Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Мурожаатномасининг эртасига Самарқанд давлат университетида ўқишда, илмий ва жамоат ишларида фаоллик кўрсатган 841 нафар талабага пул мукофотлари топширилди...Озода Иноятилло, СамДУ Муҳандислик физикаси институти талабаси, немис тили бўйича халқаро С1 сертификати эгаси:-Мурожаатномада Президентимиз Инсонга эътибор ғоясини илгари сурганини эшитиб, жуда хурсанд бўлган эдим. Лекин бу эътибор бунчалик тез юз беришини кутмагандим... Хорижий тилларга бўлган қизиқишим сабаб тил ўрганишим учун бор имкониятимни ишга солдим. Жорий йилда немис тили бўйича халқаро Goethe-Zertifikat C1 сертификатини қўлга киритдим. Шу сабаб Самарқанд давлат университети ректори ташаббуси билан 2 035 000 сўм пул мукофоти соҳиби бўлдим. Университетимиз томонидан мукофот берилаётганини айтганимда ота-онам жуда хурсанд бўлди. Айни пайтда нано сунъий йўлдошлар бўйича илмий тадқиқот олиб боряпман. Ушбу мукофотни илмий изланишларимга сарфламоқчиман. Очиғини айтиш керак, тилни аввало, ўзим ва келажагим учун ўрганишни бошлаганман. Биргина талабанинг ўз келажаги сари қўйган илк қадамидаёқ бу қадар қўллаб-қувватлаш фақат бизнинг юртимизда бўлса керак. Мен шундай Ватанда ҳар бир инсоннинг қадри қадр топган юртда яшаётганимдан фахрланаман.
Носирбек Қиличев, Самарқанд давлат университети юридик факультети талабаси, Навоий номидаги давлат стипендияси совриндори:-Президентимиз таъкидлаганидек, “Аввал – инсон, кейин – жамият ва давлат” деган ғоя бугунги кунда ҳаётимизнинг барча жабҳаларига кириб бормоқда. Байрам арафасида университетнинг қарийб мингга яқин талабаларига берилган бу мукофот миллий давлатчилигимизга ҳам чуқур сингиб бораётган инсон қадрини улуғлаш масаласига айнан мос келади. Университетимизда ўқиш билан бир қаторда илмий фаолият билан шуғулланиб келаётган ёшлар талайгина. Бизнинг илм-фанга бўлган қизиқишимизни рағбатлантирилиши янги-янги ютуқларга замин бўлишига ишонаман.
Мўминбек Имомназаров, СамДУ интеллектуал тизимлар ва компьютер технологиялари факультети талабаси:-Куни кеча Президентимизнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномасида 2023 йил “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили” деб эълон қилинди. Бугун мукофотга лойиқ кўрилган ҳар бир ёш қалбида эътибор ва эъзоздан мамнунлик сезилади. Албатта, фаолиятимизда озми-кўпми эришаётган ютуқларимиз, инсон қадри улуғ бўлган диёр – Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида келажак умиди сифатида баҳоланаётгани, байрам арафасида муносиб рағбатлантирилганимиз бизни жуда қувонтирди. Эндиликда бор билим ва салоҳиятимиз билан ўз устимизда ишлашни давом эттириб, мутахассислигимизга оид билимларни чуқур ва пухта ўзлаштириб, олдимизга қўйган улкан марраларга албатта эришишимизга ишонаман.
Соҳиб Маҳмудов, Самарқанд давлат университети математика факультети талабаси:-Эрталабдан кутилмаган қувончли хабарни эшитдим. Ўқув, маънавий-марифий, илмий ишларда фаол, чет тилини билиш бўйича халқаро сертификатга эга бўлган талабалар қаторида мен ҳам мукофотга муносиб кўрилганимдан хурсанд бўлдим. Бу мукофот аслида менга билдирилган ишонч. Янги йил арафасида моддий жиҳатдан қўллаб-қувватланганим учун аввало, Президентимизга раҳмат ...
Ирода Бекмуродова,
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати ходими.