Самарқанд давлат университети ректори, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби Рустам Холмуродов мазкур йиғилишда мамлакатимиз раҳбари томонидан белгиланган вазифалар юзасидан Ўзбекистон-Финландия педагогика институти профессор-ўқитувчилари билан учрашув ўтказди.
- Бугунги кунда таълим - мамлакат тараққиётининг энг муҳим пойдевори ҳисобланади. Таълимни ривожлантириш аввало, педагог-ўқитувчилар зиммасидадир. Янада аниқроқ қилиб айтадиган бўлсам, мамлакат тақдири сизнинг қўлингизда, - дейди Самарқанд давлат университети ректори, профессор Рустам Холмуродов. - Ўқитишда диплом муҳим эмас, балки сифат ва салоҳият бош мақсад бўлиши даркор. Имтиҳонларда, ўқиш ва ўқитиш фаолиятимизда холис ва адолатли бўлишимиз шарт. Мен такрор айтаман, муаллим талабага 30 фоизгача билим беради, қолган 70 фоизини талаба мустақил таълимда олади. Талабанинг мустақил таълим олиши учун ҳам аслида педагог-ўқитувчи масъул. Баъзан касални даволаш учун унинг жонини оғритишга тўғри келади. Сиз мисли шифокорсиз, билим ва таълим бериб, унинг онгини очасиз, тафаккур оламини ёритасиз. Бу борада қаттиққўллик ҳам талабчанлик ҳам зарур. Керак бўлса маҳалла, ота-она билан ишланг. Уларга ҳам масъулият юкланг. Яхши ўқиган талабанинг маҳалласига, ота-онасига ташаккурнома юборинг, ўқимаган талабани ўзлаштириши учун ҳаракат қилинг. Чунки мамлакат келажаги учун барчамиз бирдек масъулмиз. Таълим тизимида ислоҳотни аввало, ўзимиздан бошлашимиз лозим. Замон билан ҳамнафас бўлмаган, ўз устида ишламайдиган педагог-ўқитувчидан воз кечиш вақти аллақачон келган… Сифатли таълим бугуннинг энг муҳим ва долзарб масаласига айланди. Сизлар Ўзбекистон-Финландия педагогика институти ўқитувчиларисиз. Ҳозир-да мамлакат таълим тизмини Финландия тажрибаси асосида қайта қурмоқчимиз. Қачон финландиялик мутахассислар келади, деб қараб турамизми? Мутахассисларни юбориш керак. У ердаги боғча, мактаб, коллеж, институт тажрибаларини ўргансин. Ўзбекистонга келиб амалиётга татбиқ қилсин. Ўзбекистон-Финландия педагогика институти ўрнак бўлиши керак. Институтни ташкил қилишдан ҳам асосий мақсад шу эди. Сиз бутун мамлакат педагогларига ўрнак бўлиб, таълим маданиятини шакллантиришингиз зарур. Ривожланган давлатларда бакалавр дипломи билан мактабларда дарс бериш мумкин эмас, бунга йўл қўйилмайди. Энг камида магистр бўлиши керак. Давлатимиз раҳбари янги ўқув дарсликлари тақдимотида қиз фарзанд ва аёлларни ўқитишга алоҳида эътибор қаратиш кераклигини алоҳида таъкидлади: Болаларни ким тарбия қилади? Албатта, аёллар. Шунинг учун биз қизларимизни, оналаримизни ўқитишимиз керак. Шунда жамиятни ўқитган бўламиз”. Айнан шуни инобатга олган ҳолда Ургутда Самарқанд давлат университети филиали очилган эди. Ҳозир филиалнинг аксариятини қиз болалар ташкил қилади…
- Самарқанд давлат университети ректори Рустам Холмуродов учрашувда, бугунги кунда долзарб бўлган таълим-тарбия, педагог маҳорати борасида бизнинг олдимизга қўйилган вазифаларни аниқ ва равшан тушунтирди, - дейди Ўзбекистон-Финландия педагогика институти ўзбек тили ва адабиёти, ижтимоий-гуманитар фанлар кафедраси катта ўқитувчиси Озода Анорқулова. – Ўқитувчининг обрў-эътибори ошгани сайин унинг зиммасига юкланаётган вазифалар ҳам ортиши табиий ҳол. Эндиликда, самарасиз фаолиятга чек қўйилади. Бу фикрлар бугунги учрашувда ҳам такрорланди. Ҳақиқатдан ҳам инсонда фидойилик, жамиятда кечаётган жараёнларга даҳлдорлик ҳисси бўлмаса, ҳеч бир бажарилган ишдан натижа чиқмайди...
- 2023 йилнинг “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили” деб эълон қилиниши биз ўқитувчилар учун ҳам шараф ҳам масъулият, - дейди Ўзбекистон-Финландия педагогика институти табиий фанлар кафедраси мудири, доцент Феруза Ҳамроева. -Сабаби, барча эътибор, таълимга, унинг сифатига қаратилмоқда. Бугун Самарқанд давлат университети ректори Рустам Холмуродов билан учрашувда ҳам шу масалалар юзасидан суҳбатлашдик. Сифатли кадр тайёрланиши бўйича тавсиялар берилди. Учрашувдан сўнг ўз олдимга бир қатор режаларни тузиб олдим. Педагоглар барчамиз бир мақсад сари бирлашиб ҳаракат қилсак, юксак натижаларга эришамиз…
Беҳруз ШАМСИДДИНОВ
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати ходими,
Шавкат АКРАМОВ олган суратлар.
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати ходими,
Шавкат АКРАМОВ олган суратлар.