Табиат тилсиз эмас...

Табиат тилсиз эмас...
Унинг нолаларини, ҳайқириқларини, илтижоларини фақат инсоният эшитмайди, ҳис этмайди...

Табиат тилсиз эмас...

-Инсоният ҳаёти табиат, ҳайвонот олами билан бевосита боғлиқдир. Биз туғилганимиздан бошлаб умримизнинг охиригача табиат билан алоқада бўламиз-, дейди Самарқанд давлат университети зоология кафедраси доценти Фазлиддин Ҳалимов. -Табиатимизнинг барқарорлигини кўп жиҳатдан ҳайвонот оламининг хилма-хиллиги белгилайди. Ундаги ноёб, камайиб бораётган ҳайвон турларини муҳофаза қилишга оид билимлар энг аввало, зоология фани орқали ўзлаштирилади.


Уй ҳайвонлари ҳақидаги маълумотларни ҳам болалар ушбу фан орқали ўзлаштиради. Қолаверса, бизнинг озуқа рационимизнинг асосий қисми ҳайвонлар маҳсулотига тўғри келади. Ҳайвонларнинг инсон ҳаётидаги ўрни беқиёс.


Инсониятни озиқ-овқат, кийим-кечак билан таминлаш, қишлоқ хўжалиги экинларидан юқори ҳосил олиш бевосита ҳайвонот дунёси билан боғлиқ.


Ҳайвонлар инсон ҳаёти ва фаолиятида катта аҳамиятига эга. Масалан ўтхўр ҳайвонлар ўсимликлар ва уларнинг қолдиқларини майдалаб, чиришини тезлаштиради. Улар туфайли ўсимликлар учун зарур бўлган минерал моддалар тўпланади, тупроқ унумдорлиги ошади.
Айрим тур ҳайвонлар ер юзининг ва сув ҳавзаларининг ифлосланишидан сақлашга катта ҳисса қўшади...


Ҳайвонлар орасида айрим турлари ҳам борки, улар инсон организмига у ёки бу даражада зарарли таъсир кўрсатиши мумкин.

Паразитлар болаларда ва катталарда касалликлар келтириб чиқаради. Улар кўплаб содда ҳайвонлар: паразит амёбалар, безгак паразити, трипоносома ва лейшманиялар, паразит чувалчанглар (гижжалар), битлар ва бургалар, қон сўрувчи чивинлар ва каналар...


Кўплаб заҳарли ҳайвонлар: чаёнлар, ўргимчаксимонлар, илонлар ва бошқалар ҳам инсон ҳаётига хавф солади. Унутмаслик керакки, бундай касалликлардан ва заҳарли ҳайвонлардан сақланиш йўлларини болаларга, албатта, зоология фани ўргатади.

Одамзот табиатнинг бир қисми ҳисобланар экан, доимий равишда у билан алоқада яшайди. Шундай экан, табиатни ўрганадиган ҳар бир фан инсон учун фойдадан ҳоли бўлмайди. Ушбу фикрлар зоология фанининг мактабларда ўқитилиши ҳаётий зарурият эканлигидан далолат беради.
Мактаблар учун чиқариладиган дарсликларни ҳамиша таҳлил қилиб бораман. Умумтаълим мактабларининг 7-синфларига мўлжалланган биология (зоология) дарслиги бугунги талабларга мос равишда ишлаб чиқилган. Аммо, замонавий билимларнинг тўлиқ ёритилиши бўйича баъзи камчиликлари бор. Айтиш жоизки, кейинги йилларда, умумтаълим мактабларида биология фанларини (ботаника, зоология, одам ва унинг саломатлиги) бирлаштириш ва қисқартириш таклифлари бўлаяпти. Бундай асоссиз, ноилмий фикрларга умуман қаршиман.


Биз ҳар йили мактаб ўқитувчиларига зоология фанини ўқитишда қўлланилаётган замонавий услублар асосида дарс ўтамиз. Умумтаълим мактабларида зоология дарсларини ўқитишда амалий машғулотларга, ҳайвонларни бевосита кузатиш ва тажрибалар ўтказиш масалаларига кўпроқ эътибор бериш зарур. Бу борада дала кузатув дарслари, шунингдек, зоология музейларига экскурсиялар ташкил қилиш муҳим ўрин тутади.

Бугунги кунда Самарқанд давлат университети зоология кафедраси қошида Марказий Осиёда ягона бўлган Зоология музейи фаолият кўрсатади. Ушбу музейда 5000 дан зиёд турли хилдаги ноёб экспонатлар, 3000 дан зиёд қуш тулумлари сақланади. Кафедрамизда 10000 тур ҳашаротларни ўз ичига олган, 100000 дона экспонатдан иборат бўлган энтомологик коллекция мавжуд.


Баъзан ижтимоий тармоқларда болаларни ҳайвонларга озор бераётганини кўраман. Миямга бир фикр чақмоқдай урилади. Ҳайвонга раҳм қилмаган бола, эртага инсонларга ҳам озор беради. Инсонларга ҳам раҳм қилмайди. Мана ёвузлик қаердан бошланмоқда.

Энг аввало, оилада фарзандларимизга ҳайвонларга шафқатли бўлишни ўргатишимиз керак. Қаҳратон қишда, жазирама иссиқда ҳайвонларга озиқ-овқат маҳсулотлари қолдиқларини, сув тақчил жойларда сув бериш кўникмаларини шакллантиришимиз керак.

Табиат тилсиз эмас. Унинг нолаларини, ҳайқириқларини фақат инсоният эшитмайди. Инсоният ҳис этмайди...

Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати ходими
Ирода БЕКМУРОДОВА тайёрлади.
Шавкат АКРАМОВ олган суратлар

Ўхшаш янгиликлар

Янгиликка фикр ёзиш чоп этилган кундан 30 кун ичида мумкин.

Сўнгги янгиликлар

Shimoliy poytaxt Oʻzbekistonlik sayyohlarni tashrif buyurishga taklif qiladi

Sankt-Peterburg dunyodagi eng goʻzal shaharlardan biri boʻlib, u oʻz mehmonlariga qiziqarli vaqt oʻtkazish uchun koʻplab variantlarni...
12-11-2024, 15:42

Дональд Трамп муҳожирларни депортация қилиш қарорига изоҳ берди

АҚШда президентлик сайловларида ғалаба қозонган Дональд Трамп сайловолди кампаниясидаги оммавий депортация ҳақидаги ваъдасини бажаришдан...
12-11-2024, 15:30

Trillion qulaylik imkoniyatlari: har bir foydalanuvchi uchun METTA stullari

Qiziqarli fakt: METTA innovative ergonomics kompaniyasi har bir inson uchun Yer yuzida boshqа о’rindiqlardan farq qiluvchi o‘zigа xоs...
12-11-2024, 15:05

Ўзбошимчалик билан эгалланган ер ва ундаги кўчмас мулкка мулк ҳуқуқини эътироф этиш ҳақидаги Қонун кучга кирди

Кеча, 8 ноябрь кунидан ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер ва ундаги кўчмас мулкка мулк ҳуқуқини эътироф этишга оид Қонун кучга кирди....
8-11-2024, 22:46

Айрим тадбиркорларга тўланган солиғининг бир қисми қайтариб берилади

Ҳукумат Қарори билан тасдиқланган Низомга кўра, 2024-йил 1-октябрдан бошлаб туроператорлик ва меҳмонхона хизматларини кўрсатувчи...
8-11-2024, 22:44
Ўзбекистон янгиликлари » Жамият » Табиат тилсиз эмас...