Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизматининг маълум қилишича, Андижонда юз берган автоҳалокат оқибатида жабрланганлардан яна бири вафот этиб, уларнинг сони 4 нафарга етди.
Қайд этилишича, 26 ноябрь куни А-373 Тошкент—Ўш—Андижон автомагистралининг 389-390-километрлари оралиғида Isuzu автобуси ва Фура юк машинаси тўқнашиб кетган. Ушбу йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида 3 нафар фуқаро воқеа жойида вафот этгани, 38 нафар йўловчи турли жароҳатлар билан шифохонага ётқизилгани айтилганди.
Айни пайтда Соғлиқни сақлаш вазирлиги назоратида бўлган ушбу беморлардан 4 нафарига тиббий хулосалар ижобий бўлгани учун амбулатор шароитда даволаниш учун уйига рухсат берилган. Ўта оғир аҳволдаги яна бир нафар бемор амалга оширилган реанимацион чораларга қарамасдан вафот этган.
Ушбу фуқаро шифохонага бош миянинг оғир даражада лат ейиши, мия ўзаги шикастланиши, қорин бўшлиғи аъзолари ёпиқ жароҳати, жигар сегментларининг эзилиб ёрилиши, чап билак суягининг очиқ синиб силжиши, ўнг болдир соҳаси олд юзаси ва ўнг қўл тирсак соҳаларининг 2-даражали куйиши, 3-даражали травматик шок ташхиси билан олиб келинган эди. Унда белгиланган стандартлар бўйича барча зарур амалиётлар ўтказилган.
Ҳозирда 33 нафар беморда шифокорлар зарур муолажаларни давом эттирмоқда. Назоратда турган беморларнинг 11 нафари РШТЁИМ Андижон филиалида, 16 нафари Асака тумани, 4 нафари Бўстон тумани, 2 нафари Шаҳрихон тумани шошилинч тиббий ёрдам бўлимларида даволанмоқда.
Ушбу беморларнинг 1 нафари ўта оғир, 5 нафари оғир аҳволда. Соғлиқни сақлаш вазирлиги уларнинг ҳолатини тўлиқ назоратга олган бўлиб, беморлар зарур тиббий ёрдам ва дори-дармонлар билан тўлиқ таъминланган.