Эркаклар орини йўқотса...

Эркаклар орини йўқотса...
«... байрами муносабати билан «Сезам» ресторани аёлларга қуйидаги чегирмаларни тақдим этади:

— агар севгилингиз билан келсангиз 5 фоиз чегирма;

— агар турмуш ўртоғингиз билан келсангиз 10 фоиз чегирма;

— агар ҳам турмуш ўртоғингиз, ҳам севгилингиз (!) билан келсангиз 100 фоиз чегирма...»


Эҳтимол, ижтимоий тармоқда ушбу эълонни жойлаштираётган вақт ресторан соҳиби юмор ҳиссини улашмоқчи бўлгандир. Аммо ор-номусни ҳар недан-да устун қўйган халқимиз учун бу каби ҳазиллар энг катта ҳақоратдир.

Ўз аёли, ўз маҳрамини қизғаниш, рашк қилиш диний нуқтаи назардан ҳам, фарз ҳисобланади. Аёлининг оёқ олишига бефарқ қараганларга тамға ҳам бор: даюс.

Аммо ана шундай асрлардан ошган қадриятларимиз тургани ҳолда айрим сериаллар(ғарб, европа фильмлари бўлса ҳам майли эди, ўзимизнинг динимизга, тилимизга яқин бўлган турк кинолари)да бировнинг аёлини хиёнатга чорлаганни қаҳрамон, ўз оиласини ҳимоя қилмоқчи бўлганни эса золимга чиқариб қўйишганига нима дейсиз?

Жаббор оғадан яширинча ошиқ-маъшуқ ўйнаган Али ва Назар кечмишига кўп ҳам вақт ўтмай туриб, Ниҳон ва Камол эртаги бошланди. Қоработир ролида эса бу гал қонуний эр — Амир.

Тўғри, адабиётда, тарихда оилага хиёнат қилган, бировнинг хасму ҳалолини йўлдан урган кимсалар талқини учраб турган. Аммо юқоридаги ҳолатлардан фарқли ўлароқ, бундай қиёфалар салбий образ сифатида талқин этилиб, асар сўнгида жазога маҳкум этилган...

Афсуски, Тристань ва Изольда, Жамила ва Дониёр (Ч.Айтматов) сингари хиёнаткорликни тарғиб этувчи ғоялар энди турк сериаллари қолипида тарғиб этила бошланди.

Ушбу кинолар эфирдан олиб ташландику-я, аммо ундаги зарарли ғоялар, бадбўй ҳаво аллақачон атрофга заҳрини тарқатиб бўлганди-да...

Балки ана шу жиҳатлар сабабдир, бугун аёлининг калта кўйлак, тор шимда ҳам чиқишига бефарқ, давраларда биров қўлида вальс тушишини қарсак чалиб томоша қиладиган «эркак»лар учрамоқда.

«Орқатоғим — хотиним бор»

— Қўйинг, дадаси, уяламан. Шунча эркак тўп бўлиб туришибди, ўрталарига қандай кираман?

— Иложи йўқ, хотин, сен аёл кишисан, озгина йиғи-сиғи қилсанг, ишонишади. Менга «эркаксан, ишла», дейишади...

Сайёр қабул пайтида қулоғимизга чалинган бу каби гурунг, минг афсуски, эндиликда янгилик бўлмай қолди. Аёлини ҳимоя қилмоқ мақсадида не-не ёву довлар қаршисида кўксини қалқон қилган йигитларнинг эндиликда аёли панасига пусиб туришини ҳеч қандай сабаб билан оқлаб бўлмайди. Тоғни урса толқон қиладиган кучи бўлатуриб, аёлини олдига солганча давлат идораларида тиланиб юрган ёки хотинини бозорда сотувчи ёки бирор оғир ишга юбориб, ўзи уйда телевизор томоша қилаётган, улар топган даромадидан кун кўраётган кимсаларни кўриб, «ҳайф, эркаклик» дегингиз келади.

«Йигитлар халқларнинг мақтови, кўрки, Насллар жавҳари, миллат таянчи...», деб ёзган эди улуғ шоиримиз Ғафур Ғулом. Ниятимиз — йигитларимиз ўз таърифидек кучли, жасур бўлиш билан бирга, озгина ғурур ва ҳамиятли ҳам бўлишса...

Сепга сотилган эркаклар

Яқинда бир суд ишида иштирок этдик. Иш фирибгарлик бўйича экан. Қадди басти бинойидеккина йигит уйланишни ваъда қилган, бир эмас, олти қизни алдаб, пулларини шилиб юрган.

Пулнинг ҳажми ҳар қанча катта бўлмасин, суд залида ҳозир бўлганларнинг деярли барчаси учун бу иккинчи масала бўлиб қолди. Энг муҳими, атрофдагиларни таажжубга солгани, нафратини қўзитгани йигитнинг ана шундай пасткашликни ўзига эп билганида эди.

Наҳотки орини тоғдан-да баланд тутган йигитларимизнинг ҳоли шу бўлди?! Суюкли ёри учун дор тагига тик борган Отабеку Анвар мирзонинг ворислари шу қадар тубанликка боришди?! Мол-дунё учун ўз ғуруридан воз кечиб, бутун келажагини барбод этган киши эртага эл бошига иш тушганда Ватанни ҳам сотиб қўймаслигига ким кафолат бера олади.

— Оиласи ўзига тўқ бир қизни танирдим, — дейди Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Бухоро вилояти кенгаши бош мутахассиси Каромат Махсудова. — Одоби, муомаласи, ҳусни ҳам бинойидеккина бу қизнинг отаси юқори лавозимда ишлашидан ҳайиқибми, кўпгина йигитлар юрак бетлаб ёнига яқин келолмасди. Шу боисми ёки қадди-қоматига учибми, қиз ўзига биринчи бор дил ёрган кишига кўнгил берди. Қизи раъйини қайтармаган ота-она ҳам тўй тадоригини бошлаб юборишди. Аммо... Айни тўйга бир ҳафталар қолганида қизнинг отаси автоҳалокатга учраб, дунёдан кўз юмди. Тўй эса... Йўқ, ортга сурилмади. Ҳали «етти»си ўтмай туриб куёв хонадонидагилар ўз сарпо-ю дастурхонларини қайтиб олишди. Сабабини сўраганларга эса «Шунча йил «ёғли» жойда ишлаб тузук нарса тўпламабди ҳам. На бойлиги, на мансаби бўлса, қизининг чиройли қош-кўзи учун келин қилармидик?!», дея жавоб қайтаришди.

Дарвоқе, ўша йигит кейин уйланди. Ўзи истаганидек мол-дунёси кўп, бир мансабдорнинг қизига. Аммо айтишларича, янги оилада эр-хотиннинг мавқеи ҳам алмашиб, кунора жанжал товушлари эшитилиб тураркан.

Қиз эса хиёнатдан анчайин сиқилиб, ўзига келмай юрди. Аммо мунчоқ ерда қолмас, дейдилар. Вақт ўтиб, бир покдомон йигит билан бахтини топиб кетди...

Оила ва оилавий муносабатлар муқаддас тутилган халқимизда муносиб ёр танлашда масъулият билан ёндашиш, унинг ҳусн ёки бойлигига учиб эмас, балки одоби, меҳнаткашлиги, рўзғор тута олиши ва фарзандлар тарбиялаши нуқтаи назаридан танлаш лозимлиги хусусида уқтирилади. Чунончи, Кайковус ўз «Қобуснома»сида шундай дейди: «Эй фарзанд, агар хотин олмоқ тиласанг, ўз ҳурматингни яхши сақлағил. Хотин талаб қилсанг, унинг молини талаб қилмағил. Хотин пок табиат ва пок дил бўлсин... Йўқса ул сенинг молингни қўлингдан олиб, сўнгра сени унга молик бўлишга қўймағай. Ундин сўнг сен уни хотини бўлурсан, лек ул сенга хотин бўлмас».

Кўриниб турибдики, хотиннинг мол-дунёси учун уйланиш, бу йўлда ўз ғурури ва орини гаровга тикиш ҳолатлари қадим замонларда ҳам рўй бериб турган. Аммо унутмаслик керакки, ҳеч қандай бойлик ёки мансаб фаровон рўзғор ва бахт-саодатга кафил бўла олмайди. Ҳақиқий оила фароғатига эса кўнгилга яқин маҳрам, оқила аёл, фарзандларга муносиб она бўлгувчи рафиқа орқали эришилади. Зеро, яхши қизнинг сепи сандиғида эмас, балки сийратида бўлганига не етсин?!

Манба: mahalladosh.uz

Ўхшаш янгиликлар

Янгиликка фикр ёзиш чоп этилган кундан 30 кун ичида мумкин.

Сўнгги янгиликлар

Самарқанд давлат университети: Квант ҳафталиги бўлиб ўтмоқда...

Халқаро анжуманда АҚШ нинг Далласдаги Техас университети Нанотехнология институти директори ўринбосари, ITMO университети гибрид нано...
11-12-2024, 11:52

Самарқанд давлат университети битирувчилари дунёнинг топ-100 талик университетида магистратурани давом эттиради…

2022 йил Самарқанд давлат университети Италиянинг Болонья университети билан ҳамкорлик меморандумини имзолаган эди. Унга кўра СамДУ...
6-12-2024, 11:20

Самарқанд давлат университети Хитойдаги олий таълим муассасалари билан ҳамкорликни давом эттиради…

Самарқанд давлат университетига Шенси провинциясининг (Хитой) Бош прокурори Ван Юн бошчилигидаги делегация ташриф буюрди. Меҳмонлар билан...
4-12-2024, 09:27

Ватан ва Виждон

Инсонга ота-онани ва Ватанни танлаш имконияти берилмаган. Дунёга келган ва киндик қонимиз тўкилган манзил Ватан ҳисобланади. Худди,...
3-12-2024, 08:58

Айрим тадбиркорларга тўланган солиғининг бир қисми қайтариб берилади

Ҳукумат Қарори билан тасдиқланган Низомга кўра, 2024-йил 1-октябрдан бошлаб туроператорлик ва меҳмонхона хизматларини кўрсатувчи...
29-11-2024, 12:34
Ўзбекистон янгиликлари » Жамият » Эркаклар орини йўқотса...