“Марказий Осиё яйловлари: глобал муаммолар ва глобал имкониятлар”: якуний натижа ва таҳлил

“Марказий Осиё яйловлари: глобал муаммолар ва глобал имкониятлар”: якуний натижа ва таҳлил
Самарқанд давлат университетида ўтказилаётган “Марказий Осиё яйловлари: глобал муаммолар ва глобал имкониятлар” мавзусидаги халқаро конференция ўз ишини якунлаш арафасида. Конференция давомида Самарқанд вилоятининг Нуробод туманидаги яйловларда дала семинари ташкил этилди. Унда анжуманда иштирок этаётган халқаро ташкилотлар вакиллари, хорижлик олим ва профессорлар, шунингдек Самарқанд давлат университети вакиллари қатнашди.

“Марказий Осиё яйловлари: глобал муаммолар ва глобал имкониятлар”: якуний натижа ва таҳлил

Дала семинари иштирокчилари Нуробод туманининг Қарнобчўл ҳудудларида жойлашган “Тим – Ағрон чорвадорлари” МЧЖ яйловлари ҳудудида яйловларни баҳолашнинг замонавий экологик методларига асосланган дала семинари кузатувларини олиб бордилар.


Дала семинаридан асосий мақсад яйловлар экологик барқарорлигини қайта тиклаш, табиий ҳолатини яхшилаш ҳисобланса, иккинчи масала яйловларни замонавий рақамли технологиялар ёрдамида баҳолашдир. Шу асосда хориждан ташриф буюрган олимлар, Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазирлиги таркибидаги Ўздаверлойиҳа давлат илмий лойиҳалаш институти ходимлари билан биргаликда дронлар ёрдамида яйловлар мониторинги ўтказилди.


Самарқанд давлат университети Агробиотехнологиялар ва озиқ-овқат хавфсизлиги институти директори, доцент Тошпўлат Ражабов дала семинари натижалари ҳақида маълумот берди:

- Ҳозирги кунда Президентимиз ташаббуси билан амалга оширилаётган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида бир қатор самарали ишлар амалга оширилмоқда. “Марказий Осиё яйловлари: глобал муаммолар ва глобал имкониятлар” конференцияси доирасида ташкил этилган дала семинарлари том маънода шундай ҳаракатлардан бири бўлди.


Республикамиз умумий ер майдонининг 47 фоизи, яъни 21,1 млн. гектарини яйловлар ташкил қилади. Суғориладиган ерлар эса бор-йўғи 4 млн. гектар. Биргина шу фактнинг ўзи республикамиз учун яйловларни бошқариш соҳаси қанчалик аҳамиятга эга эканлигини кўрсатади. Шу нуқтаи назардан, бугунги кунда қайта тикланувчи ем-хашак ҳосил қилиш потенциали издан чиққан ва чорвачилик мақсадларида фойдаланиш учун яроқсиз ҳолатга келган 11 млн. гектар яйловларнинг экологик ҳолатини яхшилаш асосий муаммо ҳисобланади. “Марказий Осиё яйловлари: глобал муаммолар ва глобал имкониятлар” мавзусидаги халқаро конференция доирасида Нуробод тумани Қарнобчўл яйловларида дала семинари ташкил қилдик.


Семинар доирасида ушбу яйловларнинг экологик ҳолати, тупроқ қатлами ўрганилди, 2 гектар майдонга яйлов ўсимликлари экилди. Чўл ўсимликлари ўта иссиқ муҳитда ўсишга мослашгани учун асосан йилнинг совуқ мавсумида экилади. Шу асосда дала семинари доирасида Нуробод яйловларида шувоқзорларни қайта тиклаш бўйича ишларни бошладик. Режа бўйича, мазкур яйлов ҳудудларига шувоқ, изен, терескен каби яйлов ўсимликлари экилди. Шунингдек, дронлар ёрдамида яйлов ҳудудлари мониторинг қилинди. Кузатувлар натижасида ушбу яйловларнинг айни ҳолатини акс эттирадиган замонавий харита шакллантириш учун суратларни қўлга киритдик. Олинган натижалар орқали яйловларнинг зарарланган ҳудудлари, ўсимликлар тарқалиш экологияси ҳақида юқори аниқликдаги манбаларга эга бўлдик. Бу ишлар бизга яйловларнинг ҳозирги ҳолатини баҳолашда ҳам иқтисодий жиҳатдан, ҳам амалий жиҳатдан фойдали бўлиб, аниқ маълумотларни қўлга киритиш имконини беради. Бу натижага шу кунгача амалда бўлган анъанавий усуллар билан эришиш қийин эди.


Эндиликда дала кузатувларида олинган натижалар қайта ишланиб, илм-фанга татбиқ қилиниши керак. Бунинг учун энг аввало, замонавий технология ва замонавий билимлар керак. Аммо афсуски, бугунги кунда бизда айнан яйловшунослик ва яйловларни бошқариш йўналишида замонавий мутахассислар етишмайди. Бу борада конференцияда иштирок этаётган халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик алоҳида ўрин тутади.

Очиқ айтиш керак, шу кунга қадар юртимиз олимлари томонидан яйловлар ҳолатини яхшилаш бўйича бир қатор тизимли технологиялар ишлаб чиқилган. Лекин бу лойиҳаларни амалга ошириш жуда катта куч ва маблағ талаб қилиб, иқтисодий жиҳатдан қимматга тушади. Мана шундай йўллардан бири бу – яйлов ерларини ҳайдаш орқали ўсимлик экиш. Бу йўл катта куч ва вақт талаб қилгани камдек, тупроқ қатлами таркибининг бузилишига олиб келиши мумкин. Чўл тупроқлари табиатнинг “нозик маҳсули” ҳисобланади. Агар тупроқ қатлами бир марта бузилса, яна аввалги ҳолатига қайтиши қийин. АҚШ тажрибасида мазкур хатога йўл қўйилган. Ўтган асрнинг 20-30 йилларида Америкада катта-катта яйлов ҳудудлари қишлоқ хўжалиги мақсадларида фойдаланиш учун ҳайдалган. Бунинг натижасида кучли чанг бўронлари ҳосил бўлган. Шу сабабли ҳозир АҚШда яйловларни ҳайдаш таъқиқланган. Шу каби оқибатлар тақозоси билан, бугунги кунда Америкада тупроқ қатлами ва яйлов экотизимларига кам таъсир кўрсатган ҳолда экологик ҳолатни яхшилаш имконини берадиган технологиялар ишлаб чиқилган.


Илмий тадқиқот, таълим жараёни ҳамда яйловдан фойдаланувчиларни бирлаштирган ягона механизм яйлов экологияси ва уларни бошқариш соҳасини ривожлантиришга хизмат қилади. Бу жараёнда Самарқанд далат университети асосий таянч марказ вазифасини бажаради. Конференция доирасида СамДУ АҚШнинг Яйловларни бошқариш халқаро жамиятига аъзо бўлди. Бу борада Самарқанд давлат университети, Республика яйлов хўжалигини ривожлантириш уюшмаси ва АҚШ нинг Невада университети ҳамда Яйловларни бошқариш халқаро жамияти ўртасида ҳамкорлик шартномаси имзоланди. Айни пайтда ушбу жамиятда Ўзбекистон секциясини ташкил қилиш режалаштирилмоқда. Бу вазифа Ўзбекистон яйловшуносларига дунё миқёсида яйлов экологияси соҳасидаги янгиликлардан ва замонавий ишланмалардан хабардор бўлиш имконини беради.


Шунингдек, Самарқанд давлат университети ва АҚШ нинг Невада университети ўртасида яйлов экологияси ва яйлов бошқаруви соҳасида магистратура йўналишида қўшма таълим дастури йўлга қўйишга келишилди. Шунингдек, 2023 йилнинг февраль ойида Республика яйлов хўжалигини ривожлантириш уюшмаси ҳамда Самарқанд давлат университети олимларидан иборат делегация Халқаро яйловларни бошқариш жамияти томонидан АҚШ да ўтказиладиган конференцияда иштирокчи сифатида қатнашиши режалаштирилмоқда. Умуман олганда, Ўзбекистонда ривожланиши зарур соҳа сифатида қаралаётган яйлов илм-фани фақат яйлов экологияси ва уларни бошқаришни ривожлантириш нуқтаи назаридан эмас, балки унга қўшимча сифатида яйлов ишлаб чиқариши, яйлов туризми каби йўналишларда ҳам янги ишлар амалга оширилишни тақозо қилади. Бу каби ишлар амалий-назарий нуқтаи назардан илмий асосланган ҳолда ўлкамизда ҳам амалга оширилиши керак.

Анжуманнинг кейинги кунида дронлар ёрдамида олинган натижалар таҳлилидан иборат ўқув семинари ташкил қилинди. Унда дала семинарида иштирок этган хорижлик олимлар қўлга киритилган маълумотларни таҳлил қилиш билан бир қаторда аниқланган муаммолар бўйича ўз таклифларини билдирдилар. СамДУ олимлари ва конференция иштирокчиларига Невада ва Росток университети олимлари дронлар ёрдамида олинган яйлов фотосуратларини махсус дастурий воситалар ёрдамида қайта ишлаш усулларини ўргатди.


Хорижлик олимлар республикамиз шароитида яйловлар экологиясини яхшилаш учун икки томон: экологик ва иқтисодий жиҳатга асосий эътибор қаратиш керак эканлигини алоҳида таъкидлади ва бу борада бир қатор амалий таклифларни берди.

Қайд этиш жоизки, яйлов илм-фани ривожланган мамлакатларда рақамли технологиялар, географик ахборот тизимлари ва масофавий зонтлаш усулларидан кенг фойдаланилган ҳолда яйлов муаммоларини бартараф этишга ҳаракат қилинмоқда.

Самарқанд давлат университети ташаббуси билан ўтказилган мазкур конференция соҳа мутахассислари, ҳамкор ташкилотлар олдига катта вазифалар қўйса-да, Ўзбекистонда яйлов илм-фани ва ишлаб чиқариши соҳасини замонавий даражада ривожлантиришга ҳисса қўшиб, республикамиз яйловлари экологик ҳолатини яхшилашга қаратилган катта лойиҳаларни амалга оширишда муҳим қадам бўлиб хизмат қилади.


Ирода БЕКМУРОДОВА,
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати ходими.
Шавкат АКРАМОВ олган суратлар.

Ўхшаш янгиликлар

Мақола бўйича муносабатингизни билдиринг. Бизга Сизнинг фикрингиз жуда муҳим. Раҳмат!

Сўнгги янгиликлар

«Сирли одам» — Мурали Лал Жаланнинг Minerva City бўйича интервьюси баҳсларга сабаб бўлмоқда. Лал Жалан аслида ким?

Ҳиндистонлик инвестор Мурали Лал Жалан «Kun.uz»га берган интервьюсида Minerva City’га ер ажратишда ҳокимликлар амалдаги тартибни бузгани...
Бугун, 09:04

Эрон Исроилга қарши урушда нишонга оладиган объектлар рўйхати эълон қилинди

Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпусига яқин бўлган оммавий ахборот воситалари келажакда Исроил билан урушда нишонга олиниши мумкин...
Бугун, 09:00

Мексикада 6 см думи бўлган чақалоқ туғилди

Мексиканинг Нуэво-Леон штатидаги касалхонада олти сантиметрлик дум билан соғлом бола дунёга келди. Бу ҳақда Daily Mail хабар берди. Маълум...
Бугун, 08:58

Навоийда кондаги портлашда экскаватор ҳайдовчиси вафот этди

Бундан ташқари, экскаватор кабинасида бўлган машинист ёрдамчиси бўйин ва ўнг қўл кафт соҳаси 1 ва 2-даражали куйиши тан-жароҳати олган....
Бугун, 08:54

Ўзбекистонликлар сайёҳлик йўналишида энг кўп қайси давлатларга чиққан?

2022 йилнинг 1 ноябрь ҳолатига 4,4 млн нафар Ўзбекистон Республикаси фуқаролари туристик мақсадларда хорижга сафар қилган. Давлат...
Бугун, 08:51
Ўзбекистон янгиликлари » Жамият » “Марказий Осиё яйловлари: глобал муаммолар ва глобал имкониятлар”: якуний натижа ва таҳлил