Топинамбурни халқимиз ернок деб ҳам атайди. Америкалик ҳиндулар уни узоқ умр кўриш воситаси дейишади. Чунки, унинг танани умумий қувватини оширувчи хусусиятлари бисёр. Ернокдан мунтазам истеъмол қилиб турилса, аъзоларга туз йиғилиши, 2-тур қандли диабет, меъда-ичак хасталиклари, камқонлик, атеросклероз, буйрак ва сийдик йўлларида тош ҳосил бўлишида, асаб касалликларининг олдини олишда жуда қўл келади. Ернок барги ва тугунагини янги ҳолда ёки қуритилган ҳолда ишлатиш мумкин. Янги териб олинган картошкасидан 50 г. тозалаб, унга ҳеч нарса қўшмасдан овқатдан 30 дақиқа олдин, кунига 3 маҳал истеъмол қилинса, қондаги қанд миқдори камаяди. Баргидан салат тайёрланса фақат қандли диабетнигина эмас, балки гипертония, меъда ости бези хасталикларини даволашда ҳам аҳамияти жуда каттадир.
Янги териб олинган, ернокнинг 3 донасини 1 литр сувга солиб, 10-15 дақиқа давомида мева шарбати каби қайнатасиз. Ернокнинг қуритилганидан ишлатмоқчи бўлсангиз, 1-2 литр сувга 3 ош қошиқ олиб 1 соат давомида милдиратиб қайнатасиз. Тайёр дамламани илиқ ҳолда ёки совутилганини кунига 1 л.дан ичиш тавсия этилади. Бундай қайнатма қондаги қанд миқдорини камайтирибгина қолмай, балки қон босимини ҳам туширади. Меъда ости безининг иш фаолиятини яхшилайди, қондаги гемоглобин миқдорини оширади. Унда моддалар алмашинувини яхшилайдиган пектин ва органик кислоталар мужассам.
Топинамбурнинг ватани Шимолий Америка ҳисобланади. Европага XVII аср бошларида келтирилган. Ўзбекистонда силосбоп экин сифатида экилади. Техник ва озиқ-овқат ўсимлиги ҳисобланади. Топинамбурдан тиббиётда ҳар хил дори-дармонлар тайёрланади. Таркибида оқсил, ёғлар, азотсиз моддалар, В ва С витаминлар учрайди. Ернокдан қанд, фруктоза ва спирт ишлаб чиқаришда фойдаланилади.
Зебинисо Умурзакова
Самарқанд давлат университети
ботаника кафедраси доценти