Нуфузли анжуманда икки қардош, ўзбек ва турк халқларининг илм-фан вакиллари, жамоат арбоблари иштирок этди.
Анжуманда сўзга чиққанлар бугунги сиёсий мувозанат шароитида ўзаро ҳамкорлик ва дўстлик алоқаларини ривожлантириш, мавжуд алоқалар тарихини ўрганиш, келажакдаги дўстлик ва ҳамкорлик учун замин ҳозирлаш муҳим аҳамиятга эга эканлигини таъкидлади. Бу борада анжуманга нафақат таълим соҳалари балки ижтимоий-сиёсий ҳаётнинг бошқа тармоқлари бўйича масъуллар ҳам қизиқиш билдирганлигини алоҳида қайд этиш жоиз.
-Туркия университетлари билан йўлга қўйилган алоқалар илм-фан ва таълим учун муҳим ҳодиса, - дейди Самарқанд давлат университети ректори, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби Рустам Холмуродов, - Ушбу ҳамкорликни цивилизациялараро алмашинув ва илм-фан ютуқлари интеграцияси орқали янада жадаллаштириш навбатдаги вазифамиз ҳисобланади. Халқаро анжуманнинг қадимий ва ҳамиша навқирон Самарқанд шаҳрида ўтказилаётганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Сабаби, Самарқанд шаҳри Буюк Ипак йўлининг юраги сифатида азал-азалдан халқларни бирлаштирган нуқта бўлган. Бугун ўзбек ва турк халқларининг тарихий дўстлик алоқалари Самарқанднинг кўҳна осмони остида яна бир бор боғланмоқда. Самарқанд давлат университети Туркия университетлари билан мавжуд алоқаларни янада кенгайтириш ва илм-фан оламида муҳим ўринга эга бўлган бу каби анжуманга мезбонлик қилаётганидан фахрланамиз.
-“Султон Йилдирим Боязид ва Амир Темур” халқаро анжумани Туркия-Ўзбекистон алоқаларининг янги босқичига асос солишига ишонаман, - дейди Анқара Йилдирим Боязид университети ректори Иброҳим Айдинли, - Симпозиум орқали тил ва эътиқод бирлиги билан боғланган кўҳна тарихимиз янги нигоҳда ўрганилаётгани ҳар икки томон учун фойдали бўлади. Анжуман икки халқнинг илм-фан вакиллари нигоҳида, айниқса тарих соҳасида янги ва муҳим босқичга замин ҳозирлайди. Мақсадимиз – тарихий алоқаларни янада кенгайтириш ҳамда у орқали келажакдаги сиёсий-иқтисодий ҳамкорликни янги босқичга кўтариш.
-Маълумки, туркий дунё цивилизациясида халқларнинг ўзаро бирлашиши сиёсий майдонда қудратли куч юзага келишига сабаб бўлади, - дейди “Ипак йўли” туризм ва маданий мерос халқаро университети биринчи проректори Жўлибой Элтазаров, - Афсуски, узоқ йиллар Темурийлар ва Усмонийлар ўртасидаги муносабат масаласи турли сиёсий мақсадларга бўйсундириб келинди. Натижада ўзбек-турк муносабатлари узоқ йиллар шундай тўсиқлар таъсирида бўлди. Энди тарихимизда Амир Темур ва Боязид Йилдирим шахсларига оид маълум ва номаълум ҳақиқатлар ҳар қандай тўсиқларсиз, холис ва янги нигоҳда қайта кашф этилади.
Шунингдек, анжуман давомида симпозиум иштирокчилари бўлган томонлар бир-бирларига эсдалик совғалари топширди.
Куннинг иккинчи ярмида иштирокчилар Самарқанд давлат университетида тўпланди ва симпозиум шўьбаларга бўлинган ҳолда ўз фаолиятини давом эттирди.
Амир Темур ва Темурийлар тарихи, Султон Йилдирим Боязид ҳукмронлик даври, бу икки шахснинг маданият, илм-фан, меъморчилик, ислом ҳуқуқи ва калом илми тарихида тутган ўрни, Темурийлар ва Усмонийлар ўртасида қадимий дипломатик алоқалар тарихини ўрганишга доир масалалар ҳақидаги маърузаларда билдирилган янги илмий қараш ва фаразлар анжуманнинг кўтаринки руҳда ўтишига замин яратди.
Ирода Бекмуродова,
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати ходими.
Шавкат Акрамов олган суратлар.
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати ходими.
Шавкат Акрамов олган суратлар.