Самарқанд давлат университети оптика кафедраси мустақил тадқиқотчиси, Венгриянинг Дебрецен университети докторанти Отабек Умаров билан суҳбат
-Илм-фан йўлини танлашингизга нима сабаб бўлган? Нега айнан физика соҳасига тўхталгансиз?
-Болалигимда физика ва кимёга жуда қизиқардим. Мактабни битиргач, СамДУ қошидаги лицейга ўқишга кирдим. Таҳсил давомида физика фанига бўлган иштиёқим янада кучайди. Шундан сўнг Самарқанд давлат университети физика факультетида ўқишимни давом эттирдим. Бу даргоҳдан дунёга машҳур физик олимлар етишиб чиққан...
-Венгриянинг Дебрецен университетида тадқиқот олиб бормоқдасиз. Умуман, у ерга боришингиз қандай юз берган?
-Дебрецен университетига келишимдан мақсад хорижий тажриба, билим ва кўникмалар алмашишдир. Самарқанд давлат университети халқаро бўлимида ишлаганман. Бу мени хорижда илмий изланиш олиб боришимга асосий туртки ҳисобланади. Халқаро бўлимдаги фаолятим давомида университетга келган хорижий профессор-ўқитувчилар, меҳмонлар ва делегация вакиллари билан ишлаш, мулоқот қилиш ҳамда фикр алмашиш имкониятига эга бўлганман. Ушбу жараёнда менда ҳам хорижда тадқиқот олиб бориш орзуси уйғонган.
-Қайси мавзуда илмий иш қиляпсиз?
-Илмий тадқиқот ишим “Ёруғлик таъсиридаги но-адиабатик молекулалар динамикаси” мавзусида. Ушбу изланиш орқали ташқи муҳит (хусусан, ёруғлик таъсири) бўлганида баъзи молекулаларнинг геометрик ва динамик хоссалари, молекулалардаги электрон структуралар, ўзаро таъсирланишлар каби физик хусусиятларни ўрганмоқдаман.
-Дебрецен университетида физика соҳасида қандай янги тадқиқотлар олиб борилмоқда? Уларнинг қайсиларини Ўзбекистонда ҳам жорий қилиш керак, деб ўйлайсиз?
-Бу ерда физика соҳаси асосан иккита катта қисмга бўлинган; назарий физика ва экспериментал физика. Лекин айрим ўринларда бу иккита бўлим бирлашиб кетгандек туйилади. Яъни экспериментчилар ҳам назарий ҳисоб-китоблар олиб боради. Бунинг учун университетда барча шарт-шароитлар етарли. Мисол учун мен физикман лекин бу ерга келиб назарий ҳисоб-китобларни олиб бориш учун бир нечта компьютер программалари (C, FORTRAN, GSL, MCTDH, MOLPRO) билан ишлашни ҳам ўрганмоқдаман. Бугунги кунда ривожланган давлатларда дунё олимлари нафақат физика балки кимё, биология, математика, география ва компьютер дастурлари асосида назарий ҳисоб-китоблар олиб бормоқда.
Дебрецен университетида ҳам ушбу мезон қатъий амал қилади. Биздаги университетларда ҳам кучли компьютерлар билан жиҳозланган лабораториялар ташкил қилиш мақсадга мувофиқ бўларди. Иккинчидан аниқ фанлар соҳасида инглиз тилида ўқитиладиган гуруҳлар очиш керак, деб ўйлайман. Университетларимизни дунё тан оладиган олийгоҳларга айлантиришни бусиз амалга ошириб бўлмайди. Сабаби илм-фан, технология йилдан йилга янгиланиб, замонавийлашиб бораётган бир пайтда, ҳали ҳам шўро даврларида яратилиб, таржима қилинган китоблардан дарслик сифатида фойдаланиш замон талабларига мутлақо жавоб бермайди.
Дунёнинг ривожланган давлатлари ва Топ-1000 талик рўйхатга кирадиган университетларнинг деярли барчасида инглиз тили ўқитиш дастурлари мавжуд. Мисол учун Венгриянинг 9 та ОТМ лари дунё тан олган ташкилотларнинг дастлабки 1000 талик рўйхатига киради ва буларнинг ҳаммасида инглиз тилида ўқитиш дастурлари мавжуд, жумладан ҚС рейтинги бўйича 691-600 ўринларда турувчи Дебрецен университетида 70 дан зиёд инглиз тилидаги дастурлар мавжуд бўлиб, уларда 300 дан зиёд инглиз тили гуруҳлари ёки 7000 мингдан зиёд хориждан келган талабалар таҳсил олишмоқда. Бу умумий талабалар таркибининг 24 фоизи дегани.
Бугунги кунда ривожланган давлатларнинг ОТМ ларида коррупция ҳолати деярли учрамаслигини кўришимиз мумкин. Шу сабабли ўқув даргоҳларини коррупциядан ҳоли қилиш муҳимдир. Олий таълим муассасаси бу шундай жойки, унда ёшларимизга дарс берадиган ўқитувчиларни, бетоб бўлсак даволовчи шифокорларни, давлат ташкилотларига борсак бизга хизмат кўрсатувчи ҳодимларни, бир сўз билан айтганда мамлакат эртасини белгилаб берадиган кадрларни тайёрлайдиган даргоҳ. Шу сабабли бу масканда адолат ва шаффофлик мезонлари қатъий амал қилиши керак. Transparensy International халқаро ташкилотининг яқинда чиқарган ҳисоботига кўра, 2021 йилда коррупция кўрсаткичлари камлиги бўйича Ўзбекистон ўтган йилларга нисбатан ўз ўрнини 6 поғона яхшилаб 140-ўринни эгаллади (2018 йилда 158-ўринда эди). Бу борада профессор-ўқитувчиларнинг дарс ўтиш фолиятини баҳолаб бориш, коррупциянинг олдини олиш учун ҳар семестр тугаганида талабалардан электрон сўровномаларни олишни йўлга қўйиш ҳам ўта муҳимдир.
-Ушбу университет таълим жараёнлари, тадқиқот йўналишлари СамДУ дан нимаси билан фарқланади? Қандай афзаллик ва фарқлар мавжуд?
- Биринчидан, бу ерда талабалар хорижий (инглиз, япон, хитой, рус, корейс, немис, француз) тилларни университет ташкил қилган курслардан ўрганишлари мумкин. Ушбу тил курслари мажбурий фан сифатида ўтилмайди, яъни кимнинг қизиқиши бўлса бирор тилни танлаб рўйхатдан ўтади ва шу тил бўйича курсларда қатнашиши мумкин бўлади. Талабалар икки семестр давомида хорижий тилларни бепул ўрганишлари мумкин. Қолаверса, ўқитувчиларга ҳам қулай шарт-шароитлар яратилган. Мисол учун, университет профессор-ўқитувчилари учун алоҳида бинолар қурилган бўлиб, уларда ҳар иккита ёки учта ўқитувчи ё илмий изланувчига дарс қилиш, ўз устида ишлаш ва маърузаларга тайёрланиш учун битта хона ажратилади. Шунингдек, бизда докторантура 3 йил, докторантларга дарс бўлмайди, бу ерда эса ушбу босқич 4 (2+2) йилни ташкил этади. Докторантлар дастлабки 2 йилини дарс ва илмий тадқиқотда ўтказса, қолган 2 йилини эса фақат илмий изланишга сарфлайди.
-Университет кутубхонаси ҳақида ҳам айтиб берсангиз.
-Дебрецен университетида жами 7 та кутубхона мавжуд бўлиб, биргина Университет миллий кутубхонаси Венгриядаги иккинчи катта кутубхона ҳисобланади. Кутубхоналар эрталаб соат 8 дан кечки 6 гача, баъзилари эса 8 гача талабаларга хизмат қилади.
-Ўз фаолиятини хорижда давом эттирмоқчи бўлган ёш тадқиқотчиларга қандай маслаҳат ва тавсиялар берган бўлардингиз?
- Энг муҳими ўз соҳасини яхши билиш, етук мутахассис бўлиш. Иккинчидан, хорижий тилларни, хусусан инглиз тилини ўрганишлари зарур. Сабаби ҳамма янги билим ва кашфиётлар биринчи инглиз тилида чиқади.
Яқин йиллар ичида Самарқанд давлат университетини Топ- 1000 таликдан ўрин олишига ишонаман. СамДУ жамоасини мустақиллик байрами билан табриклайман...
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати ходими
Ирода Бекмуродова суҳбатлашди.