Самарқанд давлат университетининг Ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича биринчи проректори, профессор Шаҳзода Негматова мактабда бошланғич синфда ўқитган ўқитувчиси Адолат Эргашевани табриклаш мақсадида, Оқдарё туманига ташриф буюрди. Шогирдини кўрган муаллим хурсандчилигидан кўз ёшини тиёлмади. СамДУ ректори табриги ўқилганда қалби чексиз қувончга тўлди. Шунингдек, мактаб чоғларидаги ширин хотиралар ёдга олинди.
-Самарқанд давлат университети ректори профессор Рустам Холмуродовга самимий табриги, эътибори учун алоҳида миннатдорлик билдираман,- дейди Адолат Эргашева.-Биринчи синфда ўқитган ўқувчим, профессор Шаҳзода Негматованинг атайлаб вақт ажратиб келишидан бошим осмонга етди...
Тойлоқ. Боғизоғон қишлоғи. Кун кеч бўлишига қарамасдан СамДУ профессори Хуршид Бозоров, СамДУ органик синтез ва биоорганик кимё кафедраси мудири, доцент Давлат Тўхтаев “Шуҳрат” медали соҳиби, химия фани ўқитувчиси, ҳозир-да меҳнат фахрийси Нина Сувонованинг уйига борди. Икки шогирдини кўрган устознинг хурсандлигидан боши осмонга етди.
- Кимё соҳасини танлашимга ўқитувчим Нина Сувонова сабабчидир, - дейди профессор Хуршид Бозоров. - 200 дан ортиқ илмий ишланмалар, 30 га яқин Scopus базасига кирувчи мақолалар муаллифиман. 2 фан доктори, 7 фан номзоди, 6 магистрга илмий раҳбарлик қилганман. Менинг ўқувчиларим устозимнинг ҳам шогирдларидир…
Самарқанд шаҳридаги 17-мактаб бошланғич синф ўқитувчиси Наргиза Қулматова 1-синф болаларига дарс ўтаётган эди. Кутилмаганда синфхонанинг эшиги тақиллади ва баланд овозда салом бериб, унинг шогирди СамДУ таянч докторанти Ҳасан Орипов кириб келди. У университет ректори табригини ўқиб берди. Устоз бугун унинг учун тарихий кун бўлганлигини алоҳида таъкидлади...
СамДУ ўзбек тилшунослиги кафедраси доценти Умида Рашидова байрам билан табриклаш учун Каттақўрғон шаҳридаги 2-мактаб бошланғич синф ўқитувчиси “Соғлом авлод учун” ордени соҳиби, айни вақтда меҳнат фахрийси Ўралтош Каттақулованинг хонадонига борди.
- Бугун мен учун энг қувончли кун. Шогирдим келганидан бошим осмонга етди, - дейди Ўралтош Каттакулова. - Айниқса, университет ректорининг табриги бир умр хотирамда қолади. Бу фан арбобининг оддий ўқитувчига бўлган ҳурмат-иззати , деб биламан. Барча устозларга байрам муборак бўлсин!!!
Самарқанд давлат университети сунъий интеллект ва ахборот технологиялари кафедраси мудири, доцент Файзулло Назаров устози, Ургут туманидаги 39-мактаб ўқитувчиси Сайёра Мингбоевага университет ректори табригини топширди. Кўзларида қувонч ёшлари қалқиган устоз, шогирдининг ортидан раҳмат ва табрик эшитиш унинг учун катта бахт ва энг катта совға эканлигини билдирди.
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати,
Шавкат АКРАМОВ олган суратлар.
Ахборот хизмати,
Шавкат АКРАМОВ олган суратлар.