Туркиянинг Коня шаҳрида Ислом бирдамлик ўйинларининг оғир атлетика бўйича 102 кг. вазн тоифасида мусобақа ўз якунига етди. Ушбу вазнда юртимиз шарафини амалдаги ёшлар ўртасидаги Жаҳон ва Осиё чемпиони Шарофиддин Амриддинов муносиб ҳимоя қилди.
Муросасиз кечган баҳсда спортчимиз даст кўтаришда 172 кг. билан бронза медали соҳибига айланди.
Дастлаб 163 кг. ўзига бўйсиндирган Шарофиддин, иккинчи уринишида 168 ва учинчи уринишида 172 кг. тош кўтариб бронза медалига эга чиқди.
Силтаб кўтаришда 191 кг. билан муваффақиятли бошлаган Шарофиддин иккинчи уринишида 198 кг.ни ўзига бўйсундирди. Охирги уринишида 201 кг. тош кўтаришда бироз омад етишмади.
Умумҳисобда спортчимиз 370 кг. билан ўз чиқишларини якунлади.
Шарофиддин билан боғланганимизда мусобақадаги таассуротлари ҳақида сўзлаб берди:
- Бу мусобақа мен учун ҳаяжонли ва жуда оғир кечди, - дейди Самарқанд давлат университети талабаси Шарофиддин Амриддинов. – Охиригача курашдим, ҳақиқатан ҳам рақибларим анча кучли. Мусобақадошларим тажрибали ва менга нисбатан ёш жиҳатдан катта. Ҳар гал шоҳсупачага кўтарилганимда фақат менга берилган ишонч ва масъулият ҳақида ўйладим. Мени қўллаб-қувватлаб турган оиламга, яқинларимга, хусусан Самарқанд давлат университети жамоасига ўз миннатдорлигимни билдираман. Ушбу камтарона ғалабамни Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 31 йиллигига бағишлайман.