Ижтимоий тармоқларда 2-синф ўқувчисини ток ургани ҳақида маълумотлар тарқалди. Ҳолат юзасидан Гулистон халқ таълим бошқармаси маълумот берди.
Aниқланишича, шу йил 23 ноябрь куни Гулистон туманидаги 14-умумий ўрта таълим мактабининг 2-“Б” синф ўқувчиларига режа бўйича 5 соат дарс ўтилиши керак бўлган. Жисмоний тарбия фани ўқитувчилари учун малака (амалий) синовлари бўлиб ўтказилаётгани сабабли шу кунги дарслар ихчамлаштирилган. Синф раҳбари Соҳиба Имомова дарсларни ўтиб бўлгач, ўқувчиларга уйига кетиш учун жавоб берган.
Дарси тугагандан сўнг 2-“Б” синфнинг барча ўқувчилари қатори Ҳасан-Ҳусан Aбдураҳмоновлар уйига йўл олган. Йўлда Ҳасан-Ҳусан мактаб ҳудудининг ташқарисида жойлашган электр трансформатори остига кириб қолган кучукни кўриб қолган. Трансформатор қоплама қисмининг очиқ жойидан Ҳусан Aбдураҳмонов қўлини киргизиб кучукни олмоқчи бўлган вақтда электр токи уриши оқибатида боши, қорни, қўли ва оёғидан тан жароҳати олган.
Воқеа жойига тезда етиб борган мактаб ўқитувчиси Фурқат Aбилов болани чиқариб олган. Мактаб ҳамшираси Муҳаббат Раҳимова биринчи тиббий ёрдам кўрсатган. Шундан сўнг зудлик билан туман шошилинч тиббий ёрдам бўлими ва боланинг оиласига хабар берилган. Ҳозир жароҳатланган ўқувчи туман тиббиёт бирлашмаси шифокорлари назоратида муолажа олмоқда.