-Илм-фан соҳасига кириб келишингизга асосий сабаб нима бўлган?
-Илм-фан соҳасини ҳаётимда учратган яхши одамларнинг ўгитлари сабаб бўлган деб ўйлайман. Болалигимда бобом ва онам билан яшаганман. Уларнинг тарбияси ва илмга бўлган муносабати кейинчалик илм-фанга бўлган қизиқишимни орттирган. Шу билан бирга ўз олдимга илм соҳасида муваффақиятга эришишни мақсад қилганман. Бу йўлда эришган натижаларимда эса илмий раҳбарим психология фанлари доктори, профессор Феруза Акрамованинг ҳиссаси катта. Баъзан бу йўлда қийинчиликларга дуч келганимда илм билан шуғулланиш, олим бўлишнинг машаққатини шундай тушунтирар эдики, мен бундан куч олиб астойдил ҳаракат қилишда давом этардим.
Ҳар бир инсонни илм соҳасида эришган ютуқлари уни қўллаб-қувватловчи оиласига атрофидаги инсонларнинг муносабатига боғлиқ. Бу жиҳатдан ҳам бахтли аёлман. Ёнимда ҳамиша мени тушунадиган, қўллаб-қувватлайдиган инсонлар бор.
Яқинда “Муаммоли оилаларнинг гендер муносабатларида психологик деспотизм профилактикаси” мавзусида PhD диссертациясини ҳимоя қилдим. Илмий ишим бўйича изланишлар олиб бориш давомида кўплаб оилаларни кузатдим. Кузатишлар натижасида шунга амин бўлдимки, зўравонлик ва деспотизмга дуч келган аёлларда ўзига ишонч сусаяди. Бундай ҳолатда уларда ўз хулқини ўзи яхшилаш мотивларини шакллантириш орқали маънавий соғломлаштириш жараёнини ташкил этиш керак бўлади.
Зўравонликка дуч келганлар аёлларда келажакка ишонч даражасини кучайтириш, ижтимоий фойдали меҳнатга, жамоат ишларига жалб қилиш, ўз хулқ-атворини ўзи баҳолашга ўргатиш муҳимдир. Бунда психологларнинг асосий вазифаси бундай инсонларнинг ички руҳий ҳолатини: мақсади, ҳаётга муносабати, ўз-ўзига ишончи, иродавий-ҳиссий ўзини бошқаришини таҳлил қилиб, шуларга мос равишда маслаҳатлар беришдир.
-Нега айнан психология соҳасини танлагансиз?
- Мактабда ўқиб юрган даврларимда кимё фанини яхши кўрардим. Шу соҳа бўйича ўқишга кирмоқчи бўлганимни эшитган синф раҳбаримиз, “Сендан яхши психолог чиқади” дегандилар. Нимагадир шу гап қулоғимдан кетмай қолган. Олий таълимга ҳужжат топширишда устозимнинг айтганини қилиб шу йўналишга ўқишга топширдим.
Ўшанда устозим келажакни кўролгани ва нималарга қодир эканлигимни англаганига ҳали-ҳануз тан бераман. Устоз ва ота-оналар фарзандларини тўғри йўналтирса ҳар бир инсон ҳаётда ўз ўрнини топиши осонроқ бўлади ҳамда муваффақиятларга эришади.
-Ҳам илмга, ҳам ҳаётдаги аёллик вазифалари: уй, оила, фарзанд тарбиясига бирдай улгуришга кучни қаердан олиш мумкин, бу борада ёш тадқиқотчиларга қандай тавсиялар бера оласиз?
- Тўғри, ҳам илм, ҳам оилани бирдек олиб бориш бирмунча масъулиятни талаб қилади. Лекин аёл ўзи хоҳласа иккаласини хам бирдек моҳирона ташкил қилиши мумкин. Ҳар бир аёл бу иккисини ҳам эплашга ҳаракат қилиши керак. Бу борада унга куч берадиган биринчи омил бу унинг оиласидир. Қийинчиликлардан нолимасдан, ҳар бир машаққат бахтнинг калити эканини ҳис қилган ҳолда яшашда давом этиш лозим.
Ҳаётда аёлнинг “иккала қўли” доим ҳаракатда бўлиши керак, деб ўйлайман. Бажараётган фаолиятларимиз ичида фарзанд тарбияси энг аҳамиятлиси ҳисобланади. Болалар асосан онадан ўрнак олади. Шунинг учун фарзанд олдида она ҳар томонлама мукаммал бўлишга ҳаракат қилиши керак. Ўзи фаол бўлмасдан улардан фаолликни талаб қилиш фойда бермайди. Ёш тадқиқотчиларга маслаҳатим оила, фарзанд тарбияси ва илмни бирдек эътибор ва меҳр билан олиб бориш зарур. Агар мана шулардан биттаси эътиборсиз қолса, ўз-ўзидан иккинчиси ҳам зарар кўради. Кўпчилик “Ҳаётда ҳаммаси бирдек яхши бўлмайди” деб ўйлайди. Аммо ниятимиз амалларимиз яхши бўлса, эришаётганларимиз ҳам аъло даражада бўлади.
-Аёл ҳаётида оила ва касбнинг ўрни... Кўпчилик аёллар учун бу борада ҳамиша биттасини танлаш шарти қўйилади. Бу бўйича фикрларингиз қандай?
-Аёл ҳаётида оила ҳамма нарсадан аҳамиятли бўлганидек касбнинг ҳам ўрни бор. Чунки аёл бирор бир касбни эгалламаган бўлса, ўзининг мустақил фикри бўлмаса, фарзандига тўғри йўлни қандай кўрсатади?! Аёл ҳаётида мазмун бўлиши учун ҳам бирор касбни эгаллаган бўлиши керак. Аммо айтганингиздай баъзан аёлдан иккаласидан бирини танлаш талаб қилинади. Бу ўша аёлнинг атрофидаги инсонлар ва муҳитга боғлиқ. Кўп ҳолларда аёлга ё оилани ё ишни танла, дейишса кўпчилик аёллар оилани танлайди. Ақлли аёл бундай вазиятда донолик билан йўл тутиб, муайян касб эгаси бўлиш оила учун маънавий фойда келтиришини амалий исботлаб бериши керак. Шундагина атрофдагилар унга ишонч билдиради.
-Cиз учун аёл кишига ҳаётда ўз ўрнини топа олиши учун керак бўлган учта асосий омил?
-Аёл киши ҳаётда ўз ўрнини топиши бу унинг билимли ва бахтли аёл эканлигидан далолат беради. Аёл кишида ҳаётда ўз ўрнини топиши учун, энг аввало, билим, ўзига ишонч ва ҳар бир хатодан тўғри хулоса чиқара олиш керак.
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати ходими
Ирода Бекмуродова суҳбатлашди
Ахборот хизмати ходими
Ирода Бекмуродова суҳбатлашди