир. Мана шуларга эга бўлган спортчи ҳақиқий чемпиондир.


Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати ходими
Беҳруз ШАМСИДДИНОВ суҳбатлашди,
Шавкат АКРАМОВ олган суратлар.

Ўхшаш янгиликлар

Янгиликка фикр ёзиш чоп этилган кундан 30 кун ичида мумкин.

Сўнгги янгиликлар

Shimoliy poytaxt Oʻzbekistonlik sayyohlarni tashrif buyurishga taklif qiladi

Sankt-Peterburg dunyodagi eng goʻzal shaharlardan biri boʻlib, u oʻz mehmonlariga qiziqarli vaqt oʻtkazish uchun koʻplab variantlarni...
12-11-2024, 15:42

Дональд Трамп муҳожирларни депортация қилиш қарорига изоҳ берди

АҚШда президентлик сайловларида ғалаба қозонган Дональд Трамп сайловолди кампаниясидаги оммавий депортация ҳақидаги ваъдасини бажаришдан...
12-11-2024, 15:30

Trillion qulaylik imkoniyatlari: har bir foydalanuvchi uchun METTA stullari

Qiziqarli fakt: METTA innovative ergonomics kompaniyasi har bir inson uchun Yer yuzida boshqа о’rindiqlardan farq qiluvchi o‘zigа xоs...
12-11-2024, 15:05

Ўзбошимчалик билан эгалланган ер ва ундаги кўчмас мулкка мулк ҳуқуқини эътироф этиш ҳақидаги Қонун кучга кирди

Кеча, 8 ноябрь кунидан ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер ва ундаги кўчмас мулкка мулк ҳуқуқини эътироф этишга оид Қонун кучга кирди....
8-11-2024, 22:46

Айрим тадбиркорларга тўланган солиғининг бир қисми қайтариб берилади

Ҳукумат Қарори билан тасдиқланган Низомга кўра, 2024-йил 1-октябрдан бошлаб туроператорлик ва меҳмонхона хизматларини кўрсатувчи...
8-11-2024, 22:44
Ўзбекистон янгиликлари » Жамият » Яхши мураббий, тинимсиз меҳнат, тўғри ҳаракат, ишонч, жасорат ва энг асосийси кучли ирода бу спортчининг асосий қуролидир…