Самарқанд давлат университетининг 15 нафар талабаси 2022-2023 ўқув йили учун Президент ва Давлат стипендиялари совриндори бўлди.
Азиза Қурбонова Самарқанд давлат университети психология ва ижтимоий-сиёсий фанлар факультети талабаси, Ўзбекистон Республикаси Президенти стипендианти:
- Жабрланувчи психологияси мавзусида психология кафедраси катта ўқитувчиси Ворис Аҳроров илмий раҳбарлигида тадқиқот олиб бормоқдаман. Бугунги кунгача илмий тадқиқот натижасида 17 мақолам халқаро журнал ва конференция тўпламларида нашр этилган. Бунда домлаларим кўрсатган йўл ва берган маслаҳатларининг ўрни беқиёсдир. Шунингдек, “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси – мамлакат тараққиёти ва жамият фаровонлигининг ҳуқуқий кафолати” мавзусидаги Республика илмий-амалий анжуманида “Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг инсонпарварлик ва психологик моҳияти” номли мақолам билан иштирок этиб, конституцияни ўқитишнинг педагогик ва психологик хусусиятлари шўьбасида ғолибликни қўлга киритдим. Айни пайтда юридик психологияга оид қўлланмам нашр этишга тайёр. Қўлга киритган натижаларим сабаб, Президент стипендияси соҳиби бўлдим. Бу мен учун унутилмас кунга айланди. Бизга яратиб берилган шароитлар учун Президент Шавкат Мирзиёевга миннатдорлик билдираман…
Муяссар Мустафоева, Самарқанд давлат университети филология факультети талабаси, Навоий номли давлат стипендияси соҳиби:
- Бугун мен учун қувончли кун. “Олтин давримнинг” “олтин куни” деб бемалол айта оламан. Самарқанд давлат университети филология факультетининг 3 нафар иқтидорли талабари қаторида Навоий номидаги давлат стипендияси соҳиби бўлдим. Шу кунга қадар 10 дан ортиқ мақолаларим республика ва халқаро нашрларда эълон қилинган. “Ёшлик сатрлари”, “Рангин туйғулар” каби шеърий тўпламларим чоп этилган. Қолаверса, Бельгия, Россия, Туркия, Индонезия каби давлатларда илмий конференцияларда иштирок этганман. Албатта, буларнинг замирида илмий раҳбарим СамДУ Истиқлол даври адабиёти ва адабиётшунослик назарияси кафедраси доценти Дилафрўз Жабборованинг хизмалари беқиёс. Айни вақтда устозим билан биргаликда "Эшқобил Шукур ва Вафо Файзуллоҳ ижодида 80-90 йил қарашлари" мавзусида илмий тадқиқодлар олиб бормоқдаман. Стипендия соҳиби бўлганлигим сабаб магистратурага йўл очилди. Келажакда магистратура босқичини ҳам Самарқанд давлат университетида давом эттирмоқчиман. Буларнинг барчаси учун Самарқанд давлат университети ректори, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби Рустам Холмуродовга миннатдорлик билдираман…
- Роҳила Ибрагимова, Самарқанд давлат университети мактабгача ва бошланғич таълим факультети талабаси, Навоий номли давлат стипендияси соҳиби Севиля Бадалованинг онаси:
- Икки фарзанднинг онасиман. Ўғлим ҳарбий соҳада фаолият юритади. Қизим эса, илм-фанга қизиқади. Шу сабаб, Самарқанд давлат университетига ўқишга кирди. Икки йилдан буён бу стипендиант бўлиш учун ҳаракат қилади. Бугун орзу-ҳаваслари ҳақиқатга айланди. Навоий номли давлат стипендияси соҳиби бўлди. Кеча Президент Мурожаатномасида энг асосий урғу таълимга ва унинг сифатига қаратилди. Самарқанд давлат университети мен учун энг юқори сифатли таълим берадиган даргоҳ. Қизимнинг бу ерда ўқиётганлигидан фахрланаман. Ёшларга қаратилаётган эътибор, яратилган шароитлар учун Шавкат Мирзиёевга миннатдорлик билдираман…
Беҳруз Шамсиддинов
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати ходими,
Шавкат Акрамов олган суратлар.