Нуфузли анжуманда республика олий таълим муассасалари ҳамда илмий-тадқиқот институтлари, 20 га яқин мамлакатларнинг нуфузли илмий марказлари ва университетлари: АҚШнинг Невада университети, Япониянинг Тоттори ва Киото университетлари, Исландия қишлоқ хўжалиги университети, Германиянинг Росток университети, Хитой фанлар академияси, Венгриянинг Сегед университети ҳамда Ботаника ва экология институти, Монголия табиий фанлар университети, Белград университети ва Россиянинг Москва давлат университетлари олимлари иштирок этди.
Дунё бўйлаб кечаётган глобал иқлим ўзгариши билан боғлиқ бугунги мураккаб шароитда инсонлар ҳаёти учун бирламчи бўлган барқарор экологик муҳитни таъминлаш асосий масала саналади. Ушбу долзарб ҳаётий вазифани тўлақонли амалга оширишда ва соҳани изчил ривожлантиришда замонавий илм-фан ютуқларини жорий этиш, халқаро майдонда тажриба алмашиш, глобал муаммоларга ечим топишда мавжуд имкониятларни бирлаштирган ҳолда якдил ҳаракат қилиш муҳим ҳисобланади. Анжуман давомида сўзга чиққанлар мазкур конференция Марказий Осиё ҳудудлари учун муҳим бўлган соҳа – яйлов экологияси ва улардан фойдаланиш тизимини ривожлантиришда янги давр очишини алоҳида таъкидлади.
- Бугунги кунда Яшил сайёрамизга ва унда ҳаёт кечирувчи дунё аҳолисига қатор глобал муаммолар жиддий хавф солмоқда, - дейди Самарқанд давлат университети ректори, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби Рустам Холмуродов, - Айниқса, иқлим ўзгариши, биохилма-хиллик ва табиий ресурсларнинг қисқариши, сув ресурсларининг танқислиги, қурғоқчилик, озиқ-овқат хавфсизлиги каби муаммолар XXI асрга келиб глобал даражада шиддатли тус олиб, шундай муаммолар гирдобида қолаётган табиий ресурслардан бири бўлган яйлов экотизимларининг аҳволи кундан кунга ёмонлашиб бормоқда. Яйлов ҳудудлари бутун дунё қуруқлик минтақасининг 1/3 қисмини, Марказий Осиё минтақасинининг 2/3 қисмини, Ўзбекистоннинг эса 50 фоиз майдонини яйловлар эгаллайди. Афсуски, бугун яйловларимиз инсонларнинг нотўғри муносабати натижасида кундан кунга инқирозга учраб, уларнинг табиий ҳолати ачинарли аҳволга келмоқда. Мутахассисларнинг фикрича, республикамиз яйловларининг 50-60 фоизи бугунги кунга келиб инқирозга учраган ва бу жараён шиддат билан давом этмоқда. Ушбу масаланинг амалий ечими ва илмий асослари ҳали ишлаб чиқилмаган. Агар ушбу муаммоларга барча соҳа вакиллари, бутун жамоатчилик ўз вақтида эътибор бермаса, биз иккинчи Орол денгизи муаммосига дуч келишимиз тайин. Ушбу муаммолар фақатгина замонавий илмий ёндашувлар ва илғор тажрибалар асосида ечим топиши мумкин. Мазкур муҳим масалани дунё илғор тажрибасига асосланган ҳолда чуқур ўрганиш, мавжуд имкониятлардан тўлиқ ва тўғри фойдаланган ҳолда яйловларни сақлаб қолиш ҳамда бу борада жаҳоннинг етакчи мамлакатларида тўпланган бой илмий тажрибани республикамиз миқёсида оммалаштириш мақсадида ўтказилаётган ушбу анжуман ўта долзарб аҳамиятга эга.
-Ер юзи минтақаси бўйича кўпчилик мамлакатлар ҳудудларининг асосий қисми яйловларга тўғри келади, - дейди АҚШ нинг Невада университети профессори, Халқаро Яйловлар бошқаруви жамияти вице-президенти Баррй Паррйман, - Шу нуқтаи назардан, яйловларнинг ҳозирги кундаги ҳолати, улардан фойдаланиш тизимини бошқариш ва ривожлантириш масаласи ҳар бир даврда муҳим бўлиб келган. Айни даврдаги глобал иқлим ўзгариши шароитида яйловларнинг инқирозга учраш жараёнларининг янада ортиши бу масалага жиддий эътибор қаратиш лозимлигини тақозо этади. Бугунги анжуманда иштирокчиларга яйловларни ривожлантириш борасида АҚШ тажрибаси бўйича атрофлича маълумот беришга ҳаракат қилдим. Яйловлар экологияси ва уларни бошқариш дастурини ишлаб чиқиш, шунингдек, яйловларни бошқариш халқаро жамияти бўлимини ташкил қилиш бўйича баъзи таклифлар соҳа мутахассисларига маъқул бўлди. Невада университети Самарқанд давлат университети билан манфаатли ҳамкорликка тайёр. Конференция бу каби муносабатларни яна бир поғона ривожлантиришига ишонаман.
- Ҳозирги глобал шароитда инсон эҳтиёжларининг ҳар нарсадан устун қўйиб келиниши табиатга ўз таъсирини ўтказмасдан қолмайди, - дейди Япониянинг Тоттори университети қошидаги Қурғоқчил минтақалар тадқиқотлари халқаро платформаси профессори Кристина Тодерич, - Кўпчилик наздида яйлов ҳудудлари жамият ҳаёти учун аҳамияти паст омиллар қаторида баҳоланади. Аммо, Марказий Осиё ҳудудларининг кўп қисми яйловлардан иборат эканлигини инобатга олсак, ушбу ҳудудлар аҳолиси турмуш тарзи бевосита яйловларга боғланганлигини кўрамиз. Бугунги кунда яйловлар ва улардаги табиий ресурслардан фойдаланиш, уларни бошқариш ва назорат қилиш тизимининг издан чиқиши оқибатида бир қанча муаммолар юзага келмоқда. Бу каби ҳолатларни камайтириш учун амалга оширилаётган чора-тадбирлар етарлича самара бермаяпти. Конференция ташкилий жараёнлари давомида Ўзбекистон яйловлари ҳолати билан танишиб чиқдик. Кузатишларимиз шуни кўрсатдики, Ўзбекистон ҳудудида инсон омили таъсирига учрамаган бирорта яйлов йўқ. Бу ҳолат яйловлардан фойдаланиш тизимида муаммолар борлигини кўрсатади. Анжуманнинг учинчи кунида бевосита Самарқанд яйловларида дала семинарлари ўтказилиши режалаштирилган. Мазкур семинарлар давомида айнан шу масала бўйича якдил ечим топиш, халқаро миқёсда тажриба алмашиш имконияти юзага келади.
Халқаро конференцияда Марказий Осиё мамлакатларида яйловларни бошқаришни халқаро тажрибалар асосида такомиллаштириш, соҳадаги хорижий ва маҳаллий олимлар, мутахассислар ўртасида билим ва тажриба алмашишга йўналтирилган фикр ва таклифларни илмий асосланган ишланмалар ва синовдан ўтган тажрибалар асосида амалга ошириш бўйича бир қатор масалаларда ҳамкорлик битимлари муҳокама қилинди. Ўзаро муҳокамалар натижасига кўра, Самарқанд давлат университети АҚШ нинг Невада университети ҳамда Республика яйлов хўжалигини ривожлантириш уюшмаси билан ҳамкорлик шартномасини имзолади.
Конференция давомида яйловларни барқарор бошқариш соҳасида дунёнинг етакчи олимлари томонидан эришилган сўнгги инновацион натижалар ва илм-фан ютуқлари муҳокама қилинди ҳамда хориждан ташриф буюрган олимлар томонидан яйлов экологияси соҳасини ривожлантиришга оид халқаро тажриба алмашиш бўйича атрофлича маълумот берилди. Конференция давомида билдирилган фикрлар ва муҳокамалар асосида ишлаб чиқиладиган таклиф ва тавсиялар нафақат мамлакатимиз, балки Марказий Осиё яйловларини асрашда муҳим омил бўлиб хизмат қилиши, шубҳасиз.
[center]
Ирода Бекмуродова,
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати ходими.
Шавкат Акрамов олган суратлар.
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати ходими.
Шавкат Акрамов олган суратлар.