Бу ҳаётда осон илмнинг ўзи йўқ. Ҳар бир фаннинг ўзига яраша қийинчилиги бўлади. Фанга оид мактаб дарсликларининг мураккаблиги рост. Бу борада қайсидир томонларини соддалаштириш мақсадга мувофиқ бўлади. Физикани мактабда ўқитиш 6-синфдан бошланади. Менинг назаримда ўқувчиларни қуйи синфлардан бошлаб физикага оид содда тушунча ва таърифлар билан таништириб борилса, мақсадга мувофиқ бўлади.
Чет эл тажрибасини кузатадиган бўлсак, хориж дарсликлари билан солиштирганда бизнинг дарсликларимиз анчайин содда. 7-синф учун тайёрланган дарсликдаги мавзулар бизда битирувчи синф дарсликларига тўғри келади. Шу кунларда Президент таълим муассасалари агентлиги билан ҳамкорликда Кембриж университетида ишлаб чиқилган 7-синф физика дарслиги таржимаси устида ишляпмиз. Мазкур дарслик 4 та китобдан иборат бўлиб, умумий дарслик билан бир қаторда амалий машқ ва лаборатория машғулот китобларини ҳам ўз ичига олади.
Физика соҳасидаги ҳар бир ютуқ ва кашфиёт бевосита инсоният тараққиёти учун хизмат қилади. Физиканинг ривожланиши ишлаб чиқариш, иқтисодиёт, умуман мамлакат тараққиёти учун муҳим бўлган тармоқларнинг ривожланиш даражасига таъсир кўрсатади. Масалан, физикада маълум бир кашфиёт яратилгандан сўнг, уни ишлаб чиқаришга татбиқ этиш билан шуғулланувчи мутахассислар майдонга чиқади ва инсониятнинг оғирини енгил қилувчи ускуналар яратилади. Атом ва ядро физикаси соҳасидаги кашфиётлар атом энергиясидан фойдаланиш имкониятларини берди. Яримўтказгичларнинг кашф қилиниши электрон ҳисоблаш техникасида муҳим ўзгаришлар содир бўлишига олиб келди. Космоснинг ўзлаштирилиши дунёнинг исталган чеккасидан маълумотларни узатиш, лазер нурларининг кашф қилиниши эса ундан техникада ва соғлиқни сақлаш соҳаларида фойдаланиш имконини берди. Мухтасар айтганда физиканинг инсон ҳаётидаги ўрни ниҳоятда беқиёс.
Сўнгги йилларда таълим сифатига тобора эътибор ошиб бормоқда. Таълим сифатининг ошиши бир томондан ўқитувчига боғлиқ бўлса, иккинчи томондан ўқувчиларга ҳам боғлиқ. Физикада таълим сифатини яхшилашда лаборатория машғулотларига кўп эътибор қаратиш керак. Узоқ йиллар давомида фан фақат назариядан иборат бўлиб қолди. Бу эса физикани ўта мураккаб фанлар қаторида баҳоланишига сабаб бўлди. Аммо олинган назарий билим лаборатория машғулотида синаб кўрилса, ҳам эслаб қолиш даражаси ошади, ҳам ўқувчиларда қизиқиш ортади. Бугунги кунда республикадаги барча мактабларнинг лаборатория жиҳозлари билан қамраб олиниш даражаси бир хил эмас. Бу борада виртуал лабораториялар ўтказиш имконини берадиган дастурлар ишлаб чиқилмоқда. Шундай дастурлардан фойдаланиш қамровини кенгайтириш керак. Ана шундагина физика фақат қоғозда қолиб кетадиган мураккаб назария ва қоидалардан иборат бўлиб қолмайди.
Бугунги шиддат билан ўзгариб бораётган замонда физика фанига талаб кун сайин ошиб борса, ошадики, асло камаймайди. Чунки, мамлакат тараққиёти учун муҳим бўлагн тармоқлар табиий фанлар воситасида ривожланади.
Ирода БЕКМУРОДОВА,
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати ходими.
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати ходими.