Тадбиркорга сўкиниб, уни ҳақорат қилган Янги Наманган тумани ҳокими Жобир Абдуллаевга ҳайфсан берилиб, уч ой муддатга барча турдаги рағбатлантиришлардан маҳрум қилинди.
Куни кеча Янги Наманган тумани ҳокими Жобир Абдуллаевнинг ижтимоий тармоқларда жойланган телефон орқали ёзиб олинган аудио суҳбати қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди. Албатта, бу ҳол нафақат туманнинг, балки Наманган вилоятининг шаънига номуносиб ҳаракат, дея баҳоланди.
- Бугун жаҳон миқёсида юртимиз ҳақида сўз кетганда, “Янги Ўзбекистон” ибораси тилга олиниб, янги босқичдаги ислоҳотларда вилоятимизнинг ҳиссаси ўз меваларини бера бошлаётган, эришаётган ютуқларимиз Президентимиз томонидан алоҳида эътироф этилаётган, қолаверса, бизга юксак ишонч билдириб турилган бир вақтда шаҳримизни саноат, тадбиркорлик ва кичик бизнес асосий драйвер бўлган Янги Наманган тумани раҳбарининг бу ҳаракатларини асло оқлаб бўлмайди!
Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдуразаков бошчилигида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Давлат фуқаролик хизматчилари томонидан одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этилишини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 2022 йил 15 октябрдаги 595-сон қарори ижроси бўйича кенгайтирилган муҳокама йиғилиши ўтказилди.
Селектор тартибида ўтказилган йиғилишда вилоят сектор раҳбарлари, вилоят ҳокимининг ўринбосарлари, маслаҳатчилари, шаҳар ва туман сектор раҳбарлари, вилоят бошқармалари, шаҳар ва туман ташкилотлари раҳбарлари, маҳаллий Кенгаш депутатлари, Одоб-ахлоқ комиссия аъзолари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.
Йиғилишда Янги Наманган тумани ҳокими Ж.Абдуллаевга “Ҳайфсан” интизомий жазоси қўлланилиб, барча турдаги рағбатлантиришлардан маҳрум қилинди.
Шунингдек, жорий йил давомида ижтимоий тармоқларда шаҳар ва туманлар ҳокимликлари, вилоят бошқармалари, тегишли ташкилотлар раҳбарларининг хатти-ҳаракатлари бўйича ёритилган масалалар ҳам атрофлича муҳокама қилинди.