-Нега ўқитувчилик касбини танлагансиз?
-Мактабда 5-синфда ўқиб юрганимда бизга дарсга кирган математика фани ўқитувчиси сабаб бу касбга меҳрим уйғонди. Алоҳида тиришқоқлик билан математикани ўргана бошладим. Фан олимпиадаларига қатнашдим. 7-синфлигимдаёқ вилоят олимпиадасида совриндор бўла олганман. Келгусида бу фанни келажакдаги касбим сифатида танлашимда онамнинг ҳам ҳиссаси катта. Болаликдан дарсларимни онам билан тайёрлаганман. Нимани тушунмай қолсам, ёки билмасам онам менга ўргатарди. Онам менинг ўқитувчи бўлишимни хоҳлаган. Шунинг учун ўқитувчилик касбини танладим. Бу касбни танлаганимдан мингдан-минг розиман. Касбимни севганим, ўқувчиларга бўлган меҳрим сабаб ҳеч қачон касбимдан нолимаганман. 52 йил мактабда ўқитувчилик қилдим. Бу орада жуда кўп мансаб лавозимларга таклиф қилишди. Аммо мен мактаб остонасидан кетмадим. Ҳатто ишлаб турган мактабимда илмий бўлим мудири, директор бўлишга ҳам рози бўлмадим. Мен учун оддий муаллимлик ҳар қандай мансабдан афзал бўлган ва шундай бўлиб қолади.
Мана 52 йил мактабда ишлаганимдан кейин, Қарши давлат университети маъмурияти таклифи билан университетнинг олий алгебра кафедрасида фаолиятимни бошладим. Талабаларга олий математика сирларидан сабоқ беряпман.
-Самарқанд давлат университетини битиргансиз. Университет билан боғлиқ хотираларингизни ўртоқлашсангиз.
- СамДУ мамлакатимизнинг энг нуфузли университети. Ушбу даргоҳда ўқиганимдан бир умр фахрланаман.
Мен ўқишга кирган йилим математика факультети талабаларининг 27 нафари қиз бола эди. Университетни битиришимиз чоғида бор-йўғи 6 нафар қиз битирган. Замона сабабми, ёки бошқа ижтимоий муаммолар туфайлими, ҳар ҳолда қизларнинг университетда ўқиши кам кузатиларди.
Бугунги замонамизни кўриб кўзим қувнайди. Талабалар сафида қизлар сони кундан кунга ортиб бормоқда. Қизлар учун олий таълимда жуда катта имтиёзлар берилмоқда. Бу имкониятлардан, албатта, фойдаланиб қолиш керак. Илмли қиз зиёли миллатни тарбия қилади. Шундай экан, қизларнинг илм олишига эътибор қаратиш муҳимдир.
-Аёл кишига ҳаётда ўз ўрнини топа олиши учун керак бўлган учта асосий омил?
1. Ҳаётга бўлган муҳаббат.
2. Ўз касбига меҳр қўйиш.
3. Турмуш ўртоғини тўғри танлай билиш.
-Ҳам илмга, ҳам ҳаётдаги аёллик вазифалари: уй, оила, фарзанд тарбиясига бирдай улгуришга кучни қаердан олиш мумкин, бу борада ўқитувчилар, ёш олималарга қандай тавсиялар бера оласиз?
-Бу жуда мушкул. Ҳатто ўзим ҳам буларга бирдай улгуришнинг уддасидан чиқолмаганман деб ҳисоблайман. Чунки асосий вақтим мактабда ўтарди. Тўй-ҳашам, гап-гаштакка умуман бормасдим. Ўқитувчи бўлиб дарс қолдиришдан уялардим. Ҳатто фарзандим, бетоб бўлиб қолса ҳам, дори-дармонини бериб, ишга кетардим. Қизим бир ўзи уйда ёлғиз қоларди. Чунки, мактабда дарс қолдиришни касбимга нисбатан хиёнат деб билардим.
Бугунги ёш ўқитувчиларга, аввало, ўз касбига меҳрли бўлишни айтган бўлардим. Касбга муҳаббат ҳар жойда керак. Аммо ўқитувчилар ўз касбини севиши шарт. Чунки, ўқитувчилар қўлида ёш авлод тарбия топади. Ўқитувчи касбини севмаса, ўқувчиларга меҳр қўймаса, бу албатта ёш авлоднинг онгига, руҳиятига таъсир қилмасдан қолмайди.
-Яхши ўқитувчи бўлиш учун қаттиққўл бўлиш шартми, нима деб ўйлайсиз?
-Қаттиққўллик ҳам, юмшоқ феъллилик ҳам ўз ўрнида керак. Ўқувчи мисоли ниҳолдай гап. Меҳр бериб парвариш қилмасангиз, ўсмайди. Аммо унинг тўғри ўсиши учун ишлов бериб туриш керак.
-Аёл кишига таниқли бўлиш қай даражада керак?
- Бугунги замона ёши ва жинсидан қатъи назар ҳар бир инсоннинг етакчи бўлишни талаб қилади. Шунинг учун бу керак деб ўйлайман.
-Ўтган умрингиз давомида олдингизга қўйган барча мақсадларингизга эриша олдингизми?
-Ҳаётда нимагаки эришган бўлсам ўз касбим туфайли эришдим. Бахтимни ҳам, обрў-эътиборни ҳам касбимдан топдим. Касбим бир одамга нимаики бериш мумкин бўлса, менга ҳаммасини берди. Мен ҳам унга умримни бағишладим. Мен бойлик йиғмадим. Фақат китоб ва шогирд тўпладим. Озми-кўпми халқнинг обрў-эътиборини қозона олдим.
- Бугунги даражангизга эришиш учун нимадан воз кечгансиз?
-Кўп нарсадан воз кечишга тўғри келган. Кези келганда оиламга, фарзандимга вақт ажратолмай қолганман. Етарлича эътибор беролмаганман. Бугунги эришганларимни шуларнинг мукофоти деб биламан.
Бир воқеани айтиб ўтишим керак. Биометрик паспорт жорий этилганда мен ҳам паспорт олиш учун бордим. Аввал расмга олишди. Кейин бармоқ изимни олмоқчи бўлишди. Лекин негадир бармоқ изим чиқмади. Нақд уч кун оввора бўлдим. Барибир бармоқ изим тушмади. Ахийри, тиббий текширувлардан кейин аён бўлдики, 45 йил давомида доскага бўр билан ёзиш натижасида бармоқ изларим ўчиб кетган экан. Бир катта даврада вилоятимиз халқ таълими бўлими бошлиғи ҳаммага шу воқеани айтиб берди. Шундан кейин, ҳамма мени “бармоқ изи ўчиб кетган муаллима” деб атайдиган бўлди...
Буларни эслашимдан сабаб, умрим давомида нимагадир эришган, ниманики йўқотган, нимадандир воз кечган бўлсам мен ҳаммасидан розиман. Бу учун Аллоҳга беҳисоб шукр дейман.
- Бугунги кун аёлларини нима чеклайди?
-Бу саволга жавоб беришдан олдин, чеклов нима деган саволга жавоб бериш керак. Майда-чуйда муаммо ва тўсиқлар чеклов бўлолмайди. Агар аёлнинг ўзи ҳаракат қилса, иродасини қўлга ола билса, ҳар қандай қийин вазиятдан чиқиб кета олади.
- Ўтган умрингизни суратда тасвирлаш керак бўлса унда қандай ранглар бўлади?
-Барча ёрқин ранглар бўлади, деб ўйлайман.
-Доим ёдингизда сақлаб келадиган бахтли хотираларингиздан бирини айтиб берсангиз...
-Ҳар бир инсоннинг қалбида бахтли хотиралар кўп бўлса керак. Менда ҳам бир қанча қувончли кунлар ва улардан қолган ширин хотиралар бор. Ўтган умрим давомида энг ёдда қоларли лаҳзам бу – Ўзбекистон Қаҳрамони унвонига лойиқ кўрилганим. Президентимизнинг қўлларидан медални қабул қилиб олар эканман, ҳаяжонимни сўз билан тасвирлаб беролмайман. Шу ўринда яна бир ҳодисани айтиб бермоқчиман. Ушбу унвон билан тақдирланганимдан кейин менга нафақат республика бўйича, балки турли давлатларда фаолият олиб бораётган шогирдларимдан табриклар кела бошлади. Япония, Америка, Россия ва шулар қаторида ҳатто Арктика қитъасидан ҳам табрик хати олдим. Бу мени жуда ажаблантирди. Аввалига адашишган бўлса керак деб ўйладим. Кейин билсам, бир шогирдим ўша ердаги илмий экспедиция таркибида фаолият юритар экан. Бу мени жуда қувонтирди.
Шу кунга қадар шогирдларим орасида 5 нафар фан доктори, 40 дан зиёд фан номзодлари, 10 дан ортиқ халқаро олимпиада ғолиблари бор. Устоз сифатида шогирдларимнинг дунё илм-фани минбарига чиқаётгани, менда ҳамиша фахр уйғотади.
- Келгусидаги режаларингиз?
-Юқорида айтганимдай, айни пайтда Қарши давлат университетида ишлаяпман. Талабаларга математика сирларидан сабоқ беряпман. Ўз билимларимни талабаларга ўргатиш, энг асосийси, уларда ҳам ўз касбига меҳр уйғота олиш асосий мақсадим.
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати ходими
Ирода Бекмуродова суҳбатлашди
Ахборот хизмати ходими
Ирода Бекмуродова суҳбатлашди