Президент Халқ қабулхонаси Нукус шаҳрида ташкил қилган навбатдаги оммавий қабул тонгда бошланиб, қарийб 14 соат давом этгани ҳам халқ билан доимий мулоқот олиб бориш ҳаётнинг нақадар ўткир талаби эканини яна бир марта исботлаб берди. Очиқ-жонли мулоқотларда асосан электр энергияси, уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш, меҳнат ва бандлик, тадбиркорлик, соғлиқни сақлаш, ижтимоий ҳимоя каби йўналишларда мурожаатлар кўп бўлди.
Нукус шаҳридаги “Қутлимакон” маҳалласида яшовчи Алишер Йўлдошев ва Юнус Абдуллаев мурожаатлари асосида ҳудуддаги 64 та эскирган симёғочларни бетон устунларга, эскирган трансформаторни янгисига алмаштириш белгилаб олинди. Бетон таянчлар ўрнатиш ишлари эса шу куннинг ўзида бошлаб юборилди.
Мулоқотлар давомида аввалги мурожаатлар бўйича секторлар кесимида белгиланган вазифалар ижроси ҳам ўрганилиб, бу борадаги ишлар жадаллаштирилди. Айтайлик, Нукус шаҳридаги 21-даҳа 12 “б” уй аҳолиси мурожаатлари асосида мазкур уйнинг томини таъмирлаш белгиланган бўлиб, айни пайтда бу борадаги ишлар якунига етказиляпти. Эътиборлиси, бу уйнинг томи ярим асрдан зиёд вақт ўтиб, илк марта янгиланяпти. Шунингдек, 3-секторда жойлашган мазкур ҳудуддаги 51-уйнинг ертўласи тозаланиб, йўлаклар, фасадлар таъмирланмоқда.
Нукус шаҳри 4-секторидаги “Қаттиағар” маҳалласи аҳолиси мурожаатлари таҳлилидан сўнг ҳам кўп қаватли уйларнинг томи таъмирланяпти.
“Халқлар дўстлиги” маҳалласидаги 9 қаватли мана бу уйда яшовчи аҳолини эса лифт масаласи анчадан бери ўйлантириб келарди. Бу борадаги мурожаатлар асосида айни кунларда мазкур лифт ҳам янгилаб бериляпти. Бу галги қабулларда айни шунга ўхшаш аҳоли ҳаёти ва кайфиятига бевосита дахлдор янги-янги масалаларни ҳал қилиш бўйича аниқ муддатли вазифалар белгиланди.
Қорақалпоғистон 2-сектори масъулларига мурожаатлар асосида нукуслик Жалғас Есенбаевнинг компьютер хизматини, Оролбой Қозоқовнинг тикувчилик корхонаси, Темур Сапаровнинг эса автомобилларни ювиш шохобчаларини ташкил қилиши учун имтиёзли кредитлар ажратиш билан боғлиқ масалалари ҳал қилиб берилди.
Нукуслик Бийбигул Жалоловага уйида гўзаллик салони очиб ўзини-ўзи банд қилиши учун ёрдам кўрсатишга қарор қилинган бўлса, Ерназар Максетовга веб дастурлаш ва ахборот технологиялари йўналишида ўз ишини йўлга қўйиши учун субсидия ҳисобидан замонавий компьютер жамламаси олиб бериладиган бўлди.
Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетининг сиртқи бўлими 4-босқич талабаси Улзода Таумуродова эса мурожаатидан сўнг ўзи таълим олаётган университетга ишга қабул қилинди.
Журналистика ихтисослиги бўйича олий таълим олган нукуслик Гулжайна Айназарова эса Қорақалпоғистон телерадиокомпанияси тизимида иш бошлади.
Нукус шаҳридаги Телеорай маҳалласида яшовчи Индира Амандилиеванинг эса бир мурожаати асосида бир йўла уч масаласига ечим топилди. Оғир ижтимоий аҳволдаги аёлнинг ўзи мактабгача таълим ташкилотига, турмуш ўртоғи эса қурилиш корхонасига ишга қабул қилинадиган, ногиронлиги бор фарзандини даволатишга амалий ёрдам бериладиган бўлди.
Нукуснинг “Қумбиз” маҳалласида яшовчи Гулбаҳор Сарсенбоеванинг ҳам тўрт масаласи шу ерда битди: мактабгача таълим ташкилотлардан бирига тарбиячи бўлиб ишга олинган Гулбаҳорга ишдан сўнг уйида мактабга тайёрлов курсини йўлга қўйиши учун шароит яратиладиган, талаба синглисига контракт тўловининг ярми тўлаб бериладиган, улар ўзини тиклаб олгунига қадар ипотека кредитига олинган уй-жойи тўловини тўлашга ҳам кўмак кўрсатиладиган бўлди.
Худди шундай мулоқотлар асносида оғир ижтимоий аҳволдаги бир қатор оилалар талаба фарзандларининг шартнома тўловларини тўлаш билан боғлиқ масалаларга ҳам шу ерда ечим топилди. Дейлик, икки фарзандини олий таълим муассасасида ўқитаётган нукуслик Дина Дарибоева ўғлининг ҳам шартнома тўлови Ёшлар ишлари агентлиги жамғармаси ҳисобидан тўлаб берилиши белгиланди.
Нукуснинг Йўлчилар маҳалласида яшовчи Дилорам Очилова, Шайдагул Мажидова, “Жанабазар” маҳалласидан Бағдагул Изимова бир хил масалада мурожаат қилишди: уч аёлнинг ҳам уй-жойи термитлардан зарар кўрган, учаласининг-да уйларини таъмирлашга қурби етмаётир. Ўрганишлар асосида уларга бу борада амалий кўмак берилиб, баъзиларига қурилиш материаллари олиб бериладиган, айримларига эса маблағ ажратиладиган бўлди.
Худди шундай мурожаатлар бўйича ўрганишлар асосида нукуслик 2-гуруҳ ногирони Расул Нуриддинов, 1-гуруҳ ногирони Қўнисбой Бердимуродов, боқувчисини йўқотган, оғир ижтимоий аҳволдаги Ойгул Жуманазарова, Салтанат Тўлаганова, Майрамгул Мадреймова, Гулноз Айимбетова сингари бир қатор эҳтиёжманд инсонларга уй-жойини таъмирлаши, Алвина Есбергеновага ҳовлисида иситиш тизимини йўлга қўйиши, Лола Норбоевага тикув машинаси олиши, Дилафрўз Давлетовага кредит қарздорлигини сўндириши учун моддий ёрдам кўрсатилиши белгиланди.
Мухтасар айтганда, Президент Халқ қабулхонаси Нукус шаҳрида ташкил қилган навбатдаги оммавий қабулда 360 нафар мурожаатчининг 402 та масаласи кўриб чиқилиб, уларнинг 165 таси ёки 41 фоизи жойида ҳал қилинди, 40 нафар мурожаатчига ҳуқуқий тушунтириш ва маслаҳат берилган бўлса, 197 та мурожаат назоратга олинди.