Олтинга тенг кумуш медаль...

Олтинга тенг кумуш медаль...
Самарқанд давлат университети спорт фаолияти ва санъат факультети талабаси, эркин кураш бўйича ёшлар олимпиадаси ҳамда Осиё ўйинлари кумуш медали совриндори, етти карра Ўзбекистон чемпиони, Ислом Бирдамлик ўйинларида(2022 йил) кумуш медаль соҳибаси Шоҳида Аҳмедова билан суҳбат

-Нега айнан эркин курашни танлагансиз?

-Бу спорт турини танлашимга энг асосий сабабчи – дадам. Дадам спортчи бўлишимни хоҳлаб, мени спорт тўгарагига олиб борган. Аввалига курашнинг юнон-рум турига қатнардим. Аммо бу турда қиз бола бўлмаганлиги сабабли эркин курашга ўтганман. Бу спорт турига қизиқиб кетишимда эса ҳозирги тренерим Саломат Кўчимова муҳим ўрин тутган.

Олтинга тенг кумуш медаль...

-Энг эсда қоларли ғалабангиз қайси?

-Аргентинада бўлиб ўтган ўсмирлар олимпиадасига йўлланма берувчи Осиё чемпионатида эришган муваффақиятим мен учун энг эсда қоларли ҳисобланади. Қоидага мувофиқ, ўсмирлар олимпиадасига йўлланма финалга чиққан икки иштирокчига бериларди. Астойдил ҳаракат қилиб, монголиялик кучли рақибимни енгиб, йўлланмани қўлга киритиш бахтига муяссар бўлганман. Кейин Аргентинадаги олимпиадада иштирок этиб, у ерда ҳам иккинчи ўринни қўлга киритдим.


-Мағлубиятни қандай қабул қиласиз?

-Баъзида яхши, баъзида ёмон... Мағлубият мени янада кучли ҳаракат қилишга ундайдиган омил. Мағлубиятнинг дастлабки онларида тушкунлик бўлиши табиий. Аммо, буни тўғри қабул қилишга ҳаракат қиламан. Албатта бу ҳолатда биринчи ўринда ўзимни айбдор деб биламан. Ислом бирдамлик ўйинларида туркиялик спортчи Зейнеп Етгил билан финал курашида ғалабани бой бердим. Мусобақага тайёргарлик жараёнида мураббийларим рақибим мезбон жамоа вакили бўлгани учун хато қилишим мумкин эмаслиги, ҳакамларга нотўғри баҳолашга имкон бермаслигим кераклигини қаттиқ тайинлаганди. Аммо барибир устунлик рақиб томонда кетди. Кумуш медаль насиб қилди. Умумжамоа ҳисобида 3 та кумуш, битта бронза медалини қўлга киритдик. Албатта, олтин медалдан умид бор эди. Мусобақага чемпион бўлиш нияти билан келгандим. Мағлубиятни дастлаб кўз ёш билан қабул қилган бўлсам ҳам тезда ўзимни тутиб олдим. Мураббиийларим, сенинг бу медалинг биз учун олтин медалга тенг, дейишди.

-Ота-онангиз-чи? Улар қандай қабул қилди?

-Ота-онам учун ютқазиш-ютқазмаслигимдан қатъий назар ҳар бир мусобақам – олтин медаль. Улар ҳеч қачон мағлубиятимдан хафа бўлишмаган. Ҳар доим мени қўллаб-қувватлаб, дуо қилиб туришади.


-Спорт сиз учун...?

-Спорт мен учун имкониятлар майдони. Ҳаётда ўз ўрнимни топиш, дунёга чиқиш имкониятини берадиган кўприк. Мана, спорт орқасидан жаҳонни кўряпмиз, дунё кезяпмиз, янги дўстлар орттиряпмиз. Ҳеч нарса осон эмас, албатта. Машғулотларда жароҳат олишлар, устозларнинг койишлари, оила ва ота-онадан узоқда юриш қийин. Лекин мусобақада эришган битта ғалаба туфайли ҳаммасини унутамиз.

-Спортни тарк этиш ҳақида ўйлаган вақтингиз бўлганми?

-Ҳали бу ҳақда ўйлаб кўрмаганман.

-Спорт аёл кишига нима бера олади? Ўзи қиз бола учун спорт керакми?

-Албатта, керак! Спорт одамга, аввало, ўзига ва ҳаётга нисбатан ишонч, мақсад сари ҳаракат қилишга куч беради.

-Бугунги Ўзбекистонда эркин кураш қай даражада ривожланяпти?

-Аввало, бу спорт турига муҳтарам Президентимиз жуда катта эътибор қаратмоқда. Шунга мувофиқ спортчилар томонидан эришилаётган натижалар ҳам кундан-кунга яхши томонга ўзгариб бормоқда. Шунинг учун Ўзбекистонда кураш яхши ривожланмоқда.

-Қўлга киритган муваффақиятларингизда Самарқанд давлат университетининг ўрнини қандай баҳолайсиз?

-Эришган натижаларимда университетимизнинг ўрни жуда катта. Самарқанд давлат университети спортчи талабаларни ҳамиша қўллаб-қувватлайди ва мусобақаларга тайёргарлик кўриш, спорт билан шуғулланиш учун етарлича имконият яратиб беради. Фурсатдан фойдаланиб, университетимизга, қадрдон устозларим жамосига ўзимнинг самимий миннатдорлигимни билдириб қоламан.

-Келгусидаги режаларингиз?

-Сентябрь ойида Сербияда ўтказиладиган чемпионатда иштирок этаман. Олдинда октябрда 23 ёшгача бўлган қизлар ўртасида ўтказиладиган жаҳон чемпионати ҳам кутиб турибди. Ундан кейин Париж олимпиадасига йўлланма берувчи чемпионатда иштирок этиб, олимпиада йўлланмасини олиш ва Олимпиада чемпионлигини қўлга киритиш – энг олий мақсадим.

Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати ходими
Ирода Бекмуродова суҳбатлашди.

Ўхшаш янгиликлар

Янгиликка фикр ёзиш чоп этилган кундан 30 кун ичида мумкин.

Сўнгги янгиликлар

Shimoliy poytaxt Oʻzbekistonlik sayyohlarni tashrif buyurishga taklif qiladi

Sankt-Peterburg dunyodagi eng goʻzal shaharlardan biri boʻlib, u oʻz mehmonlariga qiziqarli vaqt oʻtkazish uchun koʻplab variantlarni...
12-11-2024, 15:42

Дональд Трамп муҳожирларни депортация қилиш қарорига изоҳ берди

АҚШда президентлик сайловларида ғалаба қозонган Дональд Трамп сайловолди кампаниясидаги оммавий депортация ҳақидаги ваъдасини бажаришдан...
12-11-2024, 15:30

Trillion qulaylik imkoniyatlari: har bir foydalanuvchi uchun METTA stullari

Qiziqarli fakt: METTA innovative ergonomics kompaniyasi har bir inson uchun Yer yuzida boshqа о’rindiqlardan farq qiluvchi o‘zigа xоs...
12-11-2024, 15:05

Ўзбошимчалик билан эгалланган ер ва ундаги кўчмас мулкка мулк ҳуқуқини эътироф этиш ҳақидаги Қонун кучга кирди

Кеча, 8 ноябрь кунидан ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер ва ундаги кўчмас мулкка мулк ҳуқуқини эътироф этишга оид Қонун кучга кирди....
8-11-2024, 22:46

Айрим тадбиркорларга тўланган солиғининг бир қисми қайтариб берилади

Ҳукумат Қарори билан тасдиқланган Низомга кўра, 2024-йил 1-октябрдан бошлаб туроператорлик ва меҳмонхона хизматларини кўрсатувчи...
8-11-2024, 22:44
Ўзбекистон янгиликлари » Жамият » Олтинга тенг кумуш медаль...